Ўзбекистон | 21:47 / 07.10.2020
12664
2 дақиқада ўқилади

Солиқ кодексига ўзгартиш киритилди

Ўзбекистон Солиқ кодексига тегишли ўзгартиш киритилди. Ушбу ўзгариш жорий йил 5 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 640-сон қонун билан амалга татбиқ этилмоқда.

Ҳужжатда Солиқ кодексига жисмоний шахсларнинг ер солиғи бўйича имтиёзлари тўғрисида ўзгартириш киритиш назарда тутилган. Солиқ кодексининг 436 моддасида ушбу солиқ имтиёзи берилган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами тоифалари келтирилган. Энди Солиқ кодексининг 436 моддаси биринчи қисмининг 5-банди қуйидаги янги таҳрирда баён этилмоқда:

«5) боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар. Ота ва онадан бири ёхуд ота-она вафот этган кўп болали оилалар солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалардир. Ушбу имтиёз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади».

Давлат солиқ қўмитаси хабарига кўра, тўрт нафар ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган боласи бўлган оилалар ер солиғидан озод этилади. Бунда, агар тўрт нафар ва ундан ортиқ болаларидан бир нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва профессионал, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда йигирма икки ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила деб ҳисобланади ва ер солиғи имтиёзидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 640-сон қонунига мувофиқ «кўп болали оила» атамасининг таърифи Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига киритилди.

Мавзуга оид