Ўзбекистон | 21:42 / 15.10.2020
31709
8 дақиқада ўқилади

Навбатдаги уриниш: Ўзбекистондаги боғчалар қачондан тўлиқ очилади?

15 сентябрь ҳолатига республика бўйича 8291та боғча фаолият юритмоқда. Шундан 1860таси давлат, 6611таси нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳисобланади. Давлат тасарруфидаги боғчалар қачондан тўлиқ очилиши иш бошлаши ҳозирча маълум эмас.

Мактабгача таълим вазирлиги 15 октябрдан ота-оналар фарзандларини боғчага қабул қилишни сўраб электрон навбатга туриши мумкинлигини маълум қилди. Пандемия даврида мактабгача таълим муассасаларига электрон қабул тўхтатиб қўйилган эди.

Йўлланмалар электрон навбат орқали берилади
МТВ хабарида қайд этилишича, 15 октябрдан эътиборан давлат боғчаларига қабул учун талабномаларни электрон тарзда юбориш тизими қайта ишга тушади. Тизимга келиб тушган йўлланмаларга электрон генерация ёрдамида ишлов берилгач, ота-оналар ўзи яшаётган ҳудуддаги давлат хизматлари марказига бориб йўлланмани олиши керак бўлади.

Фарзанди боғчага қабул қилиниши сўралган талабномани Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборган ота-оналар эса давлат хизматлари марказига бориб ўтирмай, йўлланмани принтер орқали босиб чиқариши мумкин.

Агар мактабгача таълим ташкилотидаги мўлжалланган гуруҳ ҳали очилмаган бўлса ёки эпидемиологик вазият туфайли ота-оналарнинг истаги билан бола уйда қолдирилса, у ҳолда ота-оналар бола масофавий ўқитишга ўтказилишига оид ёзма равишда хабарнома тақдим этиши керак бўлади. Бу вазиятда боланинг боғчадаги ўрни сақланади, шунингдек, ушбу даврда ота-оналардан ҳеч қандай тўлов ундирилмайди.

Вазирликнинг огоҳлантиришича, йўлланмани 15 кун давомида МТТга тақдим этиб, бола қабулини расмийлаштириш талаб этилади. Берилганига 15 кундан кўп бўлган йўлланмалар эса куяди.

Боғчалар очилишини маҳаллий кенгашлар ҳал қилади
Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг маълум қилишича, ҳудудлардаги мактабгача таълим муассасалари иш бошлаши учун халқ депутатлари туман-шаҳар кенгашлари ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати рухсати талаб этилади.

«Вазир ҳамма боғчаларнинг очилишига рухсат берган. Лекин боғча очилиши учун халқ депутатларининг ҳудудлардаги маҳаллий кенгашлари хулосаси талаб этилади. Чунки бу масалага депутатлар ва маҳаллий ҳокимликлар масъул ҳисобланади.

Шу сабабли, вилоятлар кесимида халқ депутатларининг барча туман ва шаҳар кенгашлари хулосаларини оламиз. Улар боғчаларнинг очилишига рухсат беришган тақдирда бутун республика бўйлаб мактабгача таълим муассасалари фаолияти тикланади.

Шу ўринда яна бир гап. Маҳаллий ҳокимликлар боғчаларни дезинфекция воситалари билан таъминлаши шарт. Ушбу воситалар билан таъминланмаган, пандемия даврида фаолият юритишга тайёр бўлмаган, шунингдек, иситиш тизими ўзида бўлмаган, яъни айни пайтда етарлича иситиш имкони йўқ мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилмайди. Бу тартиб фақатгина давлат боғчаларига тегишли, мактабгача таълим ташкилотларига тааллуқли эмас», дейди у.

Асқархўжаеванинг қўшимча қилишича, вазирлик томонидан 14 сентябрдан мактабга тайёрлов гуруҳлари, яъни 6-7 ёшдаги болалар қатнайдиган гуруҳлар фаолиятига рухсат берилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 900дан ортиқ боғчада ичимлик сувига алоқадор муаммо борлиги, пандемия шароитида боғчалар фаолият юритиши учун эса мактабгача таълим ташкилотларида камида 5 кунлик ичимлик суви захираси бўлиши талаб этилиши маълум қилинган эди.

10 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида МТВ бошқарма бошлиғи Умида Муҳиддинова пандемия шароитида боғчалар фаолияти учун санитария-эпидемиология нормалари ишлаб чиқилгани, унга кўра, МТТларнинг кириш қисмида хлорли тўшаклардан фойдаланилиши, бироқ дезинфекцион йўлаклар ўрнатилмаслигини айтганди.

Хилма-хил баёнотлар, турли муддатлар...
Бугунгача боғчалар фаолияти тикланиши хусусида расмийлар бир неча марта баёнот беришган. Мактабгача таълим ташкилотлари очилиши бўйича турли муддатлар илгари сурилганди. Бироқ аксарият ҳолларда айтилган муддатларда боғчалар ишга туширилмади, жамоатчиликка бунинг сабаблари тушунтирилмади.

