«Савдо диверсификацияси учун кечиктирилмас чоралар кўрилиши зарур» – Тожикистон бош вазири
29 сентябрь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Тожикистон Республикаси бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашди.
«Тожикистон ва Ўзбекистон икки томонлама муносабатлари юқори даражадаги ишончдан далолат беради. Биз стратегик ҳамкоримиз ва ишончли қўшнимиз Ўзбекистон билан мустаҳкам алоқаларни қадрлаймиз.
Табиийки, икки томонлама ҳамкорликни бу даражага етказиш ва шу даражада ушлаб туриш, аввало, икки давлат раҳбарлари - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси президенти, ҳурматли Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси президенти, ҳурматли Шавкат Мирзиёев ўртасидаги самимий, дўстона ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар туфайли эришилган.
Фурсатдан фойдаланиб, Тожикистон томонининг Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича «Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисининг юзма-юз ўтказилаётганидан мамнунлигини билдираман. Фикримизча, комиссия иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим ва самарали омили сифатида фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг бугунги ташрифи жорий йилнинг сентябрь ойида муносабатларга туртки бериш, шунингдек, икки мамлакат ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасидаги Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги тадбирларнинг асосий банди саналади», деган Тожикистон бош вазири.
У муваффақиятли ўтказилган қатор чора-тадбирлар икки томоннинг ҳам муносабатларни юқори даражада ушлаб туриш ва келгусида янада ривожлантиришга тайёрлигининг нишонаси эканини қайд этган.
Тожикистон бош вазири коронавирус туфайли сўнгги ярим йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми камайганини айтиб ўтган.
«Ўтган уч йил давомида Ўзбекистон бизнинг ташқи савдо ҳамкорларимиз бешталигида барқарор мавқени эгаллаб келмоқда. Таҳлилларимизнинг кўрсатишича, Ўзбекистон билан савдо айланмаси 2015 йилдаги 12 миллион АҚШ долларидан 2019 йилдаги 362 миллион долларга етди. Бу кўрсаткич 30 бараварга ошган.
Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилнинг олти ойи давомида Ўзбекистон билан савдо айланмаси ҳажми 217 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этган. Бу эса савдо айланмаси ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,2 миллион АҚШ долларига камайганини кўрсатади. Шубҳасиз, бу ҳолат ўз сабабларига эга бўлиб, коронавирус пандемияси билан боғлиқдир.
Тожикистоннинг хорижий мамлакатлар билан умумий савдо ҳажмида Ўзбекистон билан савдо айланмаси 7 фоиздан зиёдни ташкил этади. Мисол учун, бу рақам 2016 йилда 1,8 фоизга тенг эди.
Жорий йилнинг саккиз ойида бизнинг маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажми 53 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бу Тожикистон экспорти умумий ҳажмининг 24 фоизини ўз ичига олади. Бу даврда Ўзбекистондан маҳсулотлар импорти 164,4 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Икки мамлакат ўртасидаги экспорт-импорт амалиётларида номутаносиблик мавжудлигини қайд этаман. Шу боис, савдо диверсификацияси учун кечиктирилмас чоралар кўрилиши зарур.
Бугун тор доирадаги учрашувимизда кун тартибидаги масалалар, хусусан, транспорт, энергетика, саноат, савдо, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, соғлиқни сақлаш, туризм, илм-фан, таълим ва маданият йўналишларидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Бундан ташқари, олий даражада эришилган келишувларни бажариш бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Икки давлат раҳбарлари савдо айланмаси ҳажмини 500 миллион АҚШ доллари ва яқин келажакда 1 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича бизни вазифадор этганликларини эътиборга олиш лозим. Тор доирадаги учрашув давомида биз рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш орқали иқтисодий дипломатия йўлларидан фойдаланишга ўзаро қизиқиш билдирдик.
Иқтисодий, савдо ва саноат соҳаларидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш пайтида биз маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарар етказмаслигимиз зарур. Шунга боғлиқ ҳолда, икки мамлакат ҳукуматлари қўшма корхоналар, филиаллар ва савдо уйлари фаолияти учун қулай шароитларни яратиб бериши зарур.
Қайд этиш лозимки, қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилишига боғлиқ мисоллардан бири, бу «Тожикистон ва Ўзбекистон инновацион ширкати»ни ташкил этишга оид битимдир. Икки давлатнинг тегишли идоралари яқин фурсатларда ушбу ширкатнинг амалий фаолиятини бошлашига умид қиламан», деган Расулзода.
У Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги соғлиқни сақлаш ва санитар-эпидемиологик вазиятни таъминлаш соҳаларидаги ҳамкорлик хусусида ҳам фикр билдириб, Ўзбекистон томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун Тожикистон ҳукумати номидан миннатдорчилик билдирган.
Мавзуга оид
12:08
Абдулла Арипов бош вазир лавозимига қайта тасдиқланди
18:33 / 04.11.2024
Абдулла Арипов Шанхайда Хитой бош вазири билан учрашув ўтказди
18:17 / 04.10.2024
Бош вазир Абдулла Арипов шахмат федерациясига раислик қилади
22:17 / 01.10.2024