Коронавирусга қарши жамоавий иммунитет шаклланиши мумкинми - у ҳолда вакцинани кутишдан маъно борми?
ЖССТ 11 март куни янги коронавируснинг тарқалишини тўхтатишга қаратилган уринишлар муваффақиятсиз кечгани ва эпидемия глобал тус олганини тан олганда расман тасдиқланган ҳолатлар сони эндигина 125 мингдан ошганди. Бироқ, бу фақат бошланиши, ҳақиқий инқироз ҳали олдинда эканлиги ҳақидаги тахминлар ўзини оқлади.
Олимлар пандемияни қандай жиловлаш кераклиги ҳақидаги саволга елка қисиб жавоб беришарди. Сирли вирус ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас эди: на у қаердан келиб чиққани, на қандай тарқалгани, на қандай аломатлар орқали уни аниқ аниқлаш мумкинлиги тайин эди.
Танлашга икки йўл турарди ва иккиси ҳам номаълумлик сари етакларди.
Биринчи йўл - ташқи дунё билан алоқани иложи борича чеклаш ва вакцина тайёр бўлгунча кутиш. Бироқ, ҳеч ким бунинг қанча вақт олишини билмасди - ваҳоланки самарали вакцина яратилиши мумкинлигига кафолат ҳам йўқ эди.
Иккинчи йўл - эртами-кечми вирус ҳаммага юқишини қабул қилиш ва жамоавий иммунитетга умид қилиб, бу жараёнга ортиқча аралашмасликка ҳаракат қилиш. Бу стратегия, вирус ҳақида етарлича маълумот йўқлиги шароитида анча хавфли бўлиб туюлган - бунинг устига унинг натижаларини ҳам олдиндан айтиб бўлмасди.
Европанинг аксарият давлатлари таваккал қилмаслик йўлини танлашди: чегаралар ёпилди ва қатъий карантин жорий этилди. Бошқалар, масалан, Швеция ёки Беларусь каби давлатлар ҳукуматлари буни ихтиёрий-мажбурий изоляциясиз амаллаш мумкин деган қарорга келишди ва иккинчи вариантни танлашди.
Эпидемия ривожланиши икки параллел сценарийда кетди.
Олти ой ўтиб касалланиш статистикаси ҳар куни 300-350 минг кишига кўпаймоқда ва коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони бир миллиондан ошиб кетди. Бироқ, икки вариантнинг қайси бири тўғри бўлгани ва охир-оқибатда самаралироқ чиққани ҳақидаги саволга олимлар ҳануз жавоб топишмаган.
Уч ой олдин Швеция хатога йўл қўйгандек туюлганди: бошқа мамлакатлар билан таққослаганда, у ердаги жон бошига ўлим даражаси беқиёс даражада эди. Аммо сентябрнинг ўрталарига келиб вазият тубдан ўзгарди: энди Швеция статистикаси кескин карантин жорий этган Британия, Италия, Испания ёки АҚШга қараганда анча яхши кўринишга эга.
Умуман олганда, сўнгги олти ой ичида биз вирус ҳақида кўп маълумотга эга бўлдик. Хусусан, дунёда Covid-19'ни қайта юқтиришнинг бир нечта ҳолатлари аллақачон қайд этилган, бунинг ортидан ушбу касалликдан тузалгандан кейин одамда мустаҳкам иммунитет ҳимояси пайдо бўлишига шубҳа уйғонган.
Янги коронавирусга қарши жамоавий иммунитет пайдо бўлишининг иложи борми? У ҳолда вакцина ишлаб чиқишни давом эттиришдан маъно борми? BBC шу каби саволларга жавоб излади.
«Бу ўлим ҳукми!»
Аввало, жамоавий иммунитет нима эканлиги ва у қандай ишлашини ёдга олиш зарур.
Жамоавий иммунитет деб у ёки бу инфекциянинг маълум бир гуруҳ ичида эркин тарқалиб кета олмаслигига айтилади, чунки гуруҳнинг аксарият қисми эмлаш ёки аввал бошдан кечирилган касаллик туфайли касалликка дучор бўлмайди.
Ўзи касалланмаган одам вирусни бошқаларга ҳам юқтирмайди. Бинобарин, унинг иммунитети билвосита бошқаларни улар касалланиб, сизга юқтириши мумкин бўлган вирусдан ҳимоялайди. График жиҳатдан шундай кўринади:
Бир қарашда жамоавий иммунитетнинг чегара қийматини ҳисоблаш қийин эмасдек: уларнинг ҳимояси бошқаларга ҳам таъсир қилиши учун қанча одам касал бўлиши (ёки эмланиши) керак?
Кўпгина касалликлар учун бу рақам ҳақиқатан ҳам маълум ва кўпинча жуда юқори. Масалан, қизамиқдан самарали ҳимоя ҳосил бўлиши учун аҳолининг 90-95 фоизи ушбу ниҳоятда юқумли бўлган касалликка қарши эмланган бўлиши керак. Полиомиелит эса нисбатан кам юқумли ва у учун бу кўрсаткич 80-85 фоизни ташкил қилади.
Вируснинг эртами-кечми ҳаммага юқиши маълум бўлган март ойида мутахассисларнинг аксарияти пандемияга қарши курашда асосий эътиборни жамоавий иммунитетга қаратишга қатъий қарши бўлгани ажабланарли эмас.
«Агар вирус ҳаммага юқса - ҳатто аксарият инсонлар Covid-19'ни аломатларсиз бошдан кечирса ҳам - жуда кўп қурбон берилади, - деб тушунтирган АҚШ бош эпидемиологи Энтони Фаучи. - Вирус нафақат қариялар учун, балки ёндош касалликларга эга бўлган ҳар қандай ёшдаги одамлар учун хавфлидир. Америкада қанча одам диабет, семизлик, гипертония билан касалланганини ҳисобга олсак - вирус барчага юқадиган бўлса, ўлим сони жуда катта бўлади. Бу қабул қилиниши мутлақо мумкин бўлмаган йўл».
«Жамоавий иммунитет стратегияси мумкин бўлган усуллардан биридир деган фикр бор... Бу ўлим ҳукмидир!, - дея Фаучининг фикрларига қўшилди Австралия бош вазири Скотт Моррисон. - Биз бу вариантни ҳеч қачон кўриб чиқмаганмиз».
Аммо, Covid-19'га қарши кураш бўйича қарорни қизамиқ ёки полиомиелитга доир ҳисоб-китоблар асосида қабул қилиш ҳеч бўлмаганда ғалати эканлиги борасида ҳеч ким баҳслаша олмайди.
Коронавирусдан жамоавий иммунитетнинг чегараси қандай?
Уни ҳисоблаш бир қарашда кўринадиган даражада осон эмас - иблис ҳар доимгидек тафсилотларда яширинган. Ўнлаб омилларни ҳисобга олиш зарур: вируснинг айнан қандай юқиши, қанчалик юқумли бўлиши, касаллик аломатлари бор ёки йўқлигининг юқтиришга таъсири, касалланганларнинг ижтимоий фаоллиги даражаси ва бошқалар.
Янги коронавирус ҳолатида ушбу кўрсаткичларнинг аксарияти ёш гуруҳлари бўйича жуда катта фарқ қилади (ва баъзилари ҳали номаълум), бу эса ҳисоб-китобларни янада қийинлаштиради.
Бироқ, бу уни ҳисоблаш мутлақо иложсиз дегани эмас. Шунингдек, камида бир неча илмий тадқиқотлар шу каби ҳисоб-китобларга бағишланган.
Жамоавий иммунитет аллақачон реалликка айландими?
Олти ой аввал мамлакатлар карантин жорий этиш ёки этмаслик ҳақида ўйлаётганда, ҳокимиятнинг якуний қарорига олимлар жамоавий иммунитетнинг чегара қийматини 60 фоиз деб баҳолагани кўп жиҳатдан асос бўлган.
Касалланиш ҳолатлари сони тез ўсиши, вирус ҳақида маълумотлар етишмаслиги ва ўлим даражаси нисбатан юқори бўлгани сабабли, жамоавий иммунитет даражаси юз минглаб, ҳатто миллионлаб ўлимларга айланиш хавфини туғдирди.
Бироқ, июнь ойи охиридаёқ Covid-19'дан жамоавий иммунитет чегараси атиги 40 фоизни ташкил этишини тасдиқлаган бир тадқиқот пайдо бўлди. Илмий иш муаллифлари инфекцияни асосан ёшлар ва ўрта ёшдаги одамлар бошдан кечираётгани ва уларнинг иммунитети қариялар ва чақалоқларга қараганда одатда кучлироқ бўлишини далил қилиб келтиришган.
Худди шу мақолада қатъий чеклов чораларининг самарадорлиги тўғрисида шубҳалар билдирилган - унинг бирданига бекор қилиниши инфекциянинг янги авж олишини келтириб чиқариши мумкин: «Агар вазиятга фармацевтик бўлмаган аралашув ортса, жамоавий иммунитетга эришилмайди. Бундай ҳолатда чеклов чораларига тез енгиллик берилиши касалланишнинг кескин ўсишига олиб келади».
Сентябрь ойи ўрталарида Стокҳолм университети профессори Том Бриттон бошчилигидаги ушбу тадқиқот илмий жамоатчилик томонидан мустақил равишда кўриб чиқилди ва Science'да нашр этилди.
Бироқ, жамоавий иммунитет мавзусидаги ҳали нашр этилмаган илмий тадқиқотлар орасида анча паст кўрсаткичлар ҳам бор.
Масалан, Оксфорд Университетида ўтказилган тадқиқотлардан бирининг муаллифлари Буюк Британияда Covid-19'нинг иккинчи тўлқинини олдини олиш учун аҳолининг атиги 20 фоизи вирусга қарши иммунитетга эга бўлиши лозимлигини таъкидламоқда.
Глазго шаҳридаги Стратклайд университети профессори Габриэл Гомес бошчилигидаги олимлар гуруҳи эса жамоавий иммунитетнинг чегара қийматини ҳатто 10-20 фоиз даражасида баҳоламоқда.
Аксарият мутахассислар кўрсаткич бу қадар паст бўлиши мумкинлигига шубҳа қилишади, аммо вируснинг тарқалиши жуда фарқли эканлиги аниқ.
Коронавирус эпидемиясидан энг кўп азият чеккан йирик шаҳарларда, масалан, Нью-Йорк, Лондон ёки Нью-Деҳлида вирусдан соғайганлар улуши нисбатан юқори. Баъзи олимларнинг фикрига кўра, у ерда жамоавий иммунитет шаклланиши учун шунинг ўзи етарли бўлиши мумкин.
«Бу муаммонинг ечими эмас!»
Бироқ, юқоридаги барча тадқиқотларга қарамай, ЖССТ ҳали ҳам жамоавий иммунитетга ишониб қолмаслик кераклигини таъкидламоқда.
«Жаҳон миқёсида касаллик тарқалишини тўхтатиш учун етарли иммунитет даражасига яқинлашганимиз ҳам йўқ, - деди 21 август куни ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар дастурини бошқарувчи ирландиялик эпидемиолог Майкл Райан. - Бу муаммо ечими эмас ва ечимни бу йўлдан излаш ҳам ярамайди».
Гўё унинг сўзларини тасдиқлагандек, худди шу баёнотдан бир неча кун ўтгач, шифокорлар Covid-19 вирусини қайта юқтириш ҳолатлари ҳақида хабар беришди.
«Биз вакцинага эга бўлмагунимизга қадар, ҳеч бир мамлакат эпидемияни тўхтатишнинг уддасидан чиқолмайди, - деди ташкилот бош директори Тедрос Гебрейесус. - Гарчи бизда вакцина ишлаб чиқилишига кафолат йўқ. Бундан ташқари, пайдо бўлган тақдирда ҳам унинг ўзи пандемияни ўз-ўзидан тугата олмайди».
Айни вақтда Йель университети тиббиёт мактаби профессори Сидни Шпизел анча некбин фикрда. Унинг сўзларига кўра, қайта касалланиш ҳолатларининг жуда камлиги сабаби айнан беморларнинг катта қисми соғайишдан сўнг коронавирусга нисбатан барқарор иммунитетга эга бўлишидадир. Ва эртами-кечми - вакцина билан ёки у сиз ҳам - у жамоавийга айланади.
«Жуда кенг тарқалиш билан - масалан, 60-80 фоиз - бундай иммунитет шунчаки жамоавийга айланиши ва вирус тарқалишининг аянчли доирасини тўхтатиши керак. Аммо самарали вакцина яратилиши ва аксарият инсонлар эмланмагунга қадар кучли жамоавий иммунитетга эришиб бўлмайди», деб таъкидлайди профессор Шпизель.
Стенфорд тиббиёт мактаби профессор-эпидемиологи Жон Иоаннидис коронавируснинг ўзи унчалик қўрқинчли эмаслигини эслатади. У фақат танасида касалликнинг оғир шакли ривожланиб кетувчилар учун муаммо туғдиради - улар эса, кўринишидан, жуда камчиликни ташкил этяпти.
«Ҳозир кўрганларимиздан ваҳима қўзғаш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Аммо қайта юқтиришлар жамоавий иммунитет истиқболи ва вакцина самарасига қандай таъсир кўрсатаётганига ишонч ҳосил қилишимиз учун кўпроқ маълумот тўплашимиз керак», деди у.
Олимлар бир овоздан такрорлашда давом этишмоқда: янги касаллик ҳақида ҳали ҳам жуда кам маълумотга эгамиз. Масалан, нима учун баъзи беморлар соғайгандан сўнг уларнинг қонида вирусга қарши жуда кўп антитаналар пайдо бўлиши, бошқаларида эса деярли йўқлиги тушунарсиздир.
Профессор Бриттоннинг ҳисоб-китобларига кўра, агар Англияда 24 миллион киши вирус билан касалланса, жамоавий иммунитетга эришиш мумкин бўлади. Вакцинация ёрдамида худди шундай натижага эришиш учун эса 33,6 миллион инглиз эмланиши талаб этилади.
Бироқ, профессор Иоаннидиснинг эслатишича, ишончли вакцина ишлаб чиқилишига кафолат йўқ. Вакцина ишлаб чиқилса ҳам, у касалликдан соғайишдан кейин ҳосил бўлган иммунитетдан кўра самаралироқ бўлиш-бўлмаслиги номаълум.
«Вакцина ҳақиқатан ҳам бошқа иммунитет таъсирини келтириб чиқариши мумкин - бу табиий инфекцияланиш натижасида ҳосил бўлганидан фарқ қилади. Демак, вакцина орттирилган иммунитетга қараганда вирусга қарши самаралироқ ва узоқ муддатли ҳимоя қилиши мумкин», дейди Ҳарвард университети Тизимли биология марказининг етакчи мутахассиси Самар Мета.
Шундай қилиб, доктор Метанинг хулоса қилишича, жамоавий иммунитет бир қарашда кўринганидан анча яқинроқ бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
10:06 / 16.02.2023
Ковиддан кейинги синдром бир неча ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин — мутахассис
03:31 / 16.02.2023
Коронавируснинг келиб чиқиши бўйича ЖССТ суриштируви тўхтаб қолди
10:02 / 31.01.2023
ЖССТ пандемия тугаганини эълон қилишига айрим ҳудудлардаги вазият тўсқинлик қилмоқда
23:06 / 16.01.2023