Фан-техника | 13:49 / 20.09.2020
8535
1 дақиқада ўқилади

Tesla автопилоти полициядан қочишга уринди

Канаданинг Альберта провинциясида автопилотда ҳаракатланган Tesla электромобили полиция таъқибидан яширинишга уринди. Бу ҳақда провинциянинг йўл полицияси маълум қилган. 

Фото: twitter.com

Полицияга шоссе бўйича катта тезликда ҳаракатланган ва рули ортида ҳеч ким йўқдек кўринган автомобил устидан шикоят тушган. Ҳайдовчи ва йўловчи бу вақтда ортга ташланган ўрндиқларда ухлаётган бўлган.
 
Патруллар Tesla Model S моделидаги ушбу машинани тезда аниқлаб, уни тўхтатишга ҳаракат қилишган. Бироқ шунда автомобил тезлигини 140 км/соатдан 150 км/соатгача оширган, ваҳоланки йўлда тезлик 110 км/соат билан чегараланган бўлган. 

Кейинроқ автомобил тўхтатилган, унинг 20 ёшли ҳайдовчисига эса автомобилни хавфли бошқариш айблови билдирилиб, судда жавоб бериши белгиланган.  

Альберта полицияси раҳбари Гэри Грэм ушбу воқеага изоҳ бериб, автопилот қўшимча хавфсизлик тизими ҳисобланишини ва ҳайдовчи назоратисиз қолдирилмаслиги кераклигини эслатиб қўйган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид