Ўзбекистон | 15:56 / 27.09.2020
21250
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк бор авто-мото фестиваль бўлиб ўтмоқда

Ташкилотчилар автомобиль ихлосмандлари учун бу тадбир ҳар йили ўтказиладиган муҳим минтақавий лойиҳага айланишига умид қилишмоқда.

26-27 сентябрь кунлари Ўзбекистонда илк марта Amirsoy Mountain Resort тоғ-чанғи курорти ҳудудида автомобиль ихлосмандлари учун катта байрам – авто-мото фестиваль бўлиб ўтмоқда. Ушбу фестиваль президентнинг “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган.

Шу икки кун мобайнида “Амирсой” курорти 150 дан ортиқ тюнингланган эксклюзив авто ва мото техника учун йирик автопаркка айланади. Фестиваль ташкилотчилари меҳмонлар ва иштирокчилар учун DJ’ларнинг жонли (Live) чиқишлари, тест-драйв, мотоцикл райдерларининг трюклари, дрифтлар, курорт бўйлаб экскурсия ва турли хилдаги совринли танловлар каби кўнгилочар дастурларни намойиш қилишмоқда.

Ташкилотчилар автомобиль ихлосмандлари учун ушбу тадбир ҳар йили ўтказиладиган муҳим минтақавий лойиҳага айланишига умид қилишмоқда.

Uzbekinvest, UzAvto Motors, Adrenaline Rush ҳамда бошқа бир қатор таниқли компаниялар мазкур фестивални ташкиллаштиришда ҳамкор бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, Amirsoy Mountain Resort тоғ-чанғи курорти Италия, Германия, Австрия, Аргентина, Испания ва Дания мутахассислари иштирокида 2 йилдан камроқ вақт мобайнида 900 гектар майдонда қурилган.

Узунлиги 2193 метр бўлган канат йўли, кўп функцияли марказлар, шинам шалелар, ресторан, ҳаммом мажмуаси, СПА, бассейнлар ва бошқа турли ёшдаги сайёҳлар ва оилавий дам олиш учун мўлжалланган иншоотлар 2019 йилнинг декабрь ойида қуриб битказилган.

Мавзуга оид