Мамаризо Нурмуратов инфляция пасайишига сабаб бўлаётган омилларни санаб ўтди
Марказий банк Ўзбекистонда инфляция даражаси жорий йилнинг январь-август ойлари давомида 2019 йил якунидаги йиллик 15,2 фоиздан 11,6 фоизгача секинлашгани ҳақида маълум қилди.
Инфляция даражаси жорий йилнинг январь-август ойлари давомида 2019 йил якунидаги йиллик 15,2 фоиздан 11,6 фоизгача секинлашди ва инфляциянинг мақсадли траекториясидан паст бўлди. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов инфляция пасайишига олиб келаётган омилларни санаб ўтди.
«Энг аввало, давлат томонидан тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолгани. Йил бошидаги прогнозимизда тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши мумкинлигини ҳам инобатга олган эдик. Пандемия сабабли бу амалга ошмаслигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу эса инфляция пасайишига омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Яна бир омил – карантин чекловлари ички талабга, аҳоли даромадлари ва бандлик даражасига пасайтирувчи таъсир кўрсатди. Ўз-ўзидан бу келгусида инфляция кескин ошиб кетишига имкон бермайдиган ҳолат деб ҳисобланмоқда.
Кейинги омил – мева-сабзавотлар ва полиз экинлари нархларининг мавсумий пасайиши.
Монетар омиллардан инфляция пасайишига олиб келаётган яна бир нарса – иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ўтган йилгига нисбатан секинлашиши.
Шунингдек, валюта курсидаги тебранишлар ўтган йилгига қараганда пастроқ бўлди. Апрель ойидаги девалвациядан кейин курс барқарорлашмоқда.
Агар шаклланган инфляцияга монетар омиллар нуқтайи назаридан қарайдиган бўлсак, энг аввало иқтисодиётда пул таклифининг ўсишига олиб келувчи омиллар, яъни кредитларнинг ўсиши, иқтисодиётга қўшимча ликвидлик чиқарилиши суръатлари бу йил бирмунча секинлашди.
Фискал тадбирлардан, пандемия шароитида иқтисодиётни рағбатлантириш ва аҳоли саломатлигини сақлашга йўналтирилган давлат маблағлари иқтисодиётда пул массаси ошишига таъсир кўрсатди. 2020 йил биринчи ярмида бюджет тақчиллиги 9,7 триллион сўм атрофида бўлди, ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 1,5 триллион атрофида эди.
Шунингдек, аҳолининг инфлатсион кутилмалари пасаяётгани ҳам муҳим омиллардан. Биз аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмаларини доимий равишда ўрганиб борамиз. Август ойидаги ўрганишлар кутилмалар сезиларли пасаяётганини кўрсатмоқда. Бироқ тан олиб таъкидлашимиз лозим, инфляцион кутилмалар ва амалдаги инфляция кўрсаткичи ўртасидаги фарқ жорий йил март ойидан буён юқори даражада сақланиб турибди. Бу биздан аҳолининг инфляцион кутилмалари бўйича қилаётган ишларимизни фаоллаштиришни тақозо қилади», – деди Мамаризо Нурмуратов 10 сентябрь кунги матбуот анжуманида.
Эслатиб ўтамиз, бугун Марказий марказий банк бошқаруви асосий ставкани 15 фоиздан 14 фоизга тушириш ҳақида қарор қабул қилди.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
08:10 / 02.11.2024