Жамият | 07:47 / 11.09.2020
83804
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда карантин қоидаларини бузган ҳолда тўй ташкил этган фуқарога чора кўрилди

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик қатнашган тўй видеоси тарқалди. Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ масъул ходимлари томонидан ўрганилди

ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, видео 9 сентябрь куни Тошкент вилояти Тошкент туманида олинган бўлиб, у ерга 29 ёшли Аҳмаджон Т. куёв сифатида ўртоқлари билан келган. Бундан ташқари, Аҳмаджон Т. тўйини Шайхонтоҳур туманидаги уйида ташкиллаштирган ва тўйга 40 нафардан ортиқ меҳмонлар келишган.

Мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.

“Ҳурматли фуқаролар! Карантин чекловларининг юмшатилиши коронавирус инфекцияси йўқолганидан дарак бермайди.

Сиздан қуйидаги санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилишингизни сўраймиз: жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиб юриш зарур, шунингдек ижтимоий масофа сақлаш муҳимдир, тўй тадбирларини 30 киши иштирокида ўтказиш лозим. Ўзингизни ва яқинларингизни асранг, саломат бўлинг”, - дейилади ИИББ маълумотида.

Мавзуга оид