Жаҳон | 09:19 / 29.08.2020
16740
9 дақиқада ўқилади

Трампнинг собиқ менежери Стив Бэннон: Оқ уйдан суд залларига

АҚШ президенти Дональд Трампнинг 2016 йилги сайловолди кампаниясининг менежери, кейинроқ Оқ уйнинг бош стратеги бўлиб ишлаган Стив Бэннон хайр-эҳсонларни ўзлаштирганликда айбланиб ҳибсга олингач, яна кун тартибига қайтди.

Стив Бэннон биринчиси эмас

Andrew Kelly/Reuters

Айбловда 25 миллион доллардан кўпроқ маблағ тўпланган хайрия кампаниясининг юз минглаб долларларини Бэннон ўз шахсий манфаатлари учун сарфлаб юборгани айтилмоқда. Пекин маъмурияти томонидан турли жиноятлар учун қидирувда бўлган хитойлик миллиардер Гуо Венгуининг 28 миллион долларлик яхтасида ҳибсга олинган Бэннон ўзига қўйилган айбловларни рад этди ва 5 миллион доллар гаров пули эвазига саёҳат чеклови билан озод қилинди.

Аслида, Стив Бэннон Трампнинг атрофидаги федерал айбловларга дуч келган кўплаб одамлардан бири, холос. Масалан, бир муддат адвокат бўлиб ишлаган Майкл Коэн 2018 йилда солиқ коррупцияси, Конгрессга ёлғон гапириш ва сайлов кампаниясини молиялаштириш қоидаларини бузганликда айбланган.

Шунингдек, Трампнинг сайловолди ташвиқот менежери сифатида ишлаган Пол Манафорт 2018 йилда солиқ ва банк жинояти учун 7,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Кейинчалик у фитна уюштириш ва адолатга тўсқинлик қилиш жиноятларини содир этганини тан олди.

Сайлов кампанияси раисининг ўринбосари Рик Гейтс Украинадаги лобби фаолияти давомида чет эл банкларида 75 миллион доллар сақланишида Манафортга ёрдам бергани учун 45 кунлик қамоқ жазосидан сўнг, 3 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Трампнинг дўсти ва сиёсий маслаҳатчиси Рожер Стоун ҳакамлар ҳайъати олдида еттита хатти-ҳаракати учун, жумладан, Конгрессга ёлғон гапириш, гувоҳларни қўрқитиш ва Конгресс қўмитаси музокараларини блокировка қилишда айбдор деб топилди.

Трамп маъмурияти юқоридаги суд жараёнларини, асосан, Дональд Трампга зарар етказишга қаратилган сиёсий ҳаракатлар сифатида баҳоламоқда. Яъни айбланаётганларнинг баъзилари Трампга қарши гувоҳлик беришга мажбур қилинаётгани, ушбу даъволарни Трамп билан боғлашга уринишлар бўлаётгани ва асл нишон Трамп эканлиги айтилмоқда.

Трампнинг кампания менежери ва бош стратеги

Бэннон - Трампнинг терговдаги илк сафдоши эмас. Генерал Майкл Флинн (суратда марказда) ФҚБга ёлғон кўрсатма беришда айбланмоқда EPA

Стив Бэннон 1953 йилда туғилган, 1970-йилларнинг охиридан бери етти йил давомида АҚШ ҳарбий-денгиз кучларида хизмат қилган. Кейинчалик у Goldman Sachs компаниясида икки йил инвестиция банкири сифатида ишлаган. Кейинчалик у инсонларнинг ёпиқ биосферада яшашини синаб кўриш учун бошланган «Биосфера-2» тадқиқот лойиҳасига раҳбарлик қилади. Ўтган асрнинг 90-йилларида эса Ҳолливудда ижрочи продюсерга айланди ва 2016 йилгача 18та фильм суратга олди. Чой партияси ҳаракатида фаол иштирок этди. Трампнинг 2016 йилги сайловолди кампаниясига раислик қилишидан олдин у 2007 йилда асос солинган ўта ўнгчи Breitbart News веб-сайтини бошқарган.

Мана шундай турлича иш тажрибаларига эга бўлган Стив Бэннон Дональд Трамп сайлов кампаниясининг сўнгги ойларида ижро этувчи директорга айлангач, бутун дунёда таниқли юзга айланади. У Трамп маъмуриятининг биринчи босқичида етти ой давомида президентнинг бош стратеги ва бош маслаҳатчиси сифатида хизмат қилиб, янада кўпроқ эътибор тортди. У 2017 йилнинг ёзида ушбу лавозимдан олинди, аммо Трамп сўнгги пайтларда у ҳақида ижобий гаплар айтиб келган.

Шартакилиги ва жанжалкашлиги билан танилган Бэннон айрим мусулмон мамлакатлар аҳолисининг АҚШга киришини тақиқлаш каби Трампнинг ирқчилик ва ксенофобияга ўтган баъзи сиёсатлари ортида тургани айтилади.

Халқаро ўнгчилар ҳомийси

Трамп томонидан ишдан бўшатилгандан сўнг Бэннон маркази Брюсселда жойлашган «The Movement» деб номланган ҳаракатни тузиб, ўта ўнгчи сиёсий партияларга сўров маълумотларини тўплаш, ижтимоий медиа стратегиясини таҳлил қилиш, номзодларни кўрсатиш каби қатор масалалар бўйича маслаҳат бера бошлайди. Guardian газетасига берган интервьюсида у ўзининг «Бэннон назарияси» деб номлаган назариясини қуйидагича изоҳлайди: «Ўнг қанот популизмини намойиш эта оладиган номзодни аниқла ва сайловда ғалаба қозон». У Франция ўнг қанот миллий фронти (NF) конгрессидаги нутқида ҳар қандай танқидга дуч келишга тайёрлигини билдиради: «Майли, сизни ирқчи десинлар, ксенофоб десинлар. Шу сўзларни кўкрагингизга шараф белгиси сифатида тақиб олинг. Чунки биз кундан кунга кучайиб боряпмиз, улар эса заифлашмоқда. Тарих биз томонда ва у бизга ғалаба келтиради».

Стив Бэннон ўзининг асосий мақсади глобал популистик ҳаракатларнинг биргаликда ҳаракат қилиши учун инфратузилма яратиш эканлигини айтди. Шу нуқтайи назардан, у дунё бўйлаб ўнгчи популистик сиёсий тузилмаларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилди. Бэннон Европанинг ўта ўнг томонини қайта лойиҳалаштириш даъвоси билан Германия, Швеция, Австрия, Италия, Бельгия, Венгрия ва Польша сингари кўплаб мамлакатларда ультра-миллатчи ва Европа Иттифоқига қарши партияларни бирлаштиришни кўзлаганини эълон қилди. У Европа парламентида (АP) ушбу партиялардан иборат «супер гуруҳ» ташкил этишни режалаштиради. У асос солган ҳаракат Италия каби баъзи мамлакатларда муваффақиятли чиқди, баъзи мамлакатларда эса тўсқинликларга учради.

Брексит меъморларидан бири

Брексит партияси раҳбари Найжел Фаражнинг яқин дўсти ва Буюк Британиянинг амалдаги бош вазири Борис Жонсоннинг ашаддий тарафдори бўлган Бэннон Британиянинг 2016 йилда брексит референдуми билан Европа Иттифоқи аъзолигидан чиқишига катта таъсир кўрсатган фигуралардан бири сифатида ҳам танилди. Британия сиёсатига катта қизиқиш билдирган Бэннон дастлаб ирқчи Британия Миллий партияси (BNP) ва Буюк Британия мудофаа лигасини (EDL), кейин эса ўта ўнгчи Буюк Британия Facebook фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари ноқонуний равишда тўпланиб, сайловларда ва брексит жараёнида сиёсий мақсадларда ишлатилгани билан боғлиқ жанжал ортидан кун тартибига чиққан Cambridge Analytica асосчиларидан бири эди ва у бир мунча вақт бошқарувдан ҳам ўрин олган эди.

Сиздирилган электрон почта ёзишмалари Cambridge Analytica компанияси ва брексит фаолиятида марказий рол ўйнаган Leave.EU (Европа Иттифоқидан чиқиб кет) ҳаракати ўртасида алоқа мавжудлигини кўрсатса-да, бу муносабатларни томонлар рад этди. Бироқ Бэннон брекситнинг рамзий номи Farage билан чамбарчас боғлиқлигини ҳеч қачон яширмади. Бу жуфтлик Британиянинг ЕИдан чиқа олмаётгани туфайли Борис Жонсоннинг бу ишни бажариш учун бош вазирликка келиши кераклигини таъкидлаганди.

Трампнинг бошига бало бўладими?

 

Бэннон трампизмдан сиёсий идеология яратмоқчи эди, аммо унинг ҳукуматдаги муддати жуда қисқа бўлди / REUTERS

АҚШ президенти Дональд Трамп 2020 йил 3 ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига ноқулай шароитда тайёргарлик кўрмоқда. Бутун дунёни ўз таъсири остига олган янги турдаги коронавирус эпидемияси Трамп маъмурияти дуч келган энг жиддий синовга айланди. Трампнинг энг ишончли соҳаларидан бири бўлган иқтисодиёт ҳам жиддий зарар кўрди. Бу даврда унинг энг севимли мавзуларидан бири бўлган ишсизликнинг паст кўрсаткичлари ҳам кўтарилиб кетди. АҚШ фуқаролари мамлакат тарихидаги айрим урушларга қараганда кўпроқ вафот этди. Ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қутбланган жамият, кескин ва ажралиб турадиган сиёсий муҳит, азалий ва эътибордан четда қолган тенгсизликнинг юзага қалқиб чиқиши, марказий ва ҳудудий ҳукумат (штатлар) ўртасидаги келишмовчиликлар, дунёдаги умумий шароитларнинг ёмонлашуви бу салбий тенденцияни «озиқлантирди».

Турган гапки, Трамп Бэннон айбланган хайрия кампанияси билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини очиқлади. Шунингдек, у Мексика чегарасида ноқонуний иммиграция транзитининг олдини олиш учун қурилган деворнинг айрим қисмларини молиялаштириш учун бошланган «We Build The Wall» («Биз девор қуряпмиз») кампанияси ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.

«У бизнинг кампаниямизга киритилганди ва маъмуриятимизнинг илк қисмида қисқа вақт давомида биз билан бирга ишлади. Аммо кейинчалик у билан кўришмадим. Нимага жавобгар эканини ҳам билмайман. У билан бирга ҳибсга олинган бошқа одамларни эса танимайман», деди Бэннонга ҳамдардлигини билдирган Трамп.

Аммо демократлар ушбу можородан сайлов жараёнида Трампга қарши фойдаланишларини айтиб ўтишди. Шундай қилиб, президентлик сайловларига қисқа фурсат қолганида Трампнинг муаммолари қаторига яна бир «бошоғриғи» қўшилди.

Мавзуга оид