Ўзбекистон | 11:53 / 11.08.2020
18074
6 дақиқада ўқилади

«Мажбурий суғурта турлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Қонуннинг асосий мақсади мажбурий суғурта турлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, уларнинг умумий тамойилларини белгилашдан иборат.

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Мажбурий суғурта турлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонунда кўрсатилган шахсларга суғурта қилдирувчилар сифатида бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкини ёхуд ўзининг бошқа шахслар олдидаги фуқаролик жавобгарлигини ўз ҳисобидан суғурта қилиш мажбурияти қонун билан юкланиши мажбурий суғурта деб аталади.

Мажбурий суғуртада суғурта қилдирувчи суғурталовчи билан суғуртанинг ушбу турини тартибга соладиган қонун ҳужжатларида назарда тутилган шартларда шартнома тузиши шарт.

Фуқароларнинг ижтимоий манфаатларини ва давлатнинг манфаатларини таъминлаш мақсадида қонунда ҳаёт, соғлиқ ва мол-мулкнинг мажбурий давлат суғуртаси белгилаб қўйилиши мумкин.

Мажбурий давлат суғуртаси ана шу мақсадлар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Мажбурий давлат суғуртаси бевосита суғурта тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида суғурталовчилар томонидан амалга оширилади.

Суғурталанган шахснинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан ёки унинг бошқа шахслар олдидаги фуқаролик жавобгарлиги бўйича етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича мажбурияти юзага келиши билан боғлиқ бўлган мулкий манфаатлари мажбурий суғурта объектидир.

Ҳаёт ва соғликка зарар етказиш хавфининг мажбурий суғуртаси, мол-мулкка зарар етказиш хавфининг мажбурий суғуртаси ва фуқаролик жавобгарликни мажбурий суғуртаси мажбурий суғурта қилишнинг турлари ҳисобланади.

Қонунда мазкур мажбурий суғурта турлари бир бутун комплекс ёки алоҳида тур сифатида белгилаб берилиши мумкин.

Суғурта қилдирувчи бўлиш мажбурияти қонун билан унда кўрсатилган шахслар зиммасига юкланади.

Мажбурий суғуртанинг умумий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

умумийлик;

мажбурийлик;

жабрланувчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарар ўрни қопланишининг қонун билан кафолатланиши.

Суғурталовчи, cуғурта қилдирувчи, суғурталанган шахс, наф олувчи ва жабрланувчи мажбурий суғурта турларининг субъектларидир.

Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ва шартларда суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномалари тузиш;
  • суғурта ҳодисалари юз беришининг олдини олиш ва огоҳлантириш чора-тадбирларини қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ва шартларда молиялаштириш;
  • суғурта ҳодисаси рўй беришининг сабаблари ва ҳолатларини, шунингдек суғурта товони (суғурта пули) миқдорини белгилаш учун зарур бўлган тегишли ахборот ва ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан, судлар, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
  • суғурта товони (суғурта пули) тўлашни қонун ҳужжатларида ва (ёки) суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномасида белгиланган ҳолларда ҳамда тартибда рад этиш, суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш;
  • суғурта қилдирувчи томонидан тақдим этилган ахборотни текширишни, суғурта қилдирувчининг суғурта шартномаси талаблари ва шартларини бажариши устидан назоратни суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномасида назарда тутилган тартибда амалга ошириш.

Суғурталовчи:

  • суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши;
  • суғурта фаолиятини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг махфийлигини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ таъминлаши;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган ахборотни махсус ваколатли давлат органининг талабига биноан тақдим этиши;
  • суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда, қонун ҳужжатларида ёки суғурта (қайта суғурта қилиш) шартномасида назарда тутилган муддатларда барча зарур ҳисоб-китобларни амалга ошириши ва суғурта товони (суғурта пули) тўлаши;
  • номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ёки жойлашган ери ўзгарган тақдирда, бу ҳақдаги ахборотни суғурта қилдирувчиларга қонунда белгиланган тартибда етказиши;
  • суғурталовчининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Суғурта қилдирувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • мажбурий суғурта шартномасини тузиш учун суғурталовчини танлаш;
  • суғурталовчидан мажбурий суғурта шартномасининг шартларини тушунтириб беришни талаб қилиш;
  • суғурталовчининг суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;
  • мажбурий суғурта шартномаси муддатидан аввал тугатилганда, суғурта мукофотини мажбурий суғурта шартномаси шартларига мувофиқ олиш.

Суғурта қилдирувчи қуйидаги мажбуриятларга эга:

  • Қонунда кўрсатилган бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкини ёхуд ўзининг бошқа шахслар олдидаги фуқаролик жавобгарлигини ўз ҳисобидан қонунга мувофиқ суғурталаши;
  • мажбурий суғурта шартномаси бўйича ва қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурта мукофотини тўлаши;
  • суғурта шартномасига оид ҳолатлар тўғрисида суғурталовчига ёзма шаклда хабар бериши;
  • суғурта қилдирувчи қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Наф олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • суғурта товонини олиш ҳақидаги талаб билан суғурталовчига мурожаат этиш;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурталовчидан суғурта товонини олиш;
  • суғурталовчидан мажбурий суғурта қилиш шартномасининг шартлари тўғрисида бепул ахборот олиш;
  • агар наф олувчи ўзининг фойдасига тузилган шартнома бўйича суғурта товонига бўлган ҳуқуқдан фойдаланиш ниятида бўлса, айни шундай мажбурият наф олувчи зиммасида бўлади.

Мавзуга оид