Жаҳон | 12:37 / 13.09.2020
7545
2 дақиқада ўқилади

Нобель мукофотига номзодлиги эътиборсиз қолдирилгани Трампни аччиқлантирди

АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ телеканалларини ўз номзодининг тинчлик бўйича Нобель мукофотига илгари сурилишини эътиборсиз қолдирилганликда айблади. У бу ҳақда Невада штатида ўз тарафдорлари олдидаги чиқиши вақтида айтиб ўтди.

Фото: Getty Images

Трамп шу ўринда ундан аввалги президент Барак Обама Оқ уйга келиши биланоқ Нобель мукофотини олганини эслатиб ўтган. «У аслида мукофотни нима учун олганини ҳам билмаган. У бу борада ҳақ бўлган, чунки ҳеч ким буни тушунмаган. Биз эса шунча иш қилдик», деб аччиқланган Трамп.

АҚШ президенти ўз номзодининг мукофотга илгари сурилишини жуда муҳим деб билишини ва телеканаллар нима учун буни беъэтибор қолдирганлари у учун тушунарсизлигини таъкидлаб ўтган. «Фараз қилинг, мамлакатингиз президенти Нобель мукофотига илгари сурилган бўлса-ю, расво янгиликлар берилувчи ABC’даги, CBS’даги ва айниқаса, NBC’даги кечки янгиликлар бу ҳақида бирор нарса демаса», деб ранжиган Трамп.

9 сентябрда Норвегиянинг «Тараққиёт партияси»дан депутат Кристиан Тибринг-Гедде Трамп номзодини тинчлик бўйича Нобель мукофотига илгари сурди. Унинг таъкидлашича, АҚШ президенти ўз сиёсий фаолияти давомида тинчлик ўрнатиш учун бошқа номзодлардан кўра кўпроқ иш қилган. Жумладан, Трамп маъмурияти Исроил ва БАА ўртасида муносабатлар ўрнатилишида муҳим роль ўйнаган.

АҚШнинг аввалги президенти Барак Обама Оқ уйга келгандан 9 ой ўтиб тинчлик учун Нобель мукофоти билан тақдирланган. Нуфузли мукофот Обамага «халқаро дипломатия ва одамлар ўртасидаги кооперацияни мустаҳкамлашдаги саъй-ҳаракатлари учун» топширилган.

Мавзуга оид