Жамият | 12:39 / 13.10.2020
42486
3 дақиқада ўқилади

Мутахассис уй шароитида коронавирусдан даволаниш бўйича тавсияларини берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Муҳайё Асилова билан интервьюда коронавирусга чалинган беморларнинг уй шароитида даволанишининг тартиб-таомиллари ва механизмлари тўғрисида маълумот олди.

— Коронавирус хасталигининг илк босқичлари симптомларсиз ва енгил даражада кечганида беморга уй шароитида даволанишга рухсат берилади. Хусусан, контактда бўлганлар ва касалликнинг симптомларсиз кечишидаги беморлар турли витаминларни қабул қилиб, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилиб, иммун тизимини кучайтириши орқали касалликни енгиб ўтиши мумкин.

Биринчи навбатда бундай беморлар оз-оздан, тез-тез енгил ҳазм бўладиган овқатларни истеъмол қилиши зарур. Шунингдек, кунига 3-4 литрдан ортиқ турли суюқликларни ичиш тавсия этилади. Цинк препаратлари билан бирга «Витамин Д3», «Витамин С» дориларини қўллаш мумкин. Дори воситаларини қанча истеъмол қилиш беморнинг ёши, жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади. Шунинг учун даволанишни бошлашдан аввал оилавий поликлиника шифокори билан маслаҳатлашиб, керакли тавсияларни олиш лозим. 

Касалликнинг енгил ҳолатидаги беморларнинг уй шароитида даволаниши умумий амалиёт шифокорининг доимий назорати остида амалга оширилиши керак. Тана ҳарорати 38 даражадан кўтарилганда «Парацетамол» ёки «Ибупрофен» дориларини ичиш тавсия қилинади. 

Юқорида таъкидлаганимиздек, беморга енгил ҳазм бўладиган овқатларни ейиш ҳамда кунига 3-4 литрдан ортиқ турли суюқликларни ичиш самара беради. Шунингдек, хасталикнинг бу даврида бемордан енгил жисмоний фаоллик ва нафас машқларини бажариш, бурун ва томоқни тез-тез чайиш, зарурат пайдо бўлганида дори воситаларини қўллаш талаб этилади. Айниқса, очиқ ҳавода сайр қилиш беморнинг соғлигини тиклашда муҳим ўрин тутади. Касалликдан фориғ бўлишда руҳий хотиржамлик, тушкунликка тушмасликнинг ҳам аҳамияти беқиёс.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керак, беморларнинг ўзбошимчалик билан даволаниш тартибини ўзгартириши ёки мутахассис тавсиясига зид равишда дўстлари ёки бошқа танишлари гапига кўра қўшимча дори воситаларини қабул қилиши фақатгина саломатлигига зарар келтиради. Шунинг учун умумий тавсиялар ва шифокор сўзларига мунтазам равишда риоя қилишни унутманг.

Мавзуга оид