Ўзбекистон | 22:28 / 05.08.2020
9102
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус билан касалланганларнинг 26 нафари ўта оғир аҳволда – Тошкент вилояти ССБ

Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасиниинг хабар беришича, вилоят ҳудудида коронавирусга чалинган 873 нафар бемор даволанмоқда, уларнинг 26 нафари ўта оғир, 35 нафари эса оғир аҳволда.

«Пандемия бошлангандан буён Тошкент вилоятида 3884 нафар шахснинг коронавирусга чалингани аниқланган. Шу пайтгача 2995 нафар шахс касалликдан соғайган. Айни пайтда 873 нафар бемор даволанмоқда. Ҳозиргача 16 нафар бемор касаллик асоратлари туфайли вафот этган.

4 август куни 125 та янги ҳолат аниқланган бўлиб, уларнинг барчаси аҳоли орасидан чиққан. Коронавирус инфекциясини юқтириб олганларнинг 26 нафари ўта оғир, 35 нафари оғир, 148 нафари қониқарли аҳволда. Аломатларсиз уй шароитида даволанаётганлар 664 нафарни, пневмония ҳолатидагилар 102 нафарни ташкил этади», дея вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Орзиқуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, коронавирусдан даволанаётганларнинг 664 нафари уй шароитида, 209 нафари эса стационар шароитда сақланмоқда. Жумладан, Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасида – 41, Олмалиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида – 65, Қибрай тумани марказий шифохонасида – 43, Бекобод тумани «Металлург» шифохонасида – 34, Қибрай туманидаги «HAYAT HOSPITAL» хусусий клиникасида – 4, «Назарбек» ихтисослашган марказида – 17, республика муассасаларида – 5) нафар Тошкент вилоятида доимий яшовчи беморлар даволанмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълумотига кўра COVID-19 билан касалланган ва гумон қилинган фуқароларни даволаш учун вилоятнинг тиббий муассасаларида 5317 та шифо-ўринлари мавжуд бўлиб, айни пайтда даволанаётган 873 та бемор тўлиқ жойлаштирилган тақдирда 15 фоиз жой банд бўлади. Касалланганларни даволаш учун қўшимча 660 та шифо-ўринларини тайёрлаш, кислород тарқатиш нуқталари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Шундан 340 та ўрин Янгийўл тумани юқумли касалликлар шифохонасида ва 320 та Чирчиқ шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид