Ўзбекистон | 23:07 / 08.09.2020
8683
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда куз-қиш мавсумига тайёргарлик қандай кетмоқда? Миробод туманидан репортаж

Куз кириб, салқин кунлар бошланиши билан жойларда қиш мавсумига тайёргарлик мавзуси яна кун тартибига чиқди. Республика ҳудудлари қатори, Тошкент шаҳрининг ҳам барча туманларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик бошланган. Махсус комиссия тайинланиб, туманлардаги вазият ўрганилмоқда. Ўрганишлар давомида қатор муаммолар кўзга ташланяпти.

Пойтахтда куз-қиш мавсумига тайёргарлик қай даражада олиб борилмоқда? Муаммолар жойида бартараф этиляптими? Шу саволларга жавоб излаб, пойтахтнинг Миробод туманидаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишдик.

Туманнинг Шаҳрисабз кўчасида умумий узунлиги 5,4 км бўлган пиёдалар йўлакчаси қурилаётганига гувоҳ бўлдик. Йўлакчада кўзи ожизлар ва велосипедчилар учун ҳам алоҳида шароитлар мўлжалланиши кўзда тутилмоқда экан. Шунингдек, туманда кўчалардаги ноқонуний ўрнатилган ва ҳокимлик билан шартномаси бўлмаган реклама баннерлари ҳам олиб ташланмоқда.

Миробод кўчасида (Нукус кўчасидан Шаҳрисабз кўчасигача бўлган қисмида) эскирган тунги ёритиш мосламаларини замонавий тунги ёритиш устунларга алмаштириш ишлари олиб борилмоқда. Туман ҳокимлиги вакилининг маълумот беришича, ушбу ишлар ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Жами 1,2 млрд сўм ажратилган.

Шунингдек, туманнинг Янги Миробод МФЙ ҳудудидаги 3-тор Мироншоҳ 5-уй ён томонида совуқ сув тизими қувуридаги носозликни таъмирлаш ташкиллаштирилиб, авария ҳолати бартараф қилинмоқда. Фуқароларнинг сўзларига кўра, қувур ёрилганига 2 кун бўлган.

Кейинги манзилимиз – туманнинг Файзобод МФЙ бўлди. Маҳалла аҳлини бир неча йиллардан бери ёғоч устунларнинг эскиргани қийнаб келмоқда экан. Бир неча жойларга мурожаат қилишган, аммо натижа бўлмаган. Ҳозирда худудда эскирган ёғоч устунларни замонавий темир-бетон устунларга алмаштириш ишлари бошлаб юборилган.

Тумандаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик билан танишар эканмиз, қизиқ бир ҳолатга дуч келдик. Маҳаллалардан биридаги кўчалар ва фуқароларнинг уйлари олдини туман ободонлаштириш ишчилари тозалаётганига гувоҳ бўлдик, лекин ободонлаштириш бошқармаси раҳбарининг сўзларига кўра, бу ишлар ташкилот ваколатига кирмайди.

«Бу ишлар Ободонлаштириш бошқармаси ишчиларининг вазифасига кирмайди. Лекин шаҳар тозалиги учун қилишга мажбурмиз. Шу ўринда фуқароларимизга илтимос қилиб қолмоқчиман. Ўз уйлари ҳудудини тоза, озода тутиб, шаҳримиз тозалигига ҳисса қўшишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди», дейди Миробод туман ободонлаштириш бошқармаси раҳбари.

Айни кунларда пойтахтнинг бошқа туманларида ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари давом этмоқда.

Мавзуга оид