Жаҳон | 08:02 / 19.10.2020
4110
2 дақиқада ўқилади

Баҳрайн ва Исроил дипломатик алоқалар ўрнатди

Баҳрайн ва Исроил ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатди. Бу ҳақидаги келишув Баҳрайн пойтахти Манамада имзоланди.

Фото: AFP

Бундан ташқари, давлатлар ҳамфикрлик ҳақида меморандумлар имзолаган.

Манамага келишувни имзолаш маросимига Исроил делегациясидан ташқари, ушбу келишувга эришишда воситачилик қилган АҚШ вакиллари келган. Ҳужжат остига ўз имзоларини Исроил бош вазирининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Меир Бен-Шаббат ва Баҳрайн Ташқи ишлар вазири Абдулатиф бин Рашид Ал-Заёний қўйган.

Икки томон бир-бирига қарши ҳаракатлар амалга оширмасликка ва учинчи давлатларнинг душманона ҳаракатларига қарши ҳаракат қилишга келишиб олган. Келишувда икки томон Исроил-Фаластин ихтилофини адолатли ҳал қилишга эришишдаги ўз саъй-ҳаракатларини давом эттиришлари таъкидлаