Жаҳон | 00:35 / 06.10.2020
5139
3 дақиқада ўқилади

Трамп яқин соатларда тиббий марказни тарк этишини маълум қилди 

Фото: CNN

Уолтер Рид номидаги тиббий марказда коронавирусдан даволанаётган АҚШ президенти Дональд Трамп ўзини яхши ҳис қилаётганини ва 5 октябрь оқшомида (Тошкент вақти билан 6 октябрь) у ерни тарк этишини твиттерда маълум қилди.

“Мен Уолтер Рид номидаги тиббий марказдан бугун соат 18:30да чиқаман. Ўзимни ҳақиқатан ҳам яхши ҳис қилмоқдаман. Коронавирусдан қўрқманг. Унга ҳаётларингиз устидан ҳукмронлик қилишга ижозат берманг. Биз, Трамп маъмурияти вақтида, ҳақиқатан ажойиб дорилар ва билимлар олдик. Мен ўзимни 20 йил аввалгидан кўра яхшироқ ҳис қилмоқдаман!”, деб ёзган Трамп.

Бу орада Трампни даволаётган шифокорлар унинг госпиталдан Оқ уйга қайтишига қаршилик билдирмаганлар. Бу ҳақда Оқ уй шифокори Шон Конли маълум қилди.

“Биз унинг уйга қайтишига ва бу унга хавфли эмаслигига розимиз”, деб айтган Конли брифингда.

Унинг таъкидлашича, Оқ уйда Трампни “энг кучли шифокорлар” даволашни давом эттиради. Бироқ у АҚШ президенти “ҳали хавфсиз ҳолатда эмаслиги”дан огоҳлантирган. 

Конлининг таъкидлашича, Трампга кетишидан аввал Remdesivir дорисидан яна бир доза берилади, шундан кейин у госпиталдан чиқарилади.

АҚШ президенти яна бир твитида 4 октябрда госпитал ёнида тўпланган тарафдорларига миннатдорлик билдиргани госпитал ташқарисига чиққани сабабини тушунтирган ва бундан афсусланмаслигини айтган. “ОАВда мен ҳимояланган автомобилга ўтириб, президентга ҳурматини кўрсатиш учун шифохона ёнида кўплаб соат ва ҳаттоки кунлаб кутган тарафдорларимга миннатдорлик билдиргани чиққанимдан норозилик билдирилди, дейишмоқда. Агар буни қилмаганимда, ОАВ мени қўрс деб атаган бўларди!”, деб ёзган Трамп.  

Аввалроқ АҚШ президенти госпиталдан иложи борича тезроқ чиқарилишини талаб қилгани, чунки госпиталда қолиши унинг имижига салбий таъсир қилиши, уни “заиф” қилиб кўрсатиши мумкинлигидан хавотирлангани маълум қилинган. 

Мавзуга оид