Қўшработдаги боғча ва мактабларда тегишли ҳужжатларсиз илон томошалари ўтказилди. ИИВ ҳолатни ўрганди
Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида икки фуқаро тегишли рухсатномасиз таълим муассасаларида пул эвазига Қизил китобга киритилган бўғма илон томошасини ўтказгани аниқланди. Болалар омбудсмани сўрови асосида ИИВ ҳолатни ўрганди. Ноқонуний сақланган йўлбарс питони ҳужжатлаштирилиб, вилоят экология бошқармасига топширилган.
Қўшработ туманида фуқаролар керакли рухсатномалари бўлмай туриб мактаб ва боғчаларда илон томошаси ўтказгани аниқланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилинишича, 24 октябр куни тумандаги боғчада Иштихон туманида яшовчи Б.М. ва И.Б. 60 нафарга яқин тарбияланувчининг кўз ўнгида бўғма илон (Қизил китобга киритилган, ноқонуний равишда сақланган йўлбарс питони, узунлиги — 2,5 метр) билан цирк томошаси намойиш қилган. Б.М. фаолият юритувчи МЧЖда Қўшработ тумани ҳудудида 2024 йил 31 декабргача замонавий цирк томошаларини ўтказиш учун рухсатнома бўлса-да, унда илон ўйини кўзда тутилмаган.
Текшириш давомида ушбу шахслар пул эвазига тумандаги 8 та мактабда ҳам мазкур бўғма илон томошасини ўтказгани аниқланди. Уларда жами 840 нафар ўқувчи томошабин бўлиб иштирок этган.
26 ноябрда ноқонуний сақланган йўлбарс питони мутахассислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб, вилоят экология бошқармасига тегишли тартибда топширилган.
Қўшимча қилинишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилиб, вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан қонуний чоралар кўрилмоқда.
Болалар омбудсмани таълим муассасаларида болалар хавфсизлигига зид ушбу томошаларга йўл қўйганларга тегишли чора кўриш ва келгусида бундай ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш юзасидан мутасаддилар билан ишланаётганлигини билдирди.
Мавзуга оид
16:53 / 02.12.2024
Иштихонда уч метрлик бўғма илон уйда сақланаётгани аниқланди
22:39 / 13.11.2024
Самарқандда мактаб ўқувчисини зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланган – Бош прокуратура
12:03 / 13.11.2024
Самарқандда мактаб ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланди
13:41 / 02.11.2024