Жамият | 08:51 / 16.08.2020
23070
11 дақиқада ўқилади

Сўз эркинлиги. Имкониятми ёки эҳтиёж?

Интернет яхшилик ёки ёмонлик эмас, бир воситадир. Худди пичоқ каби. Пичоқ билан одам ўлдириш мумкин, қовун кесиш ҳам мумкин. Агар пичоқ тақиқланса, одамни тош билан уриб ўлдиришади. Аммо қовунни ҳам тош билан уриб ёришади. Яъни, одам цивилизацияни тақиқлаган сари, ғорга қараб кириб бораверади.

Ҳақ олинур, берилмас. Сўз эркинлиги аслида, инсоннинг туғилишидан унга Худо томонидан берилган ҳуқуқ бўлса-да, унинг амал қилиниши учун инсоният йиллар давомида курашди, яъни бу ҳуқуқ ҳам қайсидир маънода цивилизациядир. Бир пайтлар Галилейни ер айланиши ҳақидаги фикридан воз кечишга мажбур қилишган, бир пайтлар инсон бир сўзи учун жазоланиши, ўлдирилиши мумкин эди. Бундай ҳолатлар томон қадам ташлаш, нафақат ўша матбуот, сўз эркинлигини, балки бутун ривожланишнинг ҳам оёғига болта уради.

Бу мавзулар ҳақида алоҳида тушунтириш даври аллақачон ўтган. Зеро, президент Шавкат Мирзиёев бошқарувга келган илк йиллариданоқ биринчи навбатда сўз ва матбуот эркинлиги, журналистика, блогерлик, жамоатчилик назорати ҳақида жуда кўп бора чиқиш қилди. Сўз эркинлигисиз бошқа соҳаларда ҳам ривожланиш бўлмаслиги уқтириб келинади.

Аммо бу чақириқларни эшитмасликка оладиган ёки тескари тушуниб, сайтлар ёки журналистларга душмандек қарайдиган, улар олиб чиқаётган мавзуларни салбий баҳолаб келаётганлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, бундай қарашларни биз, шунчаки, танқидчиларга қарши фикрий курашларда ёки баёнотларда, троллар фабрикасини ишга солишда эмас, техник аралашувларда ҳам кўряпмизки, бу вазият жиддий эканини кўрсатади.

Масалан, сўнгги кунларда Facebook ижтимоий тармоғи кўнгилдагидек ишламаяпти, бу ҳақида жуда кўп шикоятлар бор — жамиятдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари энг кўп кўтариладиган, жамоатчилик назорати энг фаол тарзда ўрнатилган ижтимоий тармоқнинг Ўзбекистонда яхши ишламаётганига ҳали ҳам аниқ изоҳ йўқ. Ёки яқинда Комил Алламжонов томонидан эътибор қаратилган мавзу — баъзи фаол блогерларнинг Telegram аккаунтларини бузишга уриниш ҳолатлари, бу ҳам алоҳида эътиборга арзийдиган таҳдидларнинг бир кўринишидир.

Бундан ташқари, эркин матбуот, танқидий чиқишларнинг айниқса, пандемия ёки Сардоба фожиаси даврида зарарли экани ҳақидаги қарашлар ҳам авж олиб, эркин блогерларни чеклашга уриниш ҳолатлари, матбуотчиларни гўёки уйдирмачи, ҳайпга ўч, шов-шув кетидан қувадиган ахлоқсиз шахсиятлар сифатида кўрсатиш ҳолатлари ҳам пайдо бўлди.

Сўз эркинлиги давлат бошқарувига халақит берадими ёки ёрдам?

Жойлардаги матбуотнинг холис ишлаши ва ахборот тарқатиши бошқарувнинг сифатли, масъулиятли бўлишига олиб келиши шубҳасиз. Агар эркин матбуот бўлмаса, давлатда ҳар бир соҳа бўйича алоҳида муқобил ахборот пайдо бўлади. Бу ахборот холис инсонлар томонидан қилинмагач, табиийки, у ёки бу маълумотнинг берилишидан манфаатдор қатлам бу ишни ўз зиммасига олади. Бу ёлғон ҳисоботлар шаклида ҳам ёки жойлардаги раҳбарларнинг «чўнтак журналистлари» ёрдамида ҳам амалга оширилиши мумкин. Кўзбўямачилик, йўқ ютуқларни кўрсатишга уриниш, айбларни хаспўшлаш авж олади. Юқоридагилар олдида топшириқлар бажарилаётгани, халқнинг рози экани ҳақида турли иллюзиялар пайдо бўлади. Қарорлар ва қонунлар чиқаришда халқнинг кайфияти, истаклари, эҳтиёжлари акс этмаслик ҳолатлари кўпаяди.

Ўз навбатида, халқ ҳам юқорида ўз истаклари, эҳтиёжларини кўрмагач, ўртада жарлик ҳосил бўлади. Ишончсизлик авж олади. Раҳбарлар халқ олдидаги масъулиятини унутгандек, одамлар ҳам давлат олдидаги масъулиятни унута бошлайди.

Демак, агар ким эркин матбуотни ёмон кўрса, унга қарши курашса, билиш мумкинки, у ўзига юкланган масъулиятни тан олмайди, ўша масъулият асосида, атрофдагиларнинг назорати остида ишлашни ёмон кўради. Ўз ўзидан бундай раҳбарлар топширилган амалга номуносиб бўладилар.

Ахир маълум бир ҳудуддаги камчиликлар ва ютуқлар ҳақида энг тўғри маълумот айнан эркин матбуот томонидан олиб чиқилади. Раҳбарлар бунинг ёрдамида ким қандай ишлаётганини билишлари, аҳолини айнан нималар қийнаётгани ҳақида аниқ ахборотни олишлари ва тезкор ечимларни беришлари мумкин. 

Эркин матбуот чет элликлар олдида бизни шарманда қиладими?

Бу ҳам кенг тарқалган афсоналардан, гўёки, агар юртимиздаги камчиликлар ҳақида қанчалик кўп гапирилса ва бу интернетга чиқса, чет элликлар ўқиб, Ўзбекистон ҳақида ёмон таассуротга эга бўлармиш...

Аксинча, биз доим АҚШ ёки Европада содир бўладиган салбий воқеалар, раҳбарларнинг хатолари, норозиликлар ҳақида ўқиймиз, томоша қиламиз. Лекин бу билан бизда ўша мамлакатларга нисбатан салбий муносабат шаклланадими? Аксинча, у ердаги сўз эркинлиги, президентдан тортиб, ҳар қандай амалдор танқид остига олиниши, жавобгарликка тортилиши ҳавасимизни келтиради.

Яъни бир давлат ҳақида, ўша давлат ичкарисида салбий ахборотлар, танқидларнинг кўп бўлиши, ўша мамлакатда сўз эркинлигига амал қилинаётганини кўрсатади. Сўз эркинлигига амал қилиняптими, демак, муаммолар очиқ тилга олинади; очиқ тилга олинадими, демак, уларни ҳал қилиш йўлида ҳам нимадир қилинади.

Ички ахборот эҳтиёжимизни турли сохта яхши хабарлар, мақтовлар билан тўлдиришимиз, бошқасини чеклашимиз мумкин, аммо бу билан чет элликлар олдида обрўйимиз ошиб қолмайди. Аксинча, эркинликка боғлиқ турли рейтингларда сўнгги ўринларни банд этиб, қандайдир мужмал, мавҳум, қўрқинчли таассурот қолдириб юраверамиз.

Муаммо ҳақида гапирмаслик билан ахборот бозорини қондириш мумкинми?

Бундан ташқари, ҳозир шундай замонки, технологик ривожланишлар туфайли, ҳар бир шахс ахборот яратувчи бўлиб имкониятига эга. Оддий қўл телефонидан олинган бир видео ёки аудио бир зумда дунёнинг нариги чеккасига бориши, бир ахборот оз ўтмай, чет эл сайтлари журналистлари ихтиёрига ўтиб қолиши мумкин.

Яъни, сўз эркинлигини қисман чеклашнинг иложи йўқ, ичкаридаги матбуот ёки блогерларни ҳар қанча қисган билан, ўша ахборот «Озодлик» ва шунга ўхшаган чет эл сайтлари қўлига етиб боради. Бир нарсани тан олиш керакки, маълум бир ахборот ўзимизнинг сайтларда бошқачароқ, қайсидир маънода вазият ҳар томонлама ўрганилиб, можаро тарафларига сўз берилган ҳолда имкон қадар холисанилло, чет эл нашрларида эса, аксинча, бир томонлама ва кўпинча қора бўёқлар билан акс эттирилади. Хўш, ички матбуотни чекласак, халқимизга ёки чет элдаги ҳамкорларимизга «ёмонроқ» ахборот етиб боришига сабабчи бўлиб қолмаймизми?

Иккинчидан, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган сайтлар ёки нашрларда воқеани жойида ўрганиш имконияти бор, керакли ахборотни олиш аккредитациясига эга, турли манфаатдорларнинг фикрларини олган ҳолда, нисбатан холис материал тайёрлай олади. Биз уларни бу имкониятини тортиб олсак, айнан ўша воқеа ҳақида ёлғон ахборотларнинг тарқаб кетишига, кейин ҳар ерда раддия беришга мажбур бўлиб қолмаймизми?

Тўртинчи ҳокимият – энг муҳим ҳалқа

Журналистика ҳақида гап кетганида, унинг тўртинчи ҳокимият экани айтилади ва агар юқоридаги уч ҳокимият ўз вазифасини бажармаса, тўртинчи ҳокимият таназзулга йўл тутади, дейилади. Шу билан бирга, агар тўртинчи ҳокимият эркин бўлмаса, юқоридаги уч ҳокимиятга ҳам путур етиши ҳам бор гап.

Албатта, бу соҳада ҳар икки томонлама қадамлар ташланаётганини, сўнгги йиллардаги баъзи зиддиятлар ўрталиқ сифатида ҳар икки томонга ҳам масъулият юклаётганини айтиш мумкин. Масалан, икки йил олдин одамларни ариққа тушириб қўйган амалдор бугун блогерга интервью беряпти. Оғзидан сўкиниш сўзлари тушмайдиган бошқаси матбуотга чиқиб, қайси бадиий асарларни ўқиши ҳақида айтиб беряпти. Албатта, бу ишлар билан одамларнинг ўзгариб қолганини, эскича бошқарув тарзи бутунлай барҳам топганини айтиб бўлмайди, аммо айнан эркин матбуот туфайли, амалдорларда яхши имиж яратиш, ҳеч бўлмаса, бошқалар олдида ўзини муносиб тутиш эҳтиёжи пайдо бўляпти.

Матбуотга эркинлик берилишининг кейинги қадами, у ерда тилга олинаётган ҳар бир ахборот ёки иддаонинг ҳуқуқий таъминланишидир. Яъни, у ёки бу матбуотда қайсидир бир жиноий ёки маъмурий аломатларнинг мавжуд бўлиши автоматик равишда ушбу йўналишдаги тизимни ишга тушириши ва текширув, ҳақиқатни аниқлаш ва жавобгарликни пайдо қилиши керак бўлади.

Афсуски, ҳали биз бу даражага етиб келмадик. Маълум иддаолар ёки маълумотлар, баъзида баъзи амалдорларнинг маъмурий, ҳатто баъзида жиноий жавобгарликка тортилиши керак бўлган ҳаракатлари ошкор бўлса-да, қачонки, ижтимоий тармоқларда ҳаддан ташқари кўп даражада портлаши ёки юқоридан иродани намойиш этилиши билан қандайдир якунига етяпти, холос. 

Цензура давлатга фойда келтириши мумкинми?

Ленин бошчилигидаги большевиклар то инқилобни амалга оширгунча, эркин матбуот шаклларидан турлича фойдаланишган, газеталар чоп этишган, ҳукуматни танқид қилишган ва ҳоказо. Аммо большевиклар мамлакат тепасига келгач, атиги икки йил ўтиб, матбуотни чекловчи Декретга имзо чекилган. Унга кўра, мамлакат ҳали ёш экани туфайли, чет эллардан турли ахборот хуружларининг олдини олиш, фитналарга қарши курашиш мақсадида, большевик ғояларни тарғиб қилмайдиган нашрлар тақиқланган. Ўшанда Ленин журналистларга бу вақтинчалик чеклов экани, янги тартиб ўрнатилиб, давлат йўлга тушиб олгач, барчасига рухсат берилишига ваъда берган бўлса-да, ундай бўлиб чиқмади, етмиш йил тилларда достон бўлган буюк совет цензурасига шу тариқа пойдевор қўйилди.

Танлов ҳуқуқи бу бир масъулиятдир. Инсоннинг у ёки бу йўлдан, у ёки бу фикрдан бирининг танлаш имкониятига эга бўлиши, унинг хато қилиш ҳуқуқи масъулият туйғусини пайдо қилади. Айнан масъулият бор жойда янги фикрлар, янги ғоялар туғилади, боқимандалик кайфиятидан қутулиш мумкин бўлади.

Цензурани давлат, яъни жамият фойдаси учун ишлатиш дегани эса, гўёки, у ёки бу мавзуда ҳақиқатни мен биламан, бошқа фикрлар зарарли, деб иддао қилишга ўхшайди. Бу аввал бошқаларнинг фикрлашдан қўрқа бошлашига, кейинчалик эса, умуман, фикрламай қўйишига сабаб бўлади. Фикрламайдиган жамиятни бошқариш осондир, аммо ҳеч қаерга бориб бўлмайди.

Фикрламайдиган жамият яшаши мумкин, аммо унинг ҳайвондан фарқи бўлмайди.

Қаҳрамон Асланов,

журналист.

Мавзуга оид