Жаҳон | 11:25 / 22.08.2020
16932
3 дақиқада ўқилади

Шимолий Европа давлатлари иккинчи тўлқин хавфи туфайли янги чекловлар жорий қилмоқда

Шимолий Европа давлатлари коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқини хавфи туфайли ўз чегараларини ёпмоқда ва чет элликлар кириши учун чекловлар жорий этмоқда.

Фото: Zheng Huansong/Xinhua/GlobalLookPress

Чекловларни жорий қилаётган давлатлар орасида Финляндия, Исландия, Норвегия ҳам бор. Улар COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ вазият яна ёмонлашаётгани учун хорижликларни киришига қатъий чеклов чораларини жорий қилишга қарор қилишди.

Янги жорий қилинган чекловларга кўра Финляндия ва Норвегия фуқаролари ташриф буюрганда мажбурий карантинда ўтириши лозим бўлган мамлакатлар рўйхатини кенгайтирди. Исландия эса кириб келадиган барча хорижликлар учун мажбурий карантин тартибини жорий қилди.

Финляндияда Дания, Кипр, Греция, Германия, Ирландия, Мальта, Норвегия, Исландия ва Сан-Марино давлатлари янги рўйхатга киритилди. Энди бу давлатларнинг фуқароларига нисбатан янги чекловлар амал қилади ва улар Финландияга кириб келганда 10 кунлик мажбурий карантинга жойлаштирилади. Чекловлар 2020 йил 24 августдан кучга киради.

Норвегия эса Швеция, Дания, Кипр, Исландия, Нидерландия, Польша ва Мальта фуқароларига нисбатан чекловлар жорий қилди. Ушбу мамлакатлардан Норвегияга кириб келадиганлар 10 кун давомида мажбурий карантинда қолиши керак.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқини тарқалиши билан боғлиқ вазиятни олдиндан айтиб бўлмаслигини ва кўп нарса давлатлар томонидан қўлланадиган чеклов чораларига боғлиқлигини таъкидлаяпти.

«Биринчи ва кейинги ҳар қандай тўлқиндаги пандемиянинг рўй бериши турли мамлакатлар кўраётган чораларига боғлиқ. Агар биз ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш, ўз-ўзини изоляция қилиш ҳамда карантин чораларидан фойдаланмасак, вирус қаерда ва қандай тарқалаётганини аниқ била олмаймиз. Оқибатда касаллик янги куч билан тарқала бошлайди», дея вазиятни изоҳлайди ЖССТ.

Аввалроқ, ОАВда Швейцарияда сўнгги бир кун ичида 310та янги касалланиш ҳолати аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Бу сўнгги тўрт ой ичида энг юқори кўрсаткич бўлди.

Маълумотларга кўра, Швейцарияда касаллик даражаси июнь охирида яна кўтарила бошлаган. Шифокорларнинг таъкидлашича, бу карантин чекловларии ва ўз-ўзини изоляция қилиш чоралари юмшатилиши билан боғлиқ.

Мавзуга оид