Жаҳон | 16:27 / 30.08.2020
17996
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Путин билан қўнғироқлашди. У Москвага келади

Россия президенти Владимир Путин ва Беларусь раҳбари Александр Лукашенко телефон орқали мулоқот қилди ҳамда томонлар Москвада учрашишга келишиб олишди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: kremlin.ru / ТАСС

«Яқин ҳафталарда Москвада учрашув ўтказишга келишиб олинди», — дейилган хабарда.

Путин Лукашенкони туғилган куни билан табриклаган. Қайд этилишича, мулоқот чоғида «Россия-Беларусь ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш» масаласида келишиб олинган.

Россия раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков «РИА Новости»га хабар қилишича, президентларнинг Москвадаги учрашувининг аниқ санаси ҳали белгиланмаган. Лукашенконинг матбуот котиби Беларусь президенти «яқин вақтлар ичида Москвага сафар қилиши» ҳақида хабар қилган.

Аввалроқ Кремлдагилар Путин Минскка сафар қилишни режалаштирмаётганини маълум қилганди.

  • РБК нашрининг қайд этишича, бу Путин ва Лукашенконинг Беларусда президентлик сайловларидан кейин бошланган намойишлар давридаги бешинчи телефон мулоқоти бўлди. Путин 9 август куни Лукашенкони президентлик сайловида ғолиб чиққани (Беларусь МСК маълумотига кўра, Лукашенко 80 фоиздан кўпроқ овоз олган) билан табриклаганди. Кейинроқ икки сиёсатчи оммавий намойишлар масаласини муҳокама қилишган, ташқи таҳдид юзага келган тақдирда биргаликда ҳаракатланиш бўйича бир тўхтамга келишганди. Шунингдек, Путин ва Лукашенко беларуслар Россиянинг коронавирусга қарши вакцинаси синовида иштирок этиши бўйича келишиб олишганди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид