Ўзбекистон | 11:12 / 21.08.2020
5248
4 дақиқада ўқилади

Чет элдаги ишга жойлаштириш учун ҳақни ким тўлайди?

«Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритилди. Улар 3 ой ўтгач кучга киради.

Фото: Fotolia

Хусусий бандлик агентликларига (ХБА) мамлакатдан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштирганлик учун фуқароларнинг ўзидан ҳақ ундириш тақиқланади – ушбу хизматлар ҳақини иш берувчилар тўлаши керак. Фуқароларга ушбу тақиқ ҳақида ёзма шаклда билдиришнома берилади. Агентлик томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда мурожаат қилиш учун билдиришномада ХБА ва Меҳнат вазирлигининг почта манзиллари ва телефон рақамлари ҳам кўрсатилиши керак.
 
Norma’нинг ёзишича, тузатиш одамлардан ҳақ ундириб, бироқ уларни ишга жойлаштириш бўйича мажбуриятларини бажармайдиган ноҳалол агентликлардан ҳимоя қилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бундай фактлар бир неча бор қайд этилмоқда, сўнгги вақтда 10 нафар ХБА раҳбарига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Уларнинг ноқонуний фаолиятидан 7 123 нафар фуқаро жами 72 млрд сўмдан ортиқ миқдорда зарар кўрган.
 
Тегишинча, ХБА эҳтимолий меҳнат мигрантларини ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун чет эллик иш берувчи ва (ёки) шерик билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузади. Ушбу ёзма шаклда тузилган ҳужжатда қуйидагилар акс эттирилади:

  • касб ёки мутахассислик тури, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори, ажратилган квоталар сони, иш вақтининг давомийлиги, иш жойигача ва иш жойидан транспортда ташиш, ишидан маҳрум бўлган тақдирда ижтимоий ҳимоя қилиш, санитария-гигиена тадбирларини ҳамда тиббиётга оид бошқа тадбирларни ташкил этиш, меҳнат ва дам олишни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги юзага келган тақдирда компенсация олиш тартиби ва бошқа шартлар;
  • тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;
  • шартноманинг муддатлари, уни ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби, шунингдек унинг бошқа шартлари. 

Шартноманинг матни агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши керак. Шартномани тузмасдан хизматлар кўрсатиш тақиқланади.
 
ХБА фуқароларни чет элдаги ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги махсус жамғармада захира қилиб қўйиши керак бўлган сумма кўпайтирилади. Ҳозир у $50 мингни ташкил этади, энди эса 8 500 БҲМ (материал эълон қилинган санада – 1 895,5 млн сўм) бўлади. Эслатиб ўтамиз, захира қилинадиган сумма сарфланган тақдирда маблағларнинг ўрнини тўлдириш зарур, лицензия тугатилган ёки бекор қилинган тақдирда эса улар қайтарилиши лозим.
 
ХБА ишга жойлаштириш соҳасида тақдим этадиган ахборот ва маслаҳат хизматларининг «чегараланган қиймати» ҳам белгиланади. Уларнинг қиймати 1 БҲМдан (материал эълон қилинган санада – 223 минг сўм) ошмаслиги керак. Ўз навбатида, бундай хизматларни бепул асосда кўрсатиш имконияти истисно этилади.
 
Қўшимча назорат дастаклари жорий этилади:

биринчидан, ХБА хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказишлари шарт – буни Меҳнат вазирлигининг «labor-migration» тизимида онлайн-режимда амалга ошириш мумкин;
иккинчидан, Меҳнат вазирлиги ХБАнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмасдан уларни текшириш ҳуқуқига эга. Бунда текширувлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида уларни рўйхатдан ўтказиш орқали бизнес-омбудсманни хабардор қилиш тартибида ўтказилади. 

Ушбу жараёнда вазирликнинг вакиллари:

  • ҳудудлар ва биноларга монеликсиз киришлари;
  • текширувга тааллуқли барча зарур ҳужжатлар билан танишиб чиқишлари;
  • ХБАнинг мансабдор шахсларидан текширув ўтказиш чоғида аниқланган қоидабузарликлар фактлари юзасидан ёзма тушунтиришлар, шунингдек ҳужжатларнинг зарур бўлган, тегишли равишда тасдиқланган кўчирма нусхаларини олишлари мумкин.

 
Қонун 15.11.2020 йилдан кучга киради.

Мавзуга оид