Жамият | 14:06 / 21.09.2020
2057
2 дақиқада ўқилади

Humo Visa халқаро тўлов тизими билан кобейжинг карталарини чиқаради

Миллий банклараро процессинг маркази (МБПМ) ва Visa кобейжинг карталарини чиқариш тўғрисида шартнома имзолади. Лойиҳада Visa халқаро тўлов тизими билан ишлайдиган Ўзбекистоннинг барча банклари қатнашади.

2020 йил 16 сентябрь куни Миллий банклараро процессинг маркази ва Visa халқаро тўлов тизими Visa-HUMO кобейжинг карталарини чиқариш тўғрисида шартнома имзолади. Эндиликда, Ўзбекистон аҳолиси ягона картадан мамлакат ичида ва ундан ташқарида тўловларни амалга оширишда фойдаланишлари мумкин.

«Visa-HUMO кобейжинг картаси – фойдали ва қулай молиявий воситадир. Энди сизга валюта картасини очиш ва хизмат учун комиссияни тўлашга вақт сарфлашнинг ҳожати йўқ. Карта эгаси иккала тўлов тизимининг афзалликлари: бутун Ўзбекистон ва дунёнинг бошқа 200та мамлакатида Visa картаси қабул қилинадиган ҳудудлардаги савдо дўконларда товарлар ва хизматлар учун тўловни амалга ошириш имконига эга бўлади», - дейди, МБПМ директори Шуҳрат Қурбонов.

Шартномага кўра, лойиҳа иштирокчилари Ўзбекистондаги Visa тўлов тизими билан ишлайдиган барча банклар ҳисобланади. Битим Visa Classic дебет картаси асосида ҳам пластик ҳам виртуал карталар ва рақамли маҳсулотлар кўринишидаги Visa-HUMO кобейжинг карталарини чиқаришни назарда тутади. Хизматлар ва қўшимча имкониятлар учун тарифлар банк томонидан белгиланади. 

Лойиҳа Visa ва МБПМга мамлакатдаги банклар, шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари билан биргаликда Ўзбекистон аҳолиси учун халқаро тўлов стандартларига жавоб берадиган хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга ва банкларнинг рақобатбардошлигини оширишга имкон беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид