ФҲДЁ органларида қандай ўзгаришлар қилинди? — ДХА мутахассиси билан суҳбат
Давлат хизматлари агентлиги ФҲДЁ органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бўлими етакчи маслахатчиси Мадина Маҳмудова Kun.uz'га берган интервьюсида соҳага оид қатор саволларга жавоб берди.
– Мадина Сайидусмоновна, ФҲДЁ идораларининг ДХА тасарруфига ўтказилиши тизим ходимларига ва аҳолига қандай қулайликлар бермоқда?
– Хизматларни кўрсатиш қулай, тез ва шаффоф бўлади, чунки республика бўйича шу соҳага тегишли маълумотлар олиш керак бўлган барча вазирлик, идора ва муассасалар билан уланиш имкониятига эга бўлган тизим яратилган.
Электрон ва онлайн қабуллар ташкил этилгани ва ФҲДЁ бўлимида мавжуд кўп турдаги аризалар ходим томонидан электрон равишда тўлдирилиши ва фақат фуқаро танишиб чиқиб имзо қўйиши сабабли фуқароларнинг кутиш учун кетган вақти кескин қисқаради (илгари ярим, ҳаттоки бир кун ўтириб қабулга киролмасдан кетиш ҳоллари бўлган).
Бунда туғилганлик, никоҳ тузилганлиги ва бошқа турдаги гербли гувоҳномаларни электрон равишда тўлдирилади, барча турдаги далолатнома ёзувлари электрон равишда «ФҲДЁ Ягона электрон архиви» ахборот тизимига киритилади.
Республикадаги ФҲДЁ бўлимлари, вилоят ФҲДЁ архивларидан туғилганлиги қайд этилмаганлиги, никоҳда турмаслиги ҳақидаги маълумотларни (71-шакл дейилади) экстерриториал тартибда Давлат хизматлари марказлари орқали олиниши тартиб билан белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, тўловлар биллинг инвойс орқали тўланиши сабабли узоқда жойлашган банк ёки кассага бориш учун вақт сарфланмайди. Электрон тизим йўлга қўйилгани сабабли тиббиёт муассасалари билан, туғруқхонада бола туғилиши билан электрон равишда ФҲДЁ бўлимига она ва бола ҳақидаги маълумотлар етиб келиши йўлга қўйилган. Шу жумладан, вафот этган шахсларнинг ҳам ўлим ҳақидаги тиббий маълумотлари тиббиёт муассасалари томонидан электрон равишда юбориш жорий қилинди.
– Вилоятларда фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятида аввал қандай камчиликлар бор эди, бугунга келиб қандай барҳам топмоқда?
– Юқорида айтиб ўтганимдай, самарали электрон тизим яратилгани сабабли фуқаролар ўзига ва яқинларига тегишли бўлган ҳужжатларни излаши учун бир нечта жойга бориб бир кун хаттоки йиллар давомида югуриши барҳам берилди. Шунингдек, аҳолининг асабига тегадиган кераксиз қоғозбозлик камайди, вақт тежалишига шароит яратилди.
Шунингдек, фақатгина тизим орқали ишлаш билан чекланмасдан, никоҳни бекор қилиш мақсадида мурожаат қилган ёшлар, оилаларда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда оилани сақлаш, мазкур оила яшайдиган маҳаллаларни ушбу оила никоҳни бекор қилиш масаласида мурожаат қилгани ҳақида огоҳлантириш, оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказиш тартиблари жорий қилинди. Бу эса ўз навбатида оилалар билан уларнинг муаммоларини никоҳни бекор қилмасдан ҳал этиш имкониятини ёшларга кўрсатиб бериш учун замин яратади.
– ФҲДЁ тизимидаги энг қадимий ҳужжат нечанчи йилга доир ва айни пайтга қадар ҳужжатларнинг неча фоизи рақамлаштирилган?
– ФҲДЁ тизимида рақамлаштириш 2018 йилдан президентнинг «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан бошланган. Дастлаб 147та архивариус штати билан бошлаганмиз. Бугунги кунга келиб 70 миллиондан ортиқ фуқароларнинг далолатнома ҳолатлари ёзувлари нусхалари мавжуд. Уларнинг 68 фоизи рақамлаштирилган.
ФҲДЁ органларида энг қадимий ҳужжат 1919 йилдаги далолатнома ёзувларига бориб тақалади.
– Кўпчилик учун қизиқ бўлган саволни бераман, яъни исм қўйиш. Ота-она фарзандига халқимиз учун ноодатий, аниқ хато билан исм қўйса ёки шу шаклда бўлишини истаса, нима қилинади? Рад этиладими, тавсия бериладими ёки тўғридан тўғри қабул қилинадими?
– Оила кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 387-сон қарори билан тасдиқланган йўриқномага биноан, ота-оналар фарзандларига истаган исмни қўйишга ҳақли. Лекин бу исм анъаналаримизга, ўзбекчилигимизга тўғри келмайдиган, келажакда боланинг обрўйига таъсир қиладиган бўлмаслиги керак.
Бундай ҳолатларда ФҲДЁ ходими исмни рад қилишга ҳақли. Чунки ўзбекчиликда ота-онанинг фарзанди олдида 3та бурчи бор. Мазкур бурчларнинг энг биринчиси фарзандига чиройли, маъноли исм қўйиш. Унинг ҳаётимиздаги аҳамияти катта.
– Лекин шунга қарамай, орамизда Месси, Рональдулар бор.
– Буни ҳам инкор эта олмаймиз. Кимдир футболчи ёки кино актёрининг мухлиси бўлади. Фанатизм деган тушунча бор, шундан келиб чиқиб, фарзандларига машҳур инсонларнинг исмини қўйишмоқда. Фарзандларига исм қўйиш ҳуқуқларини чекламаган ҳолда уларга бундай исмларни қўйишга рухсат берилади.
– Ҳудудларда бу соҳа учун кадрлар етарлими, уларнинг малака тоифаларини ошириш учун нималар қилинмоқда?
– Албатта, ҳамма соҳадаги ишларнинг ривожини кадрлар белгилайди ва ўйлайманки, тизимда жонкуяр ва фидойи кадрлар етарли. Шунингдек, тизимдаги кадрларни билими, тажрибаси ва малака тоифаларини ошириш учун Давлат хизматлари агентлиги томонидан махсус чора-тадбирлар режаси тузилиб, ушбу режага асосан Республика юристлар малакасини ошириш марказида мунтазам равишда ишлар олиб борилмоқда.
– ФҲДЁ бўлимларининг маоши, уларнинг рағбатлантириши юзасидан ҳам қисқа маълумот берсангиз.
– Албатта, молиявий рағбатлантириш ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига виждонан ва сидқидилдан ёндашишларига туртки бўлади. Шу боис, ФҲДЁ органлари ходимларининг меҳнатига адолатли ҳақ тўлаш чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақида ФҲДЁ органлари масъул ходимлари билан учрашувларда, ўтказиладиган йиғилишлар давомида маълумотлар бир неча бор етказилган. Хусусан, ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг ойлик иш ҳақини ошириш, уларга устамалар белгилаш ҳамда соҳани такомиллаштириш бўйича бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ҳукумат қарори имзоланди. Қарорда қуйидагилар назарда тутилган:
– ФҲДЁ органлари ходимларининг мартаба даражаси ва кўп йиллик хизмати учун устамалар миқдори оширилиб, адлия органлари ходимларига тўланадиган устамаларга тенглаштириш;
– ФҲДЁ бўлимларининг туман (шаҳар) ҳокимликлари тасарруфида бўлган даври, мартаба даражаси бериш ва устамаларни тўлаш учун зарур бўлган иш стажига қўшиш;
– ФҲДЁ органлари ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шарт-шароитларига кўра Агентликнинг ҳудудий бошқармалари бўлимлари ходимларига, яъни ФҲДЁ органи мудири – бўлим бошлиғига, 1-тоифали инспектор – бош мутахассисга, 2-тоифали инспектор – етакчи мутахассисга тенглаштирилиши ва бошқа ўзгаришлар кўзда тутилган.
– 2020 йил 4 августдаги «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори бўйича Агентлик ва ФҲДЁларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тушунтириш берсангиз.
– Албатта, бугун барча соҳалар дунёдаги трендлар билан ҳамнафас бўлиши учун авваламбор рақамлаштириш ишларини амалга ошириши керак. ФҲДЁ соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Рақамлаштириш — давлат хизматларини олишни соддалаштириш демак. Бу борада юртбошимиз томонидан Агентлик соҳасига берилган эътибор туфайли ДХА томонидан фуқаролик ҳолати далолатномаларини рақамли кўринишга ўтказиш бўйича ишлар анча олдин бошлаб қўйилган.
Ҳозирги кунда «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимига ФҲДЁ органлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланаётган ҳужжатларнинг электрон базаларини шакллантиришни тўлиқ якунлаш учун қўшимча ходимлар ишга жалб этилган. Улар оргтехника воситалари, офис жиҳозлари, канцелярия товарлари билан таъминланди. Ахборот тизимига киритиш ишлари якунланган туман (шаҳар)ларда тизимдаги далолатнома ёзувларига ЖШШИР (яъни, ПИНФЛ) бириктириш ишлари бошланади. Натижада ҳозирда мамлакатимиз бўйича 38 миллионта (яъни 68 фоиздан ортиқ) далолатнома ёзувлари рақамлаштирилиб, «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига киритилган. Тошкент шаҳрида никоҳ ва никоҳдан ажралганлик ҳақида архив ҳужжатлари тўлиқ рақамлаштирилгани боис, ушбу маълумотларни онлайн тарзда олиш имкони яратилди.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
16:35 / 16.01.2023
Давлат хизматлари марказларининг барча ресурслари фуқароларга ёрдам режимига ўтказилди
08:57 / 28.11.2022
Статистика маълумотларини давлат хизматлари марказлари орқали олиш йўлга қўйилади
14:50 / 16.09.2022
Учта нафақани тайинлашда югур-югурларга барҳам берилади. Бошқа нафақа ва пенсиялар-чи?
15:53 / 08.09.2022