Фан-техника | 21:55 / 28.08.2020
7659
1 дақиқада ўқилади

LG электрон тиббий ниқоб ишлаб чиқди

Жанубий Кореяда ҳаво тозалагичга эга электрон тиббий ниқоб PuriCare тақдим этилди. Ниқоб LG компанияси томонидан ишлаб чиқилган. 

Фото: LG

Электрон ниқобда зарраларни юқори самарадорлик билан ушловчи иккита HEPA H13 фильтри ўрнатилган. Бундан ташқари, ниқоб унда енгил нафас олиш учун иккита вентилятор билан жиҳозланган. Ниқобда одам нафас олаётгани ва чиқараётганини қайд қилувчи датчик ўрнатилган бўлиб, вентиляторлар ўз айланиш тезлигини шунга мос равишда созлаб туради.

Компанияда таъкидланишича, “ақлли” ниқоб бир маротабалик ниқоблар тақчиллиги ва қўлбола сифатсиз ниқоблар муаммосини ҳал қилади.

Ниқоб 820 миллиампер-соатли батарея билан жиҳозланган бўлиб, у ниқобни ўрнатилган параметрларга боғлиқ равишда 2 соатдан 8 соатгача тақиб юриш имконини беради.

Компанияда ниқобнинг коронавирусга қарши самарадорлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Бироқ экспертлар ниқоб айнан пандемияга жавобан ишлаб чиқилган, деб ҳисобламоқдалар. Шунингдек, ниқобнинг неча пул туришига ойдинлик киритилмаган, бироқ у 2020 йилнинг 4-чорагидан баъзи давлатларда сотувга чиқарилиши маълум қилинган.

Мавзуга оид