Спорт | 11:03 / 09.08.2020
21535
15 дақиқада ўқилади

Месси «Барса»ни чорак финалга олиб чиқди. Навбатда «Бавария»

Каталонияликлар сардори ғалаба голини урди ва пенальти ишлади, кўк-анорранглилар «Наполи»ни мағлуб этди (3:1), жамоа чорак финалга чиқди ва 14 август куни «Бавария» билан тўқнашади.

Чемпионлар лигаси. 1/8 финал. Жавоб ўйини
Барселона — Наполи — 3:1 (3:1)
Голлар: Лангле, 10 (1:0). Месси, 23 (2:0). Суарес, 45+1 — пенальти (3:0). Инсинье, 45+5 — пенальти (3:1).
«Барселона»: тер Штеген, Семеду, Пике, Лангле, Жорди Альба, Сержи Роберто, Ракитич, де Йонг, Месси, Суарес (Фирпо, 90+2), Гризманн (Мончу, 84).
«Наполи» (Неаполь): Оспина, Ди Лоренцо, Манолас, Кулибали, Мариу Руй, Демме (Лоботка, 46), Зелиньски (Лосано, 70), Руис (Эльмас, 79), Кальехон (Политано, 70), Мертенс, Инсинье (Милик, 79).
Огоҳлантиришлар: Зелиньски, 60. Суарес, 90+2.
Ҳакам: Жунайт Чақир (Туркия).
8 август. Барселона. «Камп Ноу» стадиони.
Биринчи ўйин — 1:1.

Болалар боғчаси
«Барселона» ўз мухлисларига ОАВ орқали ўзи ҳақида янгидан янги хабарларни етказишдан тўхтамаяпти. Гоҳида мураббий алмашиши ҳақидаги можаролар, гоҳида Мессининг шартномаси ва унинг келажаги бўйича ноаниқликлар, гоҳида Жозеп Бартомеунинг навбатдаги хато қарорлари...

Шундай хабарлардан бири — яримҳимоячи Артур жамоага қайтишдан бош тортгани билан боғлиқ. Бразилиялик бу футболчи ўзини Пьяничга алмаштиришгани учун хафа бўлди ва мавсум якунидаги ўйинларда майдонга тушмасликка қарор қилди. Сўнгги лаҳзаларда у барибир Бразилиядан Барселонага учди, коронавирусга тест топширди ва «Камп Ноу»га йўл олди. Аммо уни стадионга киритишмади.

Бускетс ва Видаль дисквалификация қилинган. Дембеле ва Умтити жароҳатда. Кике Сетьеннинг ихтиёрида жами 13 (!) футболчи қолганди. Бутун дунёга ўз академияси билан машҳур бўлган жамоада ЕЧЛ ўйинига тушишга тайёр бўлган атиги ўн уч футболчи... Шифокорлар сўнгги паллаларда Ланглега ўйнашга рухсат беришди. Бундай вазиятда мураббий ҳали ёш бўлган Ансу Фати ва Пучга таяниши мумкин эди (у бу футболчиларни иккинчи бўлимда ўйнатишни режалаштирди, аммо бунга ҳожат қолмади), шунингдек, ҳали халқаро турнирларда бирор ўйин ўтказмаган академия футболчилари чақирилди. Ҳақиқий болалар боғчаси.

Меҳмонхонадаги изоляция
Женнаро Гаттузода жиддий муаммолар йўқ эди. Биргина Инсиньенинг майдонга тушиши сўроқ остида эди.

Неаполитанликлар соғлиқ ва эҳтиёткорлик чоралари ҳақида жиддий қайғуришди. Жамоа ўйиндан олдинги сўнгги машғулотни ҳам жума куни Италияда ўтказди ва шундан сўнг чартер рейс орқали Барселонага учди. «Наполи» меҳмонхонага қамалиб олди, жамоа футболчилари шаҳар айланишга чиқишмади. Ўйинга бир ярим соат қолганида «Камп Ноу»га йўл олишди.

Месси учун матрас
COVID-19 мавзуси барчани эҳтиёт бўлишга мажбур қилмоқда. Mundo Deportivo нашри Месси махсус диванда - ноодатий матрасда ухлаётгани ҳақида ёзиб чиқди. Унда наноқисмлар бўлиб, улар тўрт соат давомида вирусларни йўқ қилади. Айтишларича, бу коронавирусдан 99,84 фоизга ҳимоялайди. Айрим моделлар ҳам уйқуни яхшилаш учун шундай ётоқлардан фойдаланишади.

Месси ўзи ва оила аъзолари учун Испания компанияларидан бири ишлаб чиқарган шундай матрасларни сотиб олган.

Сотувлар
Кўк-анорранглилар жамоасининг ушбу ўйинга тайёргарлик кўриши жамоадаги улкан ўзгаришлар ҳақидаги доимий музокаралар фонида кечди. «Бозор очиқ» — Барселонадаги Sport нашри шундай муқова билан чиқди, биринчи саҳифада айрим суратлар ўрин олганди:

— трансфери ҳал бўлган Пьянич (у яқин кунларда жамоага қўшилади), Тринкау, Педри ва Матеус;
— ёзги трансферлардаги асосий нишонлар сифатида қаралаётган Лаутаро Мартинес ва Эрик Гарсия;
— сотувга қўйилган ёки аллақачон сотилган Артур, Коутинью, Тодибо, Брэйтуэйт, Рафинья, Хуниор Фирпо, Ракитич ва Умтити кабилар.

«Барса» таркибни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда, «Барса»га трансферлар учун пул керак, «Барса» бу пулларни фақат ўз футболчиларини сотиш эвазига топиши мумкин. Бунинг имкони бўладими? Ҳозирча бу футболчиларга талаб юқори эмас.

Майдондаги жойлашув
Испаниядаги ўйинга бироз вақт қолганида Сетьен ўйинни 3-5-2 схемасида бошлашни режалаштираётгани ҳақида гаплар тарқалганди, аммо у тезда бу ғоядан воз кечди ва 4-3-1-2 схемасини танлади, унга кўра олдинда Месси, Суарес ва Гризманн ҳаракатланади, уларни орқароқдан де Йонг, Ракитич ва Сержи Роберто қўллаб-қувватлайди. Жамоа бу схемада кўп марта муваффақиятли ўйнаган. Барчаси кутилганидек бўлди.

Сариқ карточкалар
Ҳал қилувчи ўйин олдидан икки жамоада ҳам бир неча етакчи футболчилар иккинчи сариқ карточкадан сақланишга мажбур ҳолатга келганди. «Барса»да Семеду, Гризманн ва... Мессида чорак финалдан дисквалификация бўлиш хавфи бор эди. «Наполи»да — Кулибали, Льоренте ва Мариу Руи.

Каталонияликлар дисквалификациядан қочишга муваффақ бўлишди - Жунайт Чақирга «ортиқча» сариқ карточка кўрсатишга сабаб қолдиришмади. «Барса» футболчиларининг «сариқлари» куйиб кетди, улар энди «Бавария»га қарши ўйинни «тоза» ҳолда бошлашади.

Лангленинг биринчи голи
Энди «Камп Ноу»даги ўйин ҳақида. Оқлар ўйиннни зарбалар билан бошлашди ва хавфли ҳужумлар уюштиришди. «Наполи» илк дақиқаларданёқ ҳисобни очиб, ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди. Самеду ва Пике орқали рикошетлар сериясидан кейин тўп дарвозага яқин турган Мертенсга келиб тушди, аммо у тўпни дарвоза тўрига жойлай олмади. Тўп устунга тегиб майдондан чиқиб кетди.

Меҳмонлар фаол, кескин ва қизиқарли ўйнашди, тўпга эгалик қилишди, ҳужумлар қилишди. Лекин голни «Барса» урди. Жорди Альба қарши ҳужум уюштирди, Суарес тўпни Мессига ўтказиб юборди, аргентиналикнинг зарбасидан кейин бурчак тўпи белгиланди. Тўп бурчакдан оддийгина қилиб юқорилатиб узатилди — Лангле деярли юқори сакрамасдан бош билан Оспинанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди. Бу вазиятда у рақиб ҳимоячисини бироз туртиб юборган бўлсада, ҳакам бунга ортиқча эътибор қаратмади. 

Бу ушбу ҳимоячининг кўк-анорранглилар сафида Чемпионлар лигаси ўйинида урган илк голи бўлди. У аввал ҳам турнирда гол урган, «Севилья» сафида «Спартак» дарвозасини ишғол этганди.

Месси

Шундан сўнг аргентиналик футбол даҳоси катта саҳнага чиқди. Месси рақиб жарима майдонига шиддат билан ёриб кириб, йиқилиб, ўрнидан туриб, тўпни йўқотмаган ҳолда олға интилди ва яна бир марта йиқилиш олдидан чап оёғида берган зарбаси билан тўпни ҳимоячилар орасидан дарвозанинг олис бурчагига йўналтирди. «Камп Ноу»даги ЕЧЛ доирасидаги 68 ўйинда урилган 67 гол. Аввалги 66 голини урган ўйинларда у ва жамоа фақат икки марта ютқазган, шанба кунги ўйинда ҳам рақибга очко берилмади.

«Наполи» — Лионель ЕЧЛ ўйинларида дарвозасини ишғол этган 35-жамоа бўлди. Криштиану Роналдунинг рўйхатида бундай жамоалар сони иккитага камроқ.

