Ўзбекистон | 17:34 / 01.09.2020
46082
2 дақиқада ўқилади

Боғчалар ва мактабларнинг анъанавий ва масофавий шаклдаги фаолиятига рухсат берилмоқда 

Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси навбатдаги қарорни қабул қилди. 

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг хабар беришича, ота-оналарнинг фикрлари ва маҳаллий депутатлар кенгашлари таклифларига мувофиқ сентябрь ойидан мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларининг анъанавий ва масофавий шаклдаги фаолиятига рухсат берилади. Бунда ушбу объектлар қуйидаги санитария талабларига риоя этиши талаб этилади:

  • ходимлар ва болалар (тарбияланувчилар)нинг соғлиғи ҳолатини доимий назорат қилиш (тана ҳароратини мунтазам ўлчаб бориш), тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходимлар ва болалар (тарбияланувчилар)ни машғулотлар четлатиш; 
  • ходимлар тиббий ниқобдан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши;
  • санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш.

2020 йил 5 сентябрдан бошлаб йўналишли таксида (“Дамас” русумли енгил автомобиллари бундан мустасно) йўловчи ташиш фаолиятига рухсат берилади. Бунда ушбу объектлар қуйидаги санитария талабларига риоя этиши талаб этилади:

  • йўналишли такси фаолияти давомида карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ҳар қатновга чиқишдан олдин ҳайдовчиларнинг тана ҳарорати пирометрларда ўлчаниб, 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда уларнинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўймаслик, уларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлишини таъминлаш;
  • йўналишли таксида йўловчиларнинг тиббий ниқобда бўлишини, тиббий ниқоб бўлмаган ҳолатда уларнинг транспорт воситасига чиқишига йўл қўймаслик;
  • транспорт воситаси доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин (шу жумладан, ҳар бир ўриндиқни) тўлиқ дезинфекциядан ўтказилишини таъминлаш.

Мавзуга оид