Спорт | 20:06 / 11.10.2020
2985
2 дақиқада ўқилади

“Формула-1”: Льюис Ҳэмилтон афсонавий Шумахернинг рекордини такрорлади

“Мерседес” пойгачиси Льюис Ҳэмилтон “Формула-1”нинг Германиядаги  Нюрбургринг трассасида ўтган босқичида ғалаба қозонди. Эътиборлиси, британиялик пойгачи “Формула-1”да ютилган босқичлар сони бўйича афсонавий пойгачи, 7 карра жаҳон чемпиони Михаэл Шумахернинг рекордини такрорлади.

Фото: Getty Images

Айфел гран-присидаги ғалаба Ҳэмилтон учун фаолиятидаги 91-ғалаба бўлди. 

Пойгада 2-ўринни “Ред Булл” пойгачиси Макс Ферстаппен, 3-ўринни “Рено” вакили Даниэль Риккьярдо эгаллади. 

Ҳэмилтон ўзи учун навбатдаги ғалаба билан якунлаган пойгадан олган таассуротлари билан бўлишди.

“Биз пойгани аъло даражада бошладик. Шумахер рекордини такрорлай олганимга тўхталадиган бўлсак, бу мен учун катта шараф. Мен буни қадрлайман. Бу рекордга етаман, деб ўйламагандим. Менга буни идрок қилиш учун вақт керак. Жамоам юқори ўринлар сари курашишим учун ўз ишини давом эттирмоқда”, деб айтган Ҳэмилтон.

11 босқичдан кейин пойгада Ҳэмилтон 299 очко билан пешқадам бўлиб қолмоқда. Етакчи учликдан 160 очко билан Валттери Боттас ва 147 очко билан Макс Ферстаппен ҳам жой олган.

Пойгада яна бир ёдда қоладиган воқеа бўлди: Шумахернинг ўғли Мик Шумахер отасининг рекордини такрорлагани учун Ҳэмилтонга афсонавий пойгачининг шлемини совға қилди.

Пойганинг навбатдаги 12-босқичи Португалияда 23-25 октябрь кунлари бўлиб ўтади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид