Жаҳон | 10:29 / 12.08.2020
26605
2 дақиқада ўқилади

Трамп дунёдаги бош муаммони маълум қилди 

Айни вақтда дунёдаги энг муҳим муаммо Россия билан ядро қуроли бўйича шартнома тузиш ҳисобланади. Бундай фикрни АҚШ президенти Дональд Трамп айтиб ўтди.

Фото: Reuters

“Биз айни вақтда Россия билан ядро қуролланиши пактини тузиш устида иш олиб бормоқдамиз. Бу ҳозирги кунда дунёдаги энг катта муаммо ҳисобланади”, деб айтган Трамп Хью Хьюитт радиошоуси эфирида.

АҚШ президенти “Россия келишувга эришилишини жуда истаётгани” ва шу сабабли буни “пайсалга солмаслигини” айтган. 

2019 йил октябрида Трамп АҚШ, Россия ва Хитой муддати 2021 йил февралида тугайдиган Россия ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама ДСНВ (СНВ-3) шартномаси ўрнига ядро қуролини ишлаб чиқишни чекловчи уч томонлама янги шартномани тузиши кераклигини айтган. Пекин эса бу масала бўйича Москва ва Вашингтон билан музокараларда иштирок этмаслигини таъкидлаб келмоқда. 

Трамп интервью вақтида Россияга нисбатан аввалги президент Барак Обамадан кўра қатъийроқ позицияга эгалигини яна бир бор таъкидлаб ўтган.

“Мен НАТОни ўзини Россиядан ҳимоялаши учун 400 млрд доллар кўпроқ тўлашга мажбур қилдим. Обама эса ҳеч нарса олмаган, у фақатгина камайтирган [НАТО давлатларининг мудофаага харажатларини]”, деб таъкидлаб ўтган Трамп.  

Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича ДСНВ шартномаси Россия ва АҚШ томонидан 2010 йилда имзоланган. У янги шартнома билан алмаштирилмаса, 10 йил давомида, яъни 2021 йил 5 февралигача кучда қолади. Ҳужжат икки томоннинг розилиги билан яна кўпи билан 5 йилга, яъни 2026 йилгача узайтирилиши мумкин. Москва Вашингтонни шартномани узайтириш масаласини ҳал қилишни чўзмасликка чақирмоқда. 

Россия ва АҚШ 16-18 август кунлари Венада стратегик барқарорлик бўйича маслаҳатлашувларнинг янги раундини ўтказади. 

Мавзуга оид