Ўйин давомида бу буюк футболчи дубль ҳам қайд этди. Аммо де Йонгнинг заргарона узатмасидан кейин Месси тўпни ўзига бўйсундиришда қўлини ишлатгани маълум бўлди. Видеоарбитрлар Мете Калкаван ва Али Палабийик такрорий лавҳалардан кейин голни бекор қилишди ва ҳисоб ўзгармай қолди.

Аммо бўлим охирида у барибир бошқа йўл билан мақсадига эришди, Кулибали тўпни жарима майдонидан узоқлаштирмоқчи бўлганида орқадан келиб тўпга оёқ қўйган Мессини кўрмай қолди ва унинг тўпиғига зарба берди. Жунайт Чақир буни кўрмаганди — видеоассистентлар ёрдамида пенальти белгиланди ва Суарес кучли зарбаси билан ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. Умумий ҳисоб 4:1 кўринишини олди. Бундай вазиятда меҳмонлар ўйинга қайтиши мумкин эдими?

Ҳа. Чунки Ракитич Кулибалининг хатосини такрорлади, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда у Мертенсга худди шу тарзда қўполлик қилди. Инсинье 11 метрлик нуқтадан аниқ зарба бериб, жамоасининг имкониятларини сақлаб қолди.

«Барса» истамади, «Наполи»нинг қўлидан келмади
Иккинчи бўлимда Сетьен футболчиларни алмаштиришга шошилмади, каталонияликлар куч сарфламаслик учун ҳужум қилишмади ва қисқа паслар билан позицион футбол намойиш этишди. Месси иккинчи бўлимдадеярли кўринмади, Суаресни эса фақат рақиблар билан тўқнашувлар вақтида катта планда кўрсатишди.

Ўйиннинг бу қисмида кўп ишни де Йонг ўз зиммасига олди, у ишонч билан тўпни жамоада сақлаб турди ва жамоа босимни деярли ҳис қилмади. Унинг классик даражадаги узатмалари майдонда ўйин жуда зерикарли бўлиб кетмаслигини ҳам таъминлади.

Ўйиннинг 81-дақиқасида Милик яна бир гол урганди. Аммо ҳакам ёрдамчиси Бахаттин Дуран у «ўйиндан ташқари» ҳолатда бўлганини қайд этди.

Кўк-анорранглилар ўйиннинг иккинчи қисмида прагматик ўйин билан ҳисобни ҳакам ҳуштаги чалинишига қадар сақлаб турди. Жамоа Турин ва Мадриднинг икки жамоасидан фарқли равишда ақллироқ ўйнади ва навбатдаги Чемпионлар лигаси кубоги учун йўлни давом эттирди. Ҳозирча Сетьен ва Ракитич билан.

Левандовски «Бавария»ни чорак финалга олиб чиқди

Фото Reuters

Польшалик ҳужумчининг икки голи ва икки голли узатмаси мюнхенликлар иккинчи марта «Челси»ни тор-мор этиши (4:1) ва чорак финалга чиқишини кафолатлади. Чорак финалдаги рақиб — «Барселона».

Чемпионлар лигаси. 1/8 финал. Жавоб ўйини
Бавария — Челси — 4:1 (2:1)
Голлар: Левандовски, 10 — пенальти (1:0). Перишич, 24 (2:0). Абраҳам, 44 (2:1). Толиссо, 76 (3:1). Левандовски, 83 (4:1).
«Бавария» (Мюнхен): Нойер, Боатенг (Зюле, 64), Алаба, Киммих (Одриосола, 71), Мюллер, Перишич (Коутинью, 64), Тиагу Алькантара (Толиссо, 70), Гнабри (Хави Мартинес, 81), Горецка, Дэйвис, Левандовски.
«Челси» (Лондон): Кабальеро, Зума, Кристенсен, Эмерсон, Жеймс, Баркли, Ковачич, Канте, Маунт, Абраҳам (Жиру, 81), Ҳадсон-Одои.
Огоҳлантиришлар: Кабальеро, 8. Эмерсон, 43.
Ҳакам: Хацеган (Румыния).
8 август. Мюнхен. «Алльянц Арена» стадиони.
Биринчи ўйин — 3:0.

Спорт нуқтайи назаридан бу ўйин нимчорак финалдаги барча қарама-қаршиликлар орасида энг зерикарли бўлиши керак эди, февралда «Стэмфорд Бриж»даги ўйиндаёқ немислар инглизларга ҳеч қандай имконият қолдиришмаганди. Асосий еврокубок тарихида ҳали бирор марта плей-оффнинг биринчи учрашувида ўз уйида уч ёки ундан ортиқ жавобсиз гол ўтказган жамоа кейинги босқичга ўта олмаган. Бундай мағлубиятларнинг жами сони 92та бўлган, шундай экан «Челси» жавоб ўйинида фақат ўзи учун ўйнаши мумкин эди, Фрэнк Лэмпард ёшларга тажриба тўплаш учун имконият беришга қарор қилди.

Ханс Флик олиб борган ишлар натижасида «Бавария» сўнгги йилларда ниҳоят кубок учун асосий даъвогарга айланди. Мюнхенликлар сўнгги расмий ўйинни 4 июль куни ўтказишганди, еврокубокларга қайтиш арафасидаги репетицияда «Марсель» спарринг вазифасини бажариб берганди (1:0). Германия чемпионлари бу ўйинни одатий йиғин ритмида ўтказган, танаффусда жамоанинг ярми алмаштирилганди, қолган футболчиларга ҳам иккинчи бўлимнинг дастлабки 15 дақиқасида дам берилди.

Ўша ўйинда эътиборга молик жиҳат оғир жароҳат туфайли бутун мавсумни ўтказиб юборган Зюле яна майдонга тушиши бўлганди. Агар «Челси» билан ўйинни охиригача етказа олмаган Боатенгнинг жароҳати жиддий бўлиб чиқса, Никлас кейинги ўйинда илк дақиқалардан майдонга тушишга тайёр бўлиши керак бўлади. Бошқа вариантлар йўқ, Павар ҳам олти ҳафтагача ўйиндан ташқарида қолган ва агар жамоаси финалгача етиб борса ҳам у ўйнай олмайди.

Умуман олганда, бир ойлик танаффус «Бавария» ўйинига салбий таъсир кўрсатмаган. «Марсель» билан ўйинда жамоа 19-дақиқадаёқ ҳисобни очганди. «Челси» 10-дақиқадаёқ ўйинни майдон марказидан қайтадан бошлашига тўғри келди. Бу аввалроқ ҳам содир бўлиши мумкин эди, аммо ВАР ўйинга аралашди. Такрордан кейин Ҳацеган «нуқта»ни кўрсатди ва офсайд ҳолати бекор қилинди. Левандовски билан бирга-бир вазиятда қўполлик ишлатган Кабальерога сариқ карточка кўрсатилди, польшалик футболчининг ўзи пенальтини аниқ амалга оширди.

У ўйиндаги якуний ҳисобни ҳам ўрнатди, бу гол билан у ўз фаолиятидаги фантастик рақамни қайд этмоқда - мавсумдаги 44 ўйинда 53 гол. Шундан 13 гол ЕЧЛ ўйинларига тўғри келмоқда, у бавариялик машҳур тўпурар — Герд Мюллернинг натижасини янгиламоқда, шунингдек Марио Гомеснинг рекордини такрорламоқда. Левандовскида мутлақ рекордчи бўлиш имконияти ҳам бор.

Роберт — жамоавий ўйинчи. У иккинчи гол урилган вазиятда барча ҳимоячиларни ўзи билан овора қилди ва Перишич қулай вазиятга чиқишини кутди. Янги мавсумда у Сане билан янада кўпроқ ишлар қилиши мумкин.

Ҳа, бу ўйинда Абраҳамга гол совға қилган Нойер хато қилди. Аммо бу хато назорат ўйини қаторидаги ўйинда, бутун диққат жалб этилмаган ўйинда рўй берди. Чорак финалда «Барселона»га қарши ўйинда жамоа бошқача тайёргарлик билан тушади. Эҳтимол бу финалдан олдинги финал бўлар, Лиссабонда «Бавария» ва «Барселона» чорак финалнинг энг кучли жуфтлиги эканига шубҳа йўқ.

«Челси» ҳозирча бу даражага чиқа олмади. Янги мавсумда Вернер, Зиёш каби ҳужумкор футболчилар қаторига янги марказий ҳимоячилар ҳам керак, Облак келса дарвоза чизиғи муаммоси ҳам ҳал қилинади. Ҳозирча лондонликлар бошқалар каби футбол титанларининг жангларига томошабин бўлади. Нойер терма жамоасидаги рақобатчиси тер Штегенга қарши, шанба оқшомида голлар ва паслар ёғдирган Левандовски Мессига қарши, Мюллер Суаресга қарши... Бу улкан қарама-қаршилик бўлади, ҳозирдан мухлислар ҳаяжонга туша бошлаган.

Маълумот учун, бу йил ЕЧЛ чорак финалдан жаҳон чемпионати тақвимида давом этади. Барча 8 жамоа бир шаҳарда - Лиссабонда йиғилади. Чорак финал ва ярим финал биттадан ўйиндан иборат. 

1/4 финал
12 август, чоршанба

«Аталанта» — «ПСЖ»
13 август, пайшанба
«Лейпциг» — «Атлетико»
14 август, жума
«Барселона» — «Бавария»
15 август, шанба
«Манчестер Сити» — «Лион»

Мавзуга оид