Жаҳон | 09:33 / 19.08.2020
19713
4 дақиқада ўқилади

Мали президенти ҳарбий исён натижасида ҳокимиятдан четлатилди ва ҳибсга олинди

Мали президенти Иброҳим Бубакар Кейта ўз лавозимини топширгани ва парламент тарқатиб юборилганини эълон қилди. Кейта ўзи ва бош вазир Бубу Сиссе сешанба кунги ҳарбийлар исёнидан бир неча соат ўтиб қўлга олингач бу ҳақда маълум қилди.

Фото: AFP

Кейта телевидение орқали мурожаат қилиб, ҳокимиятда қолиш учун қон тўкилишини истамаслигини маълум қилган.

«Мен ушбу лаҳзада Мали халқига узоқ йиллардан бери мени қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирмоқчиман ва шу ондан барча ваколатларни ўзимдан соқит қилишимни маълум қилмоқчиман. Миллий ассамблея ва ҳукумат ҳам тарқатилади.

Мен ҳокимиятни сақлаб қолиш учун қон тўкилишини истамайман. Агар қуролли кучларимиздаги айрим қисмлар шуни истаса, менда бошқа танлов қоладими?», деган у.

Иброҳим Бубакар Кейта 2018 йилда президентлик сайловларида ғолиб чиққанди, аммо сўнгги вақтларда Малида коррупция авж олди, иқтисодиёт ўсиши пасайди ва мамлакатнинг айрим ҳудудларида зўравонлик кучайди

Исён
Сешанба тонгида пойтахт Бамако яқинидаги Кати ҳарбий базасида отишмалар билан ҳарбий исён бошланди.

Пойтахтдан 15 километр масофадаги базада исён кўтарган зобитлар бошлиқларни ҳибсга олди ва пойтахтга юриш қилишди.

Африка иттифоқи, Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти (ECOWAS) ва Франциянинг собиқ метрополияси (Мали ундан 1960 йилда мустақил бўлган) исённи қоралаб чиқди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш мамлакат раҳбариятини зудлик билан озод қилишни ва конституцион тартибни тиклашни талаб қилди.

Давлат тўнтариши ҳақида нималар маълум?
Исёнга Катидаги ҳарбий база қўмондони ўринбосари, полковник Малик Дьяу ва генерал Садио Камара бошчилик қилган.

Исёнчилар ҳарбий лагерда назоратни қўлга олишгач пойтахтга юриш қилган. Улар президент қароргоҳини қамал қилиб эгаллашган. Қароргоҳда бўлган президент ва бош вазир қўлга олинган. Шунингдек, бир қанча вазирлар, парламент спикери ва бир қатор ҳарбий амалдорлар ҳам ҳибсга олинган.

Исённинг аниқ сабаби маълум эмас, шунингдек, унда қанча аскар ва зобитлар қатнашгани ҳам.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, зиддият иш ҳақи бўйича баҳсдан бошланган бўлиши мумкин.

«Франс-пресс» агентлиги пойтахтдаги Адлия вазирлигига тегишли бинолардан биридаги ёнғин видеосини эълон қилган.

Кати базасида 2012 йилда ҳам исён бўлганди. Ҳарбий хизматчилар  ўшанда қўмондонлик мамлакат шимолидаги жангариларга қарши туришга лаёқатсизлигидан ғазабланишганди.

Ўшанда исён давлат тўнтариши ва президент ағдарилишига, шунингдек, мамлакат шимолида жангариларнинг узил-кесил ғалабасига олиб келганди.

Жангариларнинг муваффақиятига жавобан Франция ўз ҳарбийларини собиқ мустамлакаси ҳудудига киритган ва уларни мамлакатдан ҳайдаб чиқаришга уринганди.

Иброҳим Бубакар Кейта Фото: AFP

2013 йилда Иброҳим Бубакар Кейта Мали президенти этиб сайланган. У бунгача Мали миллий йиғини спикери (2002-2007), мамлакат бош вазири (1994-2000) бўлган. Бош вазир Бубу Сиссе эса ҳукуматни 2019 йил апрелдан бошқариб келган.

Ҳозирда Малида жангариларга қарши курашиш учун француз ҳарбий контингенти жойлаштирилган.

Мали пойтахти атрофидаги қўриқчилар

Ҳозирги исён президентнинг иқтисодий сиёсатидан норозилик ва ҳукуматнинг коррупцияда айбланишига қарши намойишлар фонида бўлиб ўтди.

Намойишчилар етакчиларидан бири, консерватив сиёсатчилар орасида нуфузга эга бўлган, республикада французлар таъсирига қарши имом Маҳмуд Дико ҳисобланади. У 2018 йилда иккинчи муддатга сайланган президент истеъфосини талаб қилиб келарди.

Дико мухолифатчиларнинг «5 июнь ҳаракати - Бирлашган ватанпарварлар» ташкилоти раҳбарлари ҳисобланади, ушбу ташкилот ҳарбий тўнтаришни қўллаб-қувватлади.

Мухолифатчилар содир бўлган воқеаларни исён эмас, халқ қўзғолони деб аташмоқда.

Мавзуга оид