Пандемия даврида «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда хусусий боғчалар фаолиятига 15 июндан рухсат берилган, давлат мактабгача таълим муассасалари эса 1 июлдан очилиши кутилганди. Бироқ кейинчалик бу муддат ортга сурилди.

Мактабгача таълим вазирлиги 20 июнь куни «яшил» ва «сариқ» ҳудудлардаги давлат боғчалари 1 августдан очилишини маълум қилган, жараён жадвал асосида, босқичма-босқич амалга оширилиши айтилганди. Вазирлик, шунингдек, давлат тасарруфидаги МТТ ҳамон ёпиқ қолаётганига ҳам изоҳ беришга уринганди. Аммо 1 августда ҳам боғчалар фаолияти тикланмади.

5 август куни Мактабгача таълим вазирлиги боғчалар фаолиятини тиклашга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган, лекин бу сафар аниқ сана тилга олинмаганди.

«Мактабгача таълим ташкилотларида коронавирус инфекцияси пандемияси сабабли тўхтатилган фаолият жараёнини тиклашга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ушбу фаолиятни тиклашдан мақсад, ходимлар ва тарбияланувчилар учун хавфсиз муҳитни таъминлаш орқали, болаларни нормал маиший ҳаёт, ўйинлар ва таълим жараёнига қайтаришдир.

Бунда вирус тарқалиши ва уни юқтириб олиш хавфини бартараф этиш мақсадида жорий этилган тақиқ чораларини ҳисобга олган ҳолда, қўшимча хавфсизлик чоралари ҳам татбиқ этилиши кўзда тутилган. Аммо болалар ўртасидаги оралиқ масофа, уларнинг ижтимоий фаоллиги, амалий машғулотлари ва ривожлантирувчи ўйинларига халақит бермаслиги лозим», дейилганди вазирлик ахборот хизмати томонидан тарқатилган хабарда.

15 июндан очилган, аммо республикада коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши ва карантин чекловлари кучайтирилиши ортидан қайта ёпилган хусусий боғчалар фаолияти 15 августдан қайта тикланди, бироқ давлат боғчалари қачондан очилиши номаълумлигича қолганди.

18 август куни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Рустам Икромов умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларининг яқин кунларда очилиши учун тайёргарлик ишлари кўрилаётгани, жумладан, Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда таълим муассасаларида амал қилувчи санитария меъёрлари ишлаб чиқилаётгани, мазкур меъёрлар Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши, бажарилиши барчага бирдек мажбурий бўлиши, шундан кейин мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларига фаолиятини бошлаш учун рухсат берилишини айтганди.

10 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мактабгача таълим вазири Агриппина Шин боғчалар МТТлар босқичма-босқич очилиши режалаштирилгани, уларнинг очилиши учун халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг розилиги талаб этилишини айтганди.

«14 сентябрдан биринчи навбатда катта гуруҳлар, яъни 5-6 ёшли болалар гуруҳлари очилади. Чунки бу ёшда болалар ижтимоий масофа сақлаш, санитария қоидаларига амал қилишни тушунишади.

Кейинроқ, 1 октябрдан ўрта ёшли болалар гуруҳларини очишни, ноябрдан эса кичик, яъни 3 ёшли болалар гуруҳларини очишни режалаштирганмиз.

Кичик ёшли болалар гуруҳлари ҳали тартиб-қоида нималигини билмайди, улар орасида ижтимоий масофа сақлаш жуда қийин. Шунинг учун биз МТТларни очишни босқичма-босқич ўрганган ҳолда амалга оширмоқчимиз», – деган Агриппина Шин матбуот анжуманида.

Шу билан бирга, 14 сентябрдан вилоятларда ҳам боғчалар очилиши бошланиши, бироқ очилиш муддатлари мамлакатдаги эпидемиологик вазиятга қараб ўзгариши мумкинлиги маълум қилинган эди.

Вазир йил якунигача мактабгача таълим қамрови 59,5 фоизга етказилишига ваъда берган.

Пандемия ва боғчалар
Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор расман қайд этилиши ортидан 16 мартдан бошлаб республикадаги барча таълим муассасалари, жумладан, боғчалар ёпилган, тарбияланувчи ва МТТ ходимлари таътилга чиқарилганди.

Боғча тарбияланувчиларга телевидение орқали масофавий машғулотлар йўлга қўйилган, мактабгача таълим вазири карантин даврида ота-оналарни фарзандлари билан кўпроқ бирга бўлишга чақирган эди.

Мактабгача таълим вазири матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаеванинг таъкидлашича, 12 октябрдан ўрта (4-5 ёшдаги болалар) гуруҳлар ўз фаолиятини бошлаган бўлса, ноябрь ойи бошидан кичик (3-4 ёшдаги болалар) гуруҳларга болаларни қабул қилиш бошланиши режалаштирилган.

МТВ 15 сентябрь ҳолатига республика бўйича 8291та боғча фаолият юритаётганини маълум қилган. Шундан 1860таси давлат, 6611таси нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳисобланади. Давлат тасарруфидаги боғчалар қачондан тўлиқ очилиши иш бошлаши ҳозирча маълум эмас.

Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид