Тошкент вилояти бош инфекционистига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси кучда қолдирилди
8 сентябр куни ҳибсга олинган Тошкент вилояти бош инфекционисти – вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қамоқда сақлаш билан боғлиқ эҳтиёт чорасини ўзгартириш бўйича берилган аппелляция шикояти 14 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида кўриб чиқилди.
Прокурор Азиз Исмаилов ҳамда Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати Хушнид Аҳроров иштирокида ўтган суд мажлисида судья Дилшод Иззатов айбланувчига нисбатан қўлланган қамоқда сақлаш билан боғлиқ эҳтиёт чорасини ўзгартиришсиз қолдиришга ажрим чиқарди.
Суд мажлисидан сўнг Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати Хушнид Аҳроров Kun.uz мухбирига берган изоҳида судья чиқарган ажримдан норозилигини билдирди. Унинг фикрича, қамоқда сақлаш – мазкур ҳолатда номутаносиб чора, жумладан, айбланувчининг кўп болали она экани ҳисобга олинмаган.
Эслатиб ўтамиз, Гулжаҳон Йўлдошева Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори лавозимида ишлаб келгани ҳолда бир кишининг COVID-19дан вафот этишига ва 250,8 млн сўм бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-тарож қилинишида гумон қилиниб ушланган.