Ўзбекистон | 22:05 / 06.10.2020
61713
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ТИВ Қирғизистондаги воқеалардан хавотир билдирди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистонда парламент сайловларидан кейин юзага келган вазият юзасидан баёнот берди.

Фото: AP/ТАСС

«Қирғиз Республикасида юзага келган кескин вазият ва воқеалар ривожи Ўзбекистон Республикасида жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Ўзбекистон яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида қардош Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез орада барқарорлашувига умид қилади.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга қатъий содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз.

Қирғизистоннинг барқарорлиги ва мустаҳкам ривожланиши бутун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги ва фаровонлигининг муҳим омили ҳисобланади.

Ҳозирги мураккаб вазиятда биз Ўзбекистонда кўп асрлик тарихий ва қариндошлик ришталари, умумий маданий ҳамда маънавий қадриятлар билан мустаҳкам боғланган биродар Қирғизистон халқига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрмиз», дейилган баёнотда.

Қирғизистонда 4 октябрь куни парламент сайловлари ўтказилди. 5 октябрь куни дастлабки натижалар эълон қилиниши ортидан мухолиф партиялар тарафдорлари сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан митинг бошлади. Кун охирида намойишчилар парламент биноси ва президент қароргоҳи жойлашган Оқ уй биносига бостириб киришди. Кейинроқ Бишкек шаҳридаги бошқа ҳукумат бинолари ҳам эгаллаб олинди, шунингдек, Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси биносига бостириб кирган намойишчилар мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевни озод қилишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, тунги тартибсизликлар вақтида бир киши ҳалок бўлган, яна 590 киши жароҳатланган.

6 октябрь куни президент Сўронбай Жээнбеков видеомурожаат билан чиқиб, Қирғизистонда ҳукуматни ноқонуний эгаллашга уриниш юз бергани ҳақида гапирди. Айни вақтда у қаердалиги номаълум.

Шу куни Марказий сайлов комиссияси сайлов натижалари ҳақиқий эмас деб топилганини маълум қилди.

Бу воқеалар ортидан Қирғизистон бош вазири Кубатбек Боронов ва парламент спикери Достон Жумабеков истеъфо берган.

Собиқ депутат, тартибсизликлар вақтида колониядан озод этилган Садир Жапаров бош вазир этиб тайинланди.

Мавзуга оид