АҚШ Ўзбекистонга 200та ўпкани сунъий вентиляция қилиш мосламасини тақдим этди
Ушбу мосламалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатнинг барча минтақаларидаги 62 та тиббиёт муассасаси ўртасида тақсимланади.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, АҚШ томони мамлакатга умумий қиймати 2,5 миллион доллар 200 та ўпкани сунъий вентиляция қилиш мосламасини юборди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ўпкани сунъий вентиляция қилиш мосламаси Президент Дональд Трамп маъмурияти томонидан июнь ойида эълон қилинган инсонпарварлик ёрдамининг бир қисми сифатида тақдим қилинмоқда.
Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши кураш чораларини қўллаб-қувватлаш учун тақдим этилган тиббий жиҳозлар Вашингтондаги элчихона томонидан Оқ уй маъмурияти, АҚШ Давлат департаменти ва Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакиллари билан ўтказилган қатор маслаҳатлашувлар натижасида мамлакатга етказиб берилди.
Жиҳозларнинг техник хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар дипломатик ваколатхонанинг USAID идораси вакиллари ва Калифорния университети эксперт-анестезиологлари билан учрашувда тақдим этилди.
Маълум қилинишича, асбоб-ускуналар тиббий технология ва дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича 40 йилдан ортиқ тажрибага эга Американинг Zoll Medical Corporation компанияси томонидан ишлаб чиқарилган.
Қайд этилганидек, ўпкани сунъий вентиляция қилиш мосламалари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш муассасаларининг техник инфратузилмасини ҳисобга олган ҳолда махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилди. Воситалар стационар даволанишда, ҳаво тиббий транспортида ёки тез ёрдам машиналарида ташиш пайтида интенсив терапия учун ишлатилади.
Калифорния университети амалиётчилари мосламаларнинг COVID-19 билан касалланганларни даволашда, шу жумладан, бемор нафас олишда қийналганда ва касалликнинг оғир босқичларида самарали эканини тасдиқлади. Ушбу қурилмалар ўпкани сунъий равишда шамоллатишнинг турли усулларидан фойдаланиш, турли ёшдаги беморлар ҳаётий функцияларини қўллаб-қувватлашга имкон беради.
Элчихона маълумотига кўра, ушбу мосламалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатнинг барча минтақаларидаги 62 та тиббиёт муассасаси ўртасида тақсимланади.
Мавзуга оид
10:31
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024