Сенат қўмитаси раиси: Гулжаҳон Йўлдошевага қўлланган эҳтиёт чораси ўзгартирилиши керак
Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори – вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича Бош прокуратура расмийлари билан суҳбатлашди.
Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори – вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганди. Қамоқ эҳтиёт чораси танланишига унинг терговдан яширингани ва расмий ҳужжатларни нобуд қилишга урингани сабаб қилиб кўрсатилган.
Kun.uz манбааси қўлга киритган маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича Бош прокуратура расмийлари билан суҳбатлашган.
Ўзаро суҳбат давомида жиноят иши тафсилотлари, содир этилган қилмишнинг оғирлик даражаси, жиноятни оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатлар муҳокама қилинган.
Суҳбат давомида Б.Матмуратов Гулжаҳон Йўлдошеванинг биринчи галда аёл киши эканлиги, қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги ҳамда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини инобатга олиб, шунингдек, борди-ю айбланувчининг очиқда қолдирилиши дастлабки терговга халал бермайдиган бўлса, унга нисбатан танланган эҳтиёт чорасини гаров, шахсий кафиллик ёки уй қамоғи тарзидаги, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартиришни тавсия қилган.
Қўмита раисининг тавсияларига Бош прокуратура расмийлари томонидан қандай муносабат билдиргани ҳозирча номаълум.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирусга чалинган беморларни даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётгани, оғир вазиятларда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмаганини айтган эди.
Кейинроқ бу масалада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов ўз муносабатини билдириб, Чирчиқдаги шифохона COVID-19 беморларини даволашга ихтисослашмагани, Г.Йўлдошева асоссиз маълумотлар тарқатаётганини айтди.
8 сентябрь куни Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура бу ҳолатга муносабат билдириб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўладиган мансабга совуққонлик билан қараш) билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилгани ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини маълум қилди.
Суднинг эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисидаги ажрими устидан киритилган апелляция шикояти ЖИБ Тошкент вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, айбланувчига нисбатан қўлланган қамоқда сақлаш билан боғлиқ эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди.
Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроров у айбсизлигини айтиб, тергов нохолис олиб борилаётганини таъкидламоқда.
Мавзуга оид
18:43 / 05.12.2022
“Катта пулларни ўмаришга халақит қилган эдим” — Гулжаҳон Йўлдошева билан суҳбат
15:38 / 01.09.2022
Гулжаҳон Йўлдошева иши. Олий суд ҳукмни қисман бекор қилиб, ишни қайта кўришга юборди
20:06 / 06.04.2021
Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича жами 5 кишига ҳукм ўқилди
18:13 / 05.04.2021