Ўзбекистон | 21:09 / 05.08.2020
10782
8 дақиқада ўқилади

Карантин даврида меҳмонхоналар қай тартибда ишлаяпти? — соҳа мутахассиси билан суҳбат

Пандемиядан энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири – туризм. Кўплаб меҳмонхоналар коронавирус сабабли ёпилди, соҳа инқироз даврини бошдан кечирмоқда.

Дилшод Одилов

Бугун шу тизимга оид янгиликлар ҳақида меҳмонхона бизнесига ихтисослашган «Hotel Pro» компанияси асосчиси, 35дан ортиқ меҳмонхоналар лойиҳаси муаллифи, 16та меҳмонхонанинг ишга туширилиш жараёнини ташкиллаштирган соҳа эксперти Дилшод Одилов билан суҳбатлашдик.

– Дилшодбек, март ойида Kun.uz сайтида сиз ва ҳамкасбларингиз билан уюштирилган суҳбатда пандемия туфайли меҳмонхона бизнеси қисқа муддатда инқироз ҳолатига келиб қолганини айтгандинглар. Айни пайтда вазият қанақа, қандай имтиёзлар берилди?

– Ҳақиқатан ҳам ўша суҳбатда меҳмонхона бизнеси пандемия туфайли инқироз ёқасига келиб қолгани ва давлат бу ҳолатда ёрдам бермаса, вазият ёмон бўлиши мумкинлигини айтган эдик. Интервьюдан кўп ўтмай «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони эълон қилинди. Фармонга асосан, жойлаштирув воситалари ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан озод қилинди. Aввал 12 фоиз бўлган ижтимоий солиқ камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорда тўланадиган бўлди.

Май ойига келиб, босқичма-босқич меҳмонхоналарнинг ишлаш шартлари шакллантирилиб, ишлашга рухсат этила бошлади. Меҳмонхоналар иш фаолиятларини давом эттириш учун асосий талаблар санитария ва гигиена қоидалари билан тўлдирилди.

30 май куни эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора тадбирлар тўғрисида»ги фармони туризм ва меҳмонхона бизнесига катта ёрдам бўлди дейиш мумкин. Бу фармон бўйича, «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда ички туризмга рухсат берилди, чет элдан чартер рейслар билан олиб келинадиган фуқароларни меҳмонхоналарга жойлаштиришга замин яратилди.

– Меҳмонхоналардан бизнеснинг бошқа йўналишларида фойдаланиш тенденцияси борми? Масалан, офислар шаклида ёки узоқ муддатли турар-жой сифатида ижарага бериш каби...

– Ҳозирги кунда аксарият меҳмонхоналар фаолият кўрсатмаяпти. Лекин ер солиғи, мулк солиғидан озод бўлгани сабабли ҳамда ишчиларига меҳнат таътили берилгани туфайли бу меҳмонхоналарда зарарлар минималлаштирилган. Баъзи меҳмонхоналар эса чет элдан келаётган, карантинга олинаётганлар билан ишламоқда.

Офис ёки бошқа мақсадларда фойдаланилаётган меҳмонхоналарни эшитмадик. Офис сифатида ишлатишга талаб ҳам йўқ, чунки кўп ташкилотлар карантин даврида ё фаолиятини вақтинча тўхтатган, иш ҳажмини камайтирган ёки онлайн ишлаш тизимига ўтган. Кўпчилик 1-2 ойда вазият яхши томонга ўзгариб қолишидан умид қилган ҳолда меҳмонхоналарни бошқа мақсадда ишлатмай турибди.

– Карантинга олинганларнинг маълум қисмлари меҳмонхоналарга жойлаштирилмоқда. Бу амалиёт соҳага қай даражада моддий ёрдам берди?

– Чет элдан қайтиб келаётган ватандошларимизга карантин зонасида эмас, меҳмонхонларда яшаш таклифи берила бошлангандан кейин меҳмонхона бизнеси яна бироз жонланди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари меҳмонхоналарга бирма-бир қўнғироқ қилиб чиқиб, карантин даврида меҳмон қабул қилишга рози бўлган меҳмонхоналар рўйхатини шакллантирди. Aввалига бу маълумот excel форматда ОАВда эълон қилиниб турилди, аммо бу файлдан меҳмонхоналар ҳақида тушунча олиш, расмларини кўриб кейин меҳмонхона танлаш имконияти йўқ эди.

Кейинчалик менда бу меҳмонхоналар ҳақидаги маълумотлар доимий равишда янгиланиб, тўлдирилиб туриладиган бир сайтда кўрсатиш, матбуотга ҳар доим файлни эълон қилиб бориш ўрнига бир марта шу сайтни эълон қилиб, доимий равишда сайтдаги маълумотни актуал ҳолатда тутиб туриш фикри туғилди.

Бу таклиф билан Туризмни сертификатлаш давлат маркази раҳбари Нуриддин Исломовга мурожаат қилиб, меҳмонхоналар ҳақидаги маълумотни йиғиб беришни илтимос қилдим. Нуриддин Исломов таклифимни қабул қилиб, қисқа фурсатда меҳмонхоналарнинг шароитлари ҳақидаги маълумотларни расмлари билан йиғиб берди.

«Hotel Pro» компанияси ходимлари эса маълумотларни сайтга жойлади. Шу тариқа www.bookhotel.uz сайти ташкил топди. Бугунги кунда карантин даврида меҳмон қабул қилиши мумкин бўлган меҳмонхоналар ўзлари ҳақидаги маълумотни бизга юбориш орқали сайтга жойламоқда ва меҳмонхона қидирган ҳамюртларимиз ҳам ўз навбатида қийналмасдан ўзига керакли меҳмонхонани шу сайтдан топмоқда. Сайтда меҳмонхоналар арзон, ўрта ва қимматроқ нархлар кесимида ажратилган.

Нархлар бир киши учун уч маҳал овқати билан 250 000 сўмдан бошланади. Карантин даврида кўпинча меҳмонлар гуруҳ шаклида келиб, бутун меҳмонхонани тўлдириб тургани учун, нархлар арзонроқ бўлса ҳам, иш ҳажми кўплиги эвазига меҳмонхоналар харажатларидан орттириб, бироз фойда ҳам кўрмоқда.

– Карантинга олинган фуқароларни меҳмонхоналар қандай шароитда ва шартлар билан қабул қилади?

– Карантин учун меҳмон қабул қиладиган меҳмонхоналар санитария қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, Миллий гвардия ва СЭС ходимларини жалб қилган ҳолда ишлашмоқда. Меҳмонлар 10 кун муддатга меҳмонхонага жойланадиган бўлса, шу 10 кун муддатга Миллий гвардия, СЭС ва тиббиёт ходимлари билан шартнома қилиняпти.

Ундан ташқари, меҳмонхонанинг барча ходимлари ҳам карантинга олинган ватандошларимиз билан бир қаторда меҳмонхонадан чиқарилмаган ҳолда, карантин муддатини тўлиқ меҳмонхонада ўтказмоқдалар. Меҳмонхонага олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам меҳмонхона кириш қисмида қолдирилади, ичкаридан ходимлар чиқиб, олиб кириб кетишади.

– Фараз қилайлик, пандемия бугун бутунлай тугади. Соҳа олдинги кўрсаткичларга қайтиши учун тахминан қанча вақт керак бўлади?

– Туризм – тикланиши учун узоқ вақт талаб этиладиган соҳа. Aвваламбор, бутун дунёда кўпчилик молиявий заҳирасини камайтириш ҳисобига яшаб турибди. Сайёҳ бўлиб, бир давлатга бориш учун албатта пул керак. Демак, туризм яна олдинги ҳолига қайтиши учун аввал бизнес тикланиб, инсонлар аввалги даромад даражасига қайтиб олиши керак. Бу эса камида бир неча ой талаб қилади.

Ундан ташқари, одамлар чет давлатга чиқишдан бироз чўчиб қолди. Бегона мамлакатда касал юқтириб олиб, ўша жойда даволанишда қолиб кетиш қўрқуви ҳам бор гап. Туризм ривожланиши тинчлик ва хотиржамлик шароитида амалга ошади. Ҳозир кўп давлатда тинчлик бўлгани билан, хотиржамлик йўқ. Энди бу ҳолатлар бироз унутилиб, вирусга вакцина топилсагина туристлар яна саёҳатга чиқа бошлайди.

Тахминимча, бугун пандемия тугаса ҳам, давлатимизга сайёҳлар 6-7 ойдан кейин келишни бошлайди.

– Пандемиядан олдин меҳмонхоналар қурилиши шиддат билан кетаётган эди, ўзингиз ҳам кўпчиликни соҳага жалб қилардингиз. Бугунги кунда ҳам шу соҳага қизиқиш билдираётганлар борми ва сиз уларга қандай тавсиялар берасиз?

– Пандемиядан аввал меҳмонхоналар қурилиши қандай шиддат билан кетган бўлса, ҳозир ҳам шундай давом этмоқда. Меҳмонхона қураётган тадбиркорлар бу йил кўплаб халқаро тадбирлар қолиб кетгани, бизнес кутиб тура олмаслиги ва келаси йилларда қолиб кетган тадбирлар ўша йилларнинг ўзига мўлжалланган тадбирлар билан параллел равишда ташкиллаштирилиши ҳисобига меҳмонлар аввалгидан ҳам кўпайиб кетиши эҳтимолини ўйлашмоқда.

Бизнинг компаниямиз пандемия даврида бешта турли инвесторлар билан янги меҳмонхоналар қурилишини лойиҳалаш бўйича шартномалар тузди. Ундан ташқари, 20дан ортиқ аввал шартнома қилган меҳмонхоналар қурилиши ишлари жадал давом этяпти.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид