Ўзбекистон | 12:34 / 20.08.2020
3020
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тиббиёт ОТМ негизида Ҳиндистон клиникаси ишга туширилади

Шарда университети яқин истиқболда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам янги қўшма лойиҳаларни амалга оширади. 

Жорий йилнинг 19 август куни Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов Шарда университетининг халқаро алоқалар бўйича вице-президенти Ашок Даряни билан учрашди.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси хабарига кўра, Шарда университети Ҳиндистоннинг етакчи хусусий олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон президентининг 2018 йилда Ҳиндистонга амалга оширган ташрифи чоғида эришилган келишувлар доирасида 2019 йил октябрь ойида Андижон шаҳрида Шарда университети филиали ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирги вақтда мазкур университетда 200 га яқин ёшлар таҳсил олмоқда.

Учрашув чоғида Андижондаги университетнинг бугунги кундаги фаолияти ва олдинда турган режалар хусусида фикр алмашилди.

Хусусан, Шарда университети вакили яқин истиқболда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ниятини маълум қилди. Бу борада Sharda Hospital кўп тармоқли университет клиникаси иштирокида республикадаги тиббиёт олий ўқув юртларининг бири негизида тегишли клиникани ишга тушириш бўйича инвестицион лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Ашок Даряни ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида Шарда университети президенти Прадип Гупта бошчилигидаги делегациянинг жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга ташрифини амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид