Фан-техника | 21:22 / 30.09.2020
5369
2 дақиқада ўқилади

Hyundai қадам ташлаб юрувчи автомобиллар ишлаб чиқариш билан шуғулланади

Hyundai компанияси турли сиртлардан максимал ўтувчан (UMV — Ultimate Mobility Vehicles) транспорт воситасини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи New Horizons Studio бўлинмаси шакллантирилишини эълон қилди. UMV тоифасидаги воситаларга Лас-Вегасдаги CES кўргазмасида тақдим қилинган қадам ташлаб юрувчи Elevate концепти киради. 

Фото: Hyundai

Компанияда таъкидланишича, New Horizons Studio машиналари биринчи навбатда ўтиш ўта қийин бўлган, жумладан автомобилларда бориб бўлмайдиган жойлар бўйлаб саёҳат қилувчилар учун мўлжалланган. Бундан ташқари, бундай машиналар йўллар бўлмаган ҳудудларда ишлашига тўғри келувчи турли фавқулодда хизматлар эътиборини тортиши мумкин. Шунингдек, автомобил имконияти чекланган кишилар учун асқотади.    

Янги бўлинмага Hyundai вице-президенти Жон Су раҳбарлик қилади. 

“Биз трансформерлар тоифасидаги дунёдаги илк автомобилни яратмоқчимиз”, деб айтган Жон Су.

New Horizons Studio’нинг биринчи машинаси Elevate’нинг серияли версияси бўлиши эҳтимол қилинмоқда. Elevate роботлаштирилган букилувчи “оёқ”ларга бириктирилган оддий ғилдираклар билан жиҳозланган. Машина зарурат туғилганда нафақат юриши, балки турли мураккаб сиртлар бўйича қадам ташлаб юриши ва уларга ўрмалаб чиқиши ҳам мумкин. Муҳандисларнинг таъкидлашича, Elevate 2 метр баландликдаги тўсиқни бемалол ошиб ўтиши мумкин.

Машина электр куч қурилмаси ёрдамида ҳаракатланади. У, шунингдек, автоном бошқарув тизими билан жиҳозланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид