Жаҳон | 21:48 / 11.10.2020
79674
14 дақиқада ўқилади

Кимлар кетди ва кимлар келди? Қирғизистон сиёсий ҳаётидаги сўнгги ўзгаришлар

Қирғизистонда бир ҳафта олдин ўтказилган парламент сайловларидан кейин сайлов натижаларига норозилик сифатида оммавий намойишлар бошланганди. Бир кун ичида мухолифат тарафдорлари жиддий натижаларга эришиб, қамоқхоналардан сиёсий маҳбусларни озод этишди; айни вақтда мамлакатни ким бошқармоқда ва кейин ким бошқаради, буниси ҳамон номаълум бўлиб қолмоқда. Қамоқдан чиқарилган собиқ депутат бош вазир лавозимига тасдиқланган.

Қуйида ушбу мамлакатдаги сиёсий инқирознинг асосий иштирокчилари билан нима бўлаётгани ҳақида маълумотлар келтирилади.

Сооронбай Жэенбеков, президент
1990-йиллардан буён сиёсатда, 2012-2015 йилларда Ўш губернатори бўлган, турли йилларда қишлоқ хўжалиги вазири, 2016-2017 йилларда бош вазир бўлган, 2017 йилда эса мамлакат президенти этиб сайланган.

5-6 октябрь воқеаларидан кейин қаердалиги ҳамон - номаълум. Президент маъмурияти у ҳамон Бишкекда эканини айтмоқда, лекин у омма олдида кўриниш бермаган.

Президент ўтган ҳафта давомида бир неча марта видеомурожаат қилди, шунингдек, президент матбуот хизмати унинг номидан хабарлар тарқатди. Хусусан, у содир бўлган воқеаларни ҳукуматни ноқонуний эгаллашга уриниш деб атади. Шунингдек, давлатнинг яхлитлиги, халқнинг бирлиги ва жамиятнинг хотиржамлигини бирламчи деб атаб, «жорий вазият яна қонуний ўзанига қайтиши, барча давлат тузилмалари ва ҳукумат қонуний мақомга эга бўлиши ва мамлакат тўғри йўлга тушиб олиши билан президент лавозимидан кетишга тайёрлиги»ни билдирди.

9 октябрь куни у Бишкекда фавқулодда вазият жорий этиш ва шаҳарга ҳарбийларни киритиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ у ҳукумат ва бош вазирни истеъфога чиқарди.

Сўнгги хабарларга кўра, президент ўз ихтиёри билан истеъфога чиқиши кутилмоқда.

Алмазбек Атамбоев, собиқ президент
Қирғизистонга 2012-2017 йилларда раҳбарлик қилган Алмазбек Атамбоев 2019 йил августида қатор жиноятларда айбланиб, 11 йилдан ошиқроқ муддатга қамалганди. 6 октябрга ўтар кечаси у намойишчилар томонидан озод этилган, кейинги кунлар мобайнида ўз тарафдорлари митингларида қатнашганди. У сўнгги кунлардаги воқеаларни «учинчи инқилоб» деб атади.

Владимир Воронин / AP / Scanpix / LETA

Митинглардан бири вақтида у ўтирган автомобилга ўқотар қуролдан ўт очилди. Атамбоев ҳаётига суиқасд қилингани ҳамда бунинг ортида махсус хизматлар турганини айтди. Кейинроқ Садир Жапаров бу аслида атайлаб уюштирилгани, унинг автомобилига ўзининг қўриқчилари ўқ отгани ҳақида гапирди.

10 октябрь куни собиқ президент ўз қишлоғи Қўй-Тошда махсус хизматлар томонидан ўтказилган амалиёт вақтида қўлга олинди.

Кубатбек Боронов, собиқ бош вазир
Қирғизистоннинг 1991 йилдан кейинги янги тарихида 32-бош вазир. У ҳукумат раҳбарлигига 2020 йил июнида тайинланганди.

Кубатбек Боронов

Намойишлар вақтида у ўз истеъфоси ҳақида эълон қилди. У аввалдан бу лавозимда вақтинча эканини, парламент сайловларидан кейин истеъфога чиқишини айтиб келарди.

Садир Жапаров, янги бош вазир
10 октябрь куни Ала-Арча давлат қароргоҳида бўлиб ўтган парламент мажлисида депутатлар «Мекенчил» («Ватанпарвар») партияси асосчиси Садир Жапаровни бош вазир лавозимига тасдиқлади.

Фото: EPA/Vostock-photo

У Қирғизистон парламенти муҳокамасида бош вазир лавозимига ягона номзод бўлди. 6 октябрь куни бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишда Жапаров ҳукумат раҳбари лавозимига номзод қилиб кўрсатилганди.

Овоз бериш пайтида депутатлар ушбу лавозимга Жапаровнинг номзодини ва унинг таклифига биноан ўзгаришсиз қолган ҳукумат таркиби ва тузилишини ёқлаб овоз берди.

Жапаров янги парламент сайловлари зарурлигини эълон қилди ва мамлакатдаги барча сиёсий кучлар иштирокида конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

«Халқ парламентни ислоҳ қилишни, битта мандатли тизимни қайтаришни талаб қилмоқда. Аммо биз конституциявий ислоҳотларни барча партиялар билан биргаликда ҳал қиламиз», деди у.

Шунингдек, у парламентга мурожаатида мамлакат президенти яқин кунларда ўз ихтиёри билан истеъфога чиқиши ҳақида айтиб ўтди.

Ҳозирги вазиятда, Қирғизистон Республикаси президенти истеъфога чиқса, унинг мажбурият ва ваколатлари бош вазирга ўтади, чунки парламент спикери ҳам истеъфога чиққан (қонунчиликка кўра, бундай ҳолларда спикер президент вазифасини вақтинча бажарувчи бўлади).

Жапаров - Бишкекдаги намойишлардан кейин қамоқдан чиқарилган сиёсатчилардан бири бўлганди. У дарҳол майдонда намойишчилар қаршисида чиқиш қилди.

Ўша митинг давомида тарафдорлари Жапаров президент бўлиши ёки камида бош вазир бўлишини талаб қилишганди. Жапаровнинг тарафдорлари сўнгги 5 кун давомида ҳукумат уйи олдида уни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказишди.

«Бу мен ишонишим мумкин бўлган ягона сиёсатчи. Бу у ўзини кўрсатиш учун имконият. У етимликда ўсган ва унинг йўқотадиган нарсаси йўқ. У очиқчасига агар Қумтор (олтин кони) коррупциясиз ишлаганида, ҳар бир қирғиз миллионер бўлиши мумкинлиги ҳақида айтади. У оддий халқ тарафда. У вазият қурбони бўлган ва асоссиз қамоқда ўтирган», деган унинг тарафдорларидан бири.

Жапаров 2013 йилда «Қумтор» олтин конини миллийлаштириш талаби билан Қоракўлда митинг ташкиллаштиргани учун 2017 йилда қамалганди.

Уни Иссиқкўлнинг ўша вақтдаги губернатори Эмилбек Каптагаевни гаровга олгани учун ҳам айблашган. Шунингдек, Жапаров 2012 йилда куч билан ҳокимиятни эгаллашга уринишда айбланган. Аммо у ўшанда судда оқланиб, озодликка чиқарилганди.

2013 йилда Жапаров Иссиқкўлдаги воқеалардан кейин суд таъқибидан қочиб, мамлакатни тарк этади ва маълум вақт давомида Кипрда яшайди. 2017 йили ватанга қайтганида қўлга олинади.

Жапаровнинг сиёсий фаолияти 2005 йилги давлат тўнтариши вақтида бошланган. Собиқ президент Курманбек Бакиев бошқаруви вақтида у депутат эди, шунингдек, президент маслаҳатчиси ҳамда коррупцияга қарши агентлик раҳбари бўлган.

2010 йилги инқилобдан кейин Атамбоев ҳокимият тепасига келганида ҳам Жапаров депутат эди, кейинроқ у суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмита раҳбарлигига тайинланади.

У 5-6 октябрь кунги намойишлар вақтида бошқа сиёсий маҳбуслар қаторида озод этилганди.

9 октябрь куни Бишкекда бир вақтнинг ўзида учта сиёсий акция ўтказилди: собиқ бош вазир Сапар Исаковнинг тарафдорлари, собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг тарафдорлари иштирокидаги митинглар ва «Баштан башта» ёшлар ҳаракати марши.

Майдонда қарийб 10 минг киши йиғилганди, кўп ўтмай майдонда Атамбоев ва Жапаровнинг тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар бошланиб кетди, тартибсизликлар вақтида мухолиф партияларнинг бош вазирлик учун яна бир муқобил номзоди - 29 ёшли Тилек Токтогазиев бошидан жароҳат олди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, унинг бошига тош билан уришган, у оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Тартибсизликлар вақтида Атамбоев, Сапар Исаков, президентликка собиқ номзод Омурбек Бабанов ва «Баштан башта» ҳаракати етакчиси Улан Усойунга ҳам ҳужумлар қилинган.

Достон Жумабеков, Қирғизистон парламентининг собиқ спикери
У бу лавозимда 2017 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётганди. У ҳам намойишлар вақтида истеъфо берди ва ғойиб бўлди. Унинг истеъфо ҳақидаги баёноти парламентнинг (Жогорку Кенеш) 6 октябрь кунги навбатдан ташқари йиғилиши вақтида депутатлардан бири томонидан ўқиб эшиттирилди.

Достон Жумабеков

Ўша йиғилишда таваккалчилик қилишни истамаган депутатлар йиғилишни парламент биносида эмас, Бишкекдаги меҳмонхоналардан бирида ўтказишганди.

Бу вақтда депутатларнинг қолган бир қисми мухолифат вакилларидан бири Миқтибек Абдилдаевни спикерликка тайинлашганди. 

Миқтибек Абдилдаев / © РИА Новости / Алексей Майшев

Аммо 10 октябрь куни Жапаров бош вазирликка тайинланган йиғилишда Абдилдаев истеъфога чиқди. Энди унинг мажбуриятларини вице-спикер Мирлан Бакиров бажариб туради.

Қашқар Жунушалиев, Қирғизистоннинг собиқ ички ишлар вазири
Аввалига намойишлар вақтида лавозимини ташлаб кетиб қолгани айтилди. 

Қашқар Жунушалиев ва Эркин Асрандиев

Намойишлардан кейин унинг ўрнини ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов эгаллади. У Жунушалиев «қўрқоқларча қочиб кетгани» ҳақида гапирди ва Бишкек коменданти вазифасини бажаришга киришди. 9 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги шахсий таркиби ва ИИБ фахрийлари бирлашиб, уни вазирлик биносидан ҳайдаб чиқаришган. Вазирликда ўтказилган йиғилишда «ИИВ ходимлари айрим сиёсий ва бошқа кучларнинг манфаатларига хизмат қилмаслиги ва муайян гуруҳларнинг ғаразли мақсадларига эришиш учун сиёсий восита бўлмаслиги» кераклиги айтилган. Кўп ўтмай Асанов Қирғизистон пойтахтида оммавий тартибсизликлар уюштириш айблови билан қўлга олинди.

10 октябрь куни Садир Жапаров янги бош вазир бўлгач, Қашқар Жунушалиев ҳамда бош вазир ўринбосари Эркин Асрандиев расман истеъфога чиқди.

Дамир Сағинбаев, Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби
Дамир Сағинбаев бу лавозимда 2018 йилдан буён ишлаган. Намойишлар бошланган вақтда у меҳнат таътилида бўлган. 

Дамир Сағинбаев ва Сооронбай Жээнбеков (Фото: president.kg)

10 октябрь куни у Қирғизистон президенти фармони билан лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини ким эгаллаши ҳозирча номаълум.

Ўмурбек Суваналиев, нуфузли генерал
2019 йилда у Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари бўлган. Кейинроқ парламентга «Бутун Қирғизистан» партиясидан сайланиш мақсадида лавозимини тарк этганди.

Ўмурбек Суваналиев ва Курсан Асанов

Намойишлардан кейинги дастлабки кунларда у вазиятни қўлга олиб, тартиб ўрнатишга ҳаракат қилди. У ўзини Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси вазифасини бажарувчиси сифатида эълон қилди, Россия федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников ҳамда Қозоғистон махсус хизматлари раҳбари Карим Масимов билан телефон орқали мулоқот қилгач, кўпчилик уни Кремлнинг одами сифатида кўра бошлади.

8 октябрь куни у мамлакат куч тузилмалари раҳбар ходимлари билан биринчи йиғилишни ўтказганди, аммо 9 октябрь кунги йиғилиш вақтида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари ва фахрийлари Хавфсизлик кенгаши котибини бинодан «ҳайдаб чиқаришга» қарор қилди.

Йиғилишда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарияти, фахрийлари ва ходимларининг мамлакатдаги вазият юзасидан мурожаати ўқиб эшиттирилган. Унда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари «айрим сиёсий ва бошқа кучларнинг манфаатларига хизмат қилмаслиги ва муайян гуруҳларнинг ғаразли мақсадларига эришиш учун сиёсий восита бўлмаслиги» айтилган.

10 октябрь куни Қирғизистон президенти Суваналиевни Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонини имзолади. Унинг ўрнини 2015-2016 йилларда Қирғизистон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи бўлган Жанибек Капаров эгаллади.

Ўрозбек Ўпумбаев

Шунингдек, 2019 йил июнидан буён Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси бўлган Ўрозбек Ўпумбаев ишдан олинган.

Таалайбек Ўмуралиев, Қирғизистон бош штаби бошлиғи
Ўмуралиев — ҳарбий мутахассис, Тожикистон-Афғонистон чегарасида толибларга қарши жанг қилган (Қирғизистон контингенти ушбу операцияда иштирок этганди); ўз республикаси ҳудудида ҳам радикал кучларга қарши ҳарбий амалиётларда қатнашган.

Райимберди Дуйшенбиев ва Таалайбек Ўмуралиев

2011 йилдан 2014 йилгача мудофаа вазири бўлган, аскарлар ва зобитларга хизмат квартиралари тарқатилишида хизмат лавозимини суиистеъмол қилишда айблангач, истеъфога чиққан. 2017 йилда суд уни генерал унвонидан маҳрум қилади ва катта миқдорда жаримага тортади. Аммо ўша йилнинг ўзида унинг унвони тиклаб берилади. У сўнгги олти йилда қаерда фаолият юритгани тўғрисида очиқ манбаларда маълумот йўқ.

9 октябрь куни президент фармони билан Райимберди Дуйшенбиев Қирғизистон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнига Таалайбек Ўмуралиев тайинланди. Айнан у Бишкекка ҳарбий қисмларни олиб кириш бўйича фармон ижросини таъминлаган.

Қирғизистондаги вазият

5 октябрь куни Бишкекда ва Қирғизистоннинг бошқа шаҳарларида парламент сайловлари натижаларига қарши оммавий намойишлар бошланди. Сайловда мағлуб бўлган партиялар тарафдорлари парламент ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уй биносини эгаллашди, шунингдек, бир қанча собиқ амалдорлар озод этилди. 6 октябрь куни МСК сайлов натижаларини бекор қилди, Қирғизистон ҳукумати эса истеъфога чиқди. Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Бишкекдаги намойишлар вақтида 1218 киши жароҳатланган, шундан 200дан ортиқ киши шифохонага ётқизилган. Бишкек мэрияси биносига зарар етказилган.

9 октябрь куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Бишкекда ҳарбий ҳолат жорий этиб, шаҳарга ҳарбий бўлинмалар ва ҳарбий техникалар киритиш ҳақидаги фармонини имзолади. Ҳарбийлар «блок-постлар ташкил этиш, қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш ва қонуний тартиб ҳамда тинч аҳоли муҳофазасини таъминлаш» билан шуғулланиши белгиланган.

Бишкекда 10 октябрь куни кечки соат 21:00дан эрталабки соат 05:00гача комендантлик соати амал қилмоқда. Бундай буйруқ Бишкекнинг янги коменданти, Қирғизистон ИИВ раҳбари ўринбосари Алмаз Ўрозалиев томонидан берилган. Бу чеклов фавқулодда ҳолат режими доирасида киритилган. Комендантлик соати барча фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун амалда бўлади.

Бишкекда оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланган, хусусан, митинглар ва маршлар ҳам. Шаҳар коменданти ўз буйруғи билан шаҳарга кириш ва чиқишнинг алоҳида тартибини белгилаган. Бундан ташқари, Бишкекда алкоголь сотуви чекланган — бу маҳсулотларни соат 18:00дан соат 9:00гача сотиш тақиқланади. 

10 октябрь куни Бишкекка ҳарбий техника олиб кирилди, шаҳарда фавқулодда ҳолат 21 октябрга қадар давом этади. 24.kg мухбири хабар қилишича, шаҳар кўчаларидан бирида танклар ва ҳарбий юк машиналари жойлаштирилган. Ала-Тоо майдонига олиб борувчи йўлларда ҳам камида ўнлаб зирҳли техникалар ва КамАЗларни, шунингдек, зирҳли автомобиллар ва патрул машиналарини кўришган. Бундан ташқари, Sputnik хабарига кўра, милиция Бишкекка қайтган, сўнгги бир неча кун давомида шаҳарда тартибни сақлаш ишлари билан кўнгиллилар шуғулланаётганди. Ҳарбийлар ва ИИВ ходимлари Бишкек марказида ҳаракатни чеклаб қўйишган.

Мавзуга оид