Тинчлик бўйича Нобел мукофоти очарчиликка қарши кураш учун берилди
Тинчлик бўйича Нобел мукофоти соҳиби деб топилган Жаҳон озиқ-овқат дастури очарчиликни қурол сифатида ишлатишга қарши курашмоқда, дея маълум қилди Нобел қўмитаси.
Дунё бўйлаб очарчиликдан азият чекаётганларга озиқ-овқат етказиб берадиган БМТнинг инсонпарварлик ташкилоти - Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (World Food Programme (WFP) 2020 йилги Нобел тинчлик мукофоти соҳиби деб топилди. Норвегия парламенти томонидан аъзолари тайинланадиган Норвегия Нобел қўмитаси шундай қарорга келди.
Қарорга кўра, WFP «очлик билан курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, можаролардан зарар кўрган ҳудудларда яшаш шароитларини яхшилашга қўшган ҳиссаси ҳамда уруш ва можароларда очарчиликни қурол сифатида ишлатмасликнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатидаги ишлари учун» мукофотга сазовор бўлди.
«Бу йилги мукофот билан Норвегия Нобел қўмитаси дунёнинг эътиборини очарчиликдан азият чекаётган ёки очарчилик хавфига дуч келган миллионлаб одамларга қаратишни хоҳлайди», - дейилади қўмита хабарида.
Қўмита 2020 йилда бутун дунёга тарқалган COVID-19 коронавирус инфекцияси шароитида қатор минтақаларда очарчилик хавфи кучайганлигини таъкидлади.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин, АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг бўлажак сайловлардаги рақиби Жо Байден, россиялик мухолифатчи Алексей Навалний ва бошқаларнинг тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзод сифатида кўрсатилиши ҳақида хабарлар тарқалган эди.
BREAKING NEWS:
— The Nobel Prize (@NobelPrize) October 9, 2020
The Norwegian Nobel Committee has decided to award the 2020 Nobel Peace Prize to the World Food Programme (WFP).#NobelPrize #NobelPeacePrize pic.twitter.com/fjnKfXjE3E
Ўтган йили Нобел тинчлик мукофоти Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Алига «тинчлик ва халқаро ҳамкорликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, хусусан, қўшни Эритрея билан чегара можаросини ҳал қилиш бўйича қатъий ташаббуси учун» берилди.
2020 йилда Нобел мукофотининг миқдори ўтган йилга нисбатан 1 миллион швед кронасига кўпайтирилиб, 10 миллионга етказилди (1,12 миллион доллар).
2020 йилда Нобел ҳафталиги тиббиёт бўйича мукофот ғолиблари эълон қилинган 5 октябр кунидан бошланди. У гепатит C вирусини аниқлаган америкалик олимлар Чарлз Райс ва Ҳарви Олтер ҳамда британиялик Майкл Ҳоутонга берилди. Бу касалликни даволаш ва қон қуйиш орқали унинг тарқалишининг олдини олишга ёрдам бўлди.
6 октябр куни қора туйнуклар устида ишлаганлиги учун физика бўйича мукофот ғолиблари эълон қилинди. Британиялик Рожер Пенроуз мукофотнинг ярмини «қора туйнукларнинг пайдо бўлиши умумий нисбийлик назариясининг ишончли тасдиғи» эканлигига, америкалик Райнҳард Генцел ва Андреа Гез эса «галактика марказида супермассив ихчам объект топилганлиги» учун лауреатга айланди. 7 октябр куни кимё бўйича Нобел мукофоти «генетик қайчи» ишлаб чиққан америкалик Женнифер Дудна ва франциялик Эммануэл Шарпантега топширилгани маълум бўлди.
8 октябр куни 2020 йилги адабиёт бўйича Нобел мукофоти америкалик шоира Луиза Глюкка берилди. Швеция академияси унинг «мавжудликни ўз қатъий гўзаллиги билан универсал қиладиган шеърий овози»ни юқори баҳолади.
Нобел ҳафталиги 12 октябр куни якунланади, шу куни Швеция Банки Алфред Нобел номидаги иқтисодий фанлар соҳасида мукофот лауреатини очиқлайди (у норасмий равишда иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти деб аталади, аммо уни Нобелнинг ўзи эмас, балки Швеция Банки 1969 йилда таъсис этган).
Алфред Нобелнинг васиятига биноан Нобел тинчлик мукофоти «тинчликпарварлик конференцияларини ўтказиш ва тарғиб қилишда, халқларнинг бирдамлиги, доимий армиялар сонининг камайишига катта ҳисса қўшган»ларга берилади. 1901 йилда мукофотнинг биринчи лауреатларига Халқаро Қизил хоч қўмитасининг асосчиси Анри Дюнан ва Парламентлараро иттифоқ асосчиси Фредерик Пасси айланди.
1901-2019 йилларда мукофот атиги 100 марта топширилган, 19 йил давомида - 1914-1916, 1918, 1923, 1924, 1928, 1932, 1939-1943, 1948, 1955-1956, 1966-1967 ва 1972 йилларда мукофотга муносиб номзод топилмаган.
Шу вақт ичида 107 кишига, шу жумладан 17 нафар аёлга ва уч марта Халқаро Қизил хоч қўмитасини ўз ичига олган 27та ташкилотга Нобел тинчлик мукофоти берилди.
Ўзига берилган тинчлик бўйича Нобел мукофотидан бош тортган ягона шахс бу 1973 йилда АҚШ давлат котиби Генри Киссинжер билан бирга ушбу мукофотга сазовор бўлган ветнамлик сиёсатчи Ле Дик Тходир.
Тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзоди қўйилганлар орасида ҳозирда тинчлик учун курашдаги хизматлари камида баҳсли сифатида баҳоланаётган шахслар ҳам бўлган - Иосиф Сталин (1945 ва 1948 йилларда), Адолф Гитлер (1939), Бенито Муссолини (1935), шунингдек Хуан Перон, Невилл Чемберлен, Гарри Трумэн, Николай II. Бундан ташқари, Лев Толстой, Эрих Мария Ремарк, Николай Рерих, Пер де Кубертен, Мария Монтессори, Роберт Баден-Пауэлл ва бошқалар Нобел мукофотига номзод бўлишган.
Мавзуга оид
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:00 / 05.11.2024
Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ
14:10 / 05.11.2024
БМТ: РФ ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик «хавфли эскалация»га олиб келади
13:50 / 05.11.2024