Ўзбекистон | 19:03 / 13.08.2020
23464
6 дақиқада ўқилади

Кимё-биология таълимини ислоҳ қилишга оид президент қарори эълон қилинди

12 август куни «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.

Қарор билан кимё ва биология таълими ислоҳ этилиши белгиланган.

Ҳужжат асосида республиканинг ҳар бир ҳудудида кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади. Бунда Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати ушбу мактаблар мақомига мослаштирилади.

Шунингдек, туман (шаҳар)ларда кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150та мактаблар очилади.

Бу 164та мактабга ОТМларнинг 55та кафедраси бириктирилади. Уларни молиялаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган махсус жамғармалар ташкил этилади.

2020/21 ўқув йилида мактабларда табиий фанлар ўқув дастурларида амалий машғулотларнинг улушини кўпайтирилади.

Бир ой муддатда ихтисослаштирилган мактабларнинг кимё ва биология фанлари ўқитувчиларининг билими ва педагогик маҳоратини баҳолаш ва саралаб олинган номзодларнинг малакасини ошириш режаси тасдиқланади.

Бунда, ихтисослаштирилган мактабларга ва таянч ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинган кимё ва биология фанлари ўқитувчилари ҳамда раҳбар кадрлари (директор ва ихтисослашган фан бўйича директор ўринбосари)нинг базавий тариф ставкасига нисбатан амалда белгиланган устама ҳақи миқдори 1 январдан бошлаб 50 фоизгача оширилади.

Қарор билан, 2021 йил 1 февралга қадар Кимё ва биология фанларидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий этилади.

Миллий сертификатлаш тизими доирасида қуйидагилар белгиланмоқда:

  • кимё ёки биология фанларини билиш даражасини аниқлаш ва бу тўғрисида миллий малака сертификатларини (кейинги ўринларда – миллий сертификат) бериш белгиланган тартибда Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади;
  • кимё ёки биология фанларини билиш даражасини аниқлаш табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади;
  • имтиёз бериладиган даражадаги миллий сертификатга эга умумтаълим мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар мактаби ўқувчилари давлат олий таълим муассасасига ўқишга киришда кимё ёки биология фанидан тест синови топширишдан озод этилади ҳамда унга тегишлилигига кўра кимё ёки биология фани учун белгиланган максимал балл берилади.

ОЎМТВ ҳамда ХТВ шу йил 1 декабрга қадар кимё ва биология фанлари ўқитувчиларини тайёрлаш дастурларини хорижий университетлар тажрибаси асосида таҳлил қилиб, такомиллаштиради.

2021 йилдан бошлаб илғор хорижий тажриба асосида таълим муассасалари учун кимё ва биология фанларидан ўқув ва илмий адабиётларни яратиш бўйича миллий танлов ташкил этилади.

Миллий танлов натижаси бўйича ғолиб деб топилган муаллифлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 миллион сўмдан бир марталик мукофот пуллари билан тақдирланади.

2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ОТМ талабалари орасида кимё ва биология фанлари бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро фан олимпиадалари ўтказилади.

Халқаро олимпиадалар ғолибларини бир марталик мукофотлаш ҳамда тегишли мутахассисликлар бўйича ОТМлар магистратурасига давлат гранти асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиш тизими жорий этилади.

Шунингдек, ОТМларнинг кимё ва биология таълим йўналишлари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаси ғолиблари ҳамда кимё ва биология фанлари бўйича нуфузли халқаро олимпиадалар совриндорлари ҳам магистратурага тегишли мутахассисликлар бўйича ўқишга ажратилган квота доирасида давлат грантлари асосида имтиҳонсиз қабул қилинади.

2021/22 ўқув йилидан бошлаб, кимё ва биология йўналишларида кадрлар тайёрлаётган барча ОТМлар умумтаълим мактаблари битирувчи синфлари ўқувчилари ўртасида кўп босқичли (туман (шаҳар) – вилоят – олий таълим муассасаси) кимё ва биология фани бўйича ўзининг олимпиадасини ўтказиши ва 1-3 ўринларни эгаллаган ўқувчиларни ОТМ маблағлари ҳисобидан имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиши амалиёти йўлга қўйилади.

Кимё ва биология фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга бир маротаба ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида, кимё ва биология фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларга ўқув йили давомида ОТМларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида устама белгиланади.

ОТМларнинг кимё ва биология таълим йўналишлари бўйича имтиёзли дипломга эга битирувчилари мазкур ОТМларнинг магистратура мутахассислигига қўшимча имтиҳонларсиз тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

ОТМларнинг кимё ва биология мутахассислигини аъло баҳолар билан тамомлаган магистрлар таянч докторантурага ОТМлар кенгаши қарори асосида имтиҳонларсиз тўғридан тўғри квота доирасида қабул қилинади.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • ташкил этиладиган таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларга ОТМлар кафедралари, ИТМлар ва ишлаб чиқариш тармоқларини бириктириш рўйхати;
  • кимё ва биология йўналишларига тегишли мутахассисликлар бўйича ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган профессионал таълим муассасаларига ишлаб чиқариш тармоқларини бириктириш рўйхати;
  • ОТМлар кафедраларига Фанлар академияси ИТИлари ва ишлаб чиқариш тармоқларини бириктириш рўйхати;
  • 2020-2025 йилларда кимё ва биология йўналишида узлуксиз таълим сифатини ҳамда амалга оширилаётган илмий-тадқиқотлар ва инновация ишлари натижадорлигини ошириш бўйича мақсадли дастур;
  • кимё ва биология соҳасидаги илмий ташкилотларнинг тармоқ корхоналари билан ҳамкорлигини таъминлаш манзилли дастури;
  • кимё ва биология йўналишларидаги илмий ташкилотларнинг истиқболли илмий ишланмаларини тижоратлаштиришни ташкил этиш дастури.

Шунингдек, Таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларнинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича комиссия ташкил этилиб, унга Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев раҳбарлик қилиши белгиланди.

Мавзуга оид