Ўзбекистон | 09:01 / 13.08.2020
96173
9 дақиқада ўқилади

Мутахассис коронавирусдан 80 фоизга ҳимояланиш усулини ўргатди

Kun.uz пандемия даврида коронавирус касаллигининг келиб чиқиш сабаблари, ундан ҳимояланиш, инфекцияни даволаш борасида дунё тажрибасини ўрганиш мақсадида вирусолог олим, Калифорния университети тиббиёт факультети профессори, биология фанлари доктори Шароф Тугизов билан суҳбат уюштирди.

Бугун инсоният тилида энг кўп янграётган сўз – коронавирус. Суҳбатимизни мазкур касаллик моҳияти, қаердан келиб чиққани ва одамлар у ҳақида қандай тасаввурга эга бўлишлари зарурлиги масаласидан бошласак.

– Коронавируслар – вирусларнинг катта бир оиласи ҳисобланади. Улар ҳайвонларда ҳам, инсонларда ҳам мавжуд. Биз буни охирги 50-60 йилдан бери ўрганмоқдамиз. Биринчи марта коронавирус 1937 йилда товуқларни эмбрионида аниқланган. 60-йилларга келиб одамлар организмида пайдо бўлди. Вируснинг SARS’дан ташқари яна 4 тури бор. Инфекциялари енгил кечади. Фақат томоқ йўлларида учрайди, ўпкага тушмайди. Шунинг учун булар фан томонидан ҳам унча жиддий қабул қилинмаган эди. 2002 йилнинг мартига келиб, илк марта SARS-1 номли коронавирус аниқланди. Ўшанда катта муаммо пайдо бўлди. Бу вирус жуда тез тарқаладиган, ўлим кўрсаткичи 10 фоизни кўрсатди. Лекин у 2003 йил ёзга келиб йўқолди, яъни тарқалиши тўхтади. Ушбу вирус 24 ёки 25 мамлакатга тарқаганди.

2012 йилда MERS деган коронавирус чиқди. Бу ҳам тез тўхтаган эди. Аммо кейингиси хавфлироқ чиқди. Ўлимлар кўрсатгичи ҳам 34 фоизгача етди. Сўнгги коронавирус эса 2019 йили Хитойнинг Уҳан шаҳрида пайдо бўлган ва ҳозир ҳам бутун дунёни ларзага солаётган COVID-19'дир. Биз олимлар уни SARS-2 деб атаймиз. Бу вирус олдингиларига қараганда тезроқ тарқалади, лекин ўлим хавфи камроқ. Аммо демографик ва бошқа бир қатор омилларга кўра, ўлим фоизлари ҳам турлича.

Бу вируслар ҳужайраларни “ишғол” қилгачгина, инсонни енгади. Асосан оғиз ва бурун бўшлиғи, бронхларда, ўпка ҳужайраларида фаоллашади. Аниқланишича, бу вируснинг 80 фоизи кўршапалаклардан юққан. Илмий далилларга кўра, у 600-800 йилдан бери мавжуд. Коронавируснинг тарқалиш йўлига келсак, у дастлаб кўршапалаклардан ҳайвонларга ўтади. Кейин ҳайвонлардан одамларга ўтади. Битта ҳайвондан бошқасига ўтганда вирусни геномида жуда катта ўзгариш юз беради. Бунда бир ҳайвон вируси билан иккинчисиники аралашиб кетади. Худди шу вирус инсон организмига тушса, унда катта муаммо келтириб чиқаради. Сабаби инсон организмида бу вирусга нисбатан информация ва иммунитет йўқ. Шу сабаб катта пандемиялар келиб чиқди. 

Вируснинг бунчалик кенг тарқалишига яна қандай омилларни мисол келтириш мумкин?

– Хитой бошида бунга эътиборсиз бўлгани асосий муаммолардан биридир. Аввалги коронавирус ҳам шу давлатда чиққан эди. Хитойлик олимлар бу вирусни жудаям яхши биларди. Бизга маълум бўлишича, SARS-2 Хитойда ўтган йилнинг сентябрь-оетябрь ойларида чиққан. Декабрь-январь ойларида ўлган одамлар материаллари анализ қилинганида, вирус Калифорнияда тарқалгани аниқланди. Бу дегани Хитойда кузда пайдо бўлгани гумон қилинади.

Коронавирусларнинг энг хавфлилари SARS-1, MERS ва SARS-2’дир. Уларнинг аломатлари 2-3 кун сезилмайди. Унинг таъсир даражаси турлича бўлиб, бу аввало одамнинг иммунитетига боғлиқ. СОVID-19 ўпка, юрак, нерв, буйрак каби аъзоларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Баъзи ҳолларда тизимли касалликлар келтириб чиқаради. Кейин аҳвол оғирлашади, ҳатто вафот этиши мумкин. Агар организм ёш, бақувват, соғлом бўлса, бир ҳафтани ичида иммун тизими организмни ўз ҳолига келтиради. Антитаначалар (танадаги табиий ҳимоя) ишлаб чиқаради. 

Инсоннинг касаллик юққандан кейинги ҳолати бевосита вируснинг кўп ёки оз миқдорда юқишига чамбарчас боғлиқ. Агарда кўп миқдорда юқадиган бўлса, ўлим хавфи ортади. Шу туфайли одамлар билан оралиқ масофа бир метрдан узоқ бўлиши керак. Агар 1 метрдан узоқдаги кишидан вирус юқса, организм бардош бериши осонроқ, ундан яқинда юқса, вазият жиддийлашади. Демак, хулоса шуки, катта дозадаги вирус билан кичик дозадаги вирус ҳар хил касаллик чақиряпти. Бу албатта, организмга боғлиқ жараён. У иммун тизимини тўхтатиб қўяди, натижада организм ҳимоясиз қолиб кетади.

Калифорния университети тиббиёт факультети профессори, биология фанлари доктори Шароф Тугизов

Коронавирусни назорат қилиш мумкинми? Ундан ҳимояланиш чоралари ҳақида ҳам маълумот берсангиз

– Буни назорат қилиш қийин эмас. Вирусдан ҳимояланишнинг 3та энг муҳим усули бор: қўлни доимо совун билан ювиб юриш, ниқоб тақишимиз ва оралиқ масофани сақлашимиз керак (ўртача 2 метр). Бу ҳақида бир нечта илмий мақолалар ёзилди, фан буни исботлади. Биз мана шу нарсани қилсак, вирус дозасини ўзимиз назорат қилишимиз мумкин бўлади. Тиббий ниқобни бир кунда ўртача 4 марта алмаштириш керак. Уйда тикилган ниқобни ҳам тақиш мумкин. Аммо ҳар қандай ниқобни ҳар икки соатда алмаштириш зарур. Буларнинг бари оддий, лекин ниқоб тақилса, вирус 80 фоиз назорат қилинади. Ичкарига кирмайди. Қўл ювиб, ниқоб тақиб, масофа ушланса, вирус организмга жуда оз тушади, ҳатто хонанинг ичида ҳам. Касаллик юққан тақдирда ҳам вируснинг дозаси танага оз миқдорда киради. Буни нисбатан даволаш осон ва енгил кечади.

Бугунги кунда дори-дармон борасида олимлар қандай изланишлар олиб боришмоқда?

– Бу йўналишда қилинаётган энг муҳим ишлардан бири-антитаначалар ишлаб чиқариш бўйича илмий тадқиқот олиб бориляпти. Ҳозирда антитана ишлаб чиқилди. У вирусни рецепторга боғланишини 90-100 фоизга туширяпти. Уни дори сифатида ишлатиш мумкин. Бу ҳали одамларда синалмагани боис, йил охирига бориб, яхши натижалар бериши кутилмоқда. Умуман олганда, ҳозирда 4та дори устида иш олиб бориляпти. Улар орқали антитаналар ишлаб чиқиш, яллиғланишни тўхтатиш каби муҳим натижаларга эришиш арафасидамиз. Вирусга қарши “коктейл терапея”, яъни 3-4та дорилардан иборат комплекс кураш чораси қўлланиши мумкин. Шундай усул билан ОИТС тарқалиши анча пасайтирилганди.

Айтиб ўтишим керак, олдимизда вакцина ишлаб чиқиш вазифаси ҳам турибди. У вирусга нисбатан организмда иммун тизимини шакллантирувчи восита бўлади. Бу ҳақда 2та илмий мақола эълон қилинди. Улардан бирида вируснинг ўпкага таъсири ижобий ҳал этилаётгани айтилган. Бу жуда катта натижа. Аммо ўзингиз ўйлаб кўринг, 7 миллиарддан ортиқ одамга етадиган вакцина ишлаб чиқариш ҳам албатта кўп вақт талаб қилади. Бу жуда катта ва мураккаб иш. Тахминан 2 йил ичида вакцина муаммоси ҳамма учун ҳал бўлади, деган умиддамиз.

Ниқоб тақсангиз, масофа сақласангиз, кўзойнакда юрсангиз, қўлни совунлаб ювсангиз коронавирусдан 80 фоиз сақланасиз. Шуларни қилсак вакцинасиз ҳам ҳимояланишимиз мумкин. Иммунитет учун ниқоб жуда керак. Қолаверса, уларнинг тозалигига эътибор берайлик. Тез-тез алмаштириб тақайлик. Кореялик олимлар айрим одамларда вирус тарқатадиган катта потенция борлигини аниқлашди. Бундай одамлар дунё аҳолисининг 8-20 фоизни ташкил қилади. Баъзи одамларда касал тарқатадиган потенцияси жудаям кам бўлади. Айримлар бир вақтнинг ўзида 8 кишига тарқатиши мумкин. Қўл бериб кўришмаслик керак. Қучоқлашмаслик, ўпишмаслик керак. Балки, гапларим кулгили туюлар, лекин вазият шуни тақозо этмоқда. Агар шундай қилсак, дозани камайтиришга эришилади. Бунда иммун тизими фаоллашади, мослашувчанлик кўрсаткичи секин-аста оша бошлайди. Бу илмий исботланди. Ҳозир биз аниқ билмаймиз қанча одам коронавирус бўлганини. Симптомсиз касалланганлар қанча, буни албатта аниқ келтириб бўлмайди.

Карантин масаласига тўхталиб ўтсангиз. Вирусни жиловлаш учун карантиннинг ўрни қанчалик муҳим??

– Бу жуда зарур. Хитойни мисол қилайлик, у ерда ўта кучли карантин бўлди. Ҳатто идеал даражада. Кейин вирус тўхтади. Мана Европа қаттиқ карантин қила олмади. Вирус кенг тарқалиб кетди. Карантин дегани бу жуда қаттиқ чоралар кўришни тақозо қилади. Одамлар кечқурунлари ҳам кўчага чиқарилмайди. Ҳамма қатновлар тўхтатилади. Ҳозирги вазиятда эса бу иқтисодни касод қилиши мумкин. Шунинг учун касаллик кўтарилиб кетса, карантин қилиняпти. Тушса, бекор қилиняпти. Чунки шундай қилинмаса, тиббиёт ҳам инқирозга учрайди. Бугун вирус бутун дунёга тарқалиб кетди. Уни йўқотишнинг иложи йўқ. Ҳозирги стратегияда шу вирус тарқалиш даражасини паст ҳисобда ушлаб туриш зарур.  Ғалабанинг битта йўли айтилган тартибга риоя қилиш. Ҳозир бошқа йўл йўқ. Ниқоб, масофа сақлаш ва қўл ювиш шарт. Саросимага тушмаслик, қўрқмаслик зарур.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Мавзуга оид