Цемент нархи нега кескин кўтарилиб, кейин пасайди?
Биржа орқали савдо қилинадиган юқори ликвидли 38 хил товарнинг 27тасида бошланғич нархга нисбатан товар қиймати 10 фоизга ошиши мумкин. Аммо ёз ойларида цемент нархи кескин ошиб, кейин тушиш кузатилди. Бунга нима сабаб бўлганди?
Республика товар-хом ашё биржаси бўлим бошлиғи Алишер Ўриновнинг айтишича, охирги 2–3 ой ичида Ўзбекистонда цемент маҳсулотига талаб юқори бўлди.
«Цемент нархининг энг юқори чўққига кўтарилган даври июнга тўғри келди. Яъни маҳсулот 1 тоннасининг ўртача нархи биржа савдоларида 891 минг сўмга етди. Бунинг сабаби нимада эди? Ишлаб чиқарувчи корхоналар карантин талаблари туфайли, тўла ҳажмда ишламади. Шунингдек, импорт камайганди. Масалан, июнь ойида тахминан 600 минг тонна цемент сотилган бўлса, 158 минг тонна цемент четдан импорт қилинган. Кейинги ойда эса импорт сезиларли ошиб, 211 минг тонна цемент четдан Ўзбекистонга олиб кирилди. Бундан ташқари, маҳаллий цемент ишлаб чиқарувчилар қуввати ошиб, 750 минг тонна маҳсулот сотди», — дейди у.
Ўриновнинг қайд этишича, август ойида 350 минг тонна цемент импорт қилинган ва 900 минг тонна маҳсулот маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган. Бу эса нархнинг тоннасига 891 минг сўмдан 673 минг сўмгача тушишига олиб келди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси бўлим бошлиғи Обиджон Соатов маълумотига кўра, жорий йил январь ойи ўрталарида цемент нархининг 1 тоннаси 496 минг сўм бўлган.
«Март ойида ўрталарида эълон қилинган карантин чекловларига қадар, цемент нархида барқарор ўсиш кузатилган. Қатъий чекловлар кучга кирганда, нарх пастга қараб кетди. Май ойида ҳукумат махсус комиссияси қарори билан қурилиш ташкилотлар фаолияти карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, тикланиши маълум бўлди. Шундан кейин, цемент нархи яна ўса бошлади. Шу даврда ўсишга асосан ички талабнинг юқорилиги, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қуввати тўла етишмаётгани сабаб қилиб кўрсатилади. Шу туфайли, хориждан цемент импорт қилинади», — дейди у.
Июлда ҳукуматнинг «Цемент импортини соддалаштириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди. Ҳужжатга биноан, импорт қилинадиган цементни эркин муомалага чиқаришни соддалаштирилган тартибда амалга ошириши амалиёти жорий қилинди. Шундан сўнг, мамлакатга четдан цемент олиб кириш ҳажми қисқа фурсатда ўсиб кетди ва бу нархга ижобий таъсир қилди.
Ўтган ҳафта давомидаги биржа савдоларига 210 168 тонна цемент қўйилди ва шундан 203 140 тоннаси, яъни 96,7 фоизи сотилди. Шунда, ўртача кунлик сотув ҳажмлари 40,6 минг тоннани ташкил қилди. Кўриб чиқилаётган даврда цементнинг барча маркалари бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 680,3 минг сўмдан 640,4 минг сўмгача, яъни 5,9 фоизга пасайди.
«Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича 2020–2021 йиллардаги амалий ҳаракатлар режаси»га кўра, Ўзбекистонда цемент ва ойна ишлаб чиқарувчи хусусий корхоналар сони оширилади. Соҳадаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ орқали хорижий банкларнинг 175 миллион долларлик узоқ муддатли кредит линиялари жалб қилинади. Ҳукумат бу билан цемент нархи кескин ошиши ва импортга муҳтожлик даражасини туширишга ҳаракат қилмоқда.
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
01:16 / 20.11.2024
АҚШ ракеталари ёрдамида йўлланган биринчи зарбалардан кейин Россия акциялари 2 млрд долларга қулади
17:05 / 02.11.2024
Ўзбекистон сентябр ойида энг кўп олтин сотган давлатлар қаторига кирди
20:50 / 11.10.2024
Қозоғистон фонд биржаси Москва биржаси билан барча алоқаларни узди
09:00 / 18.09.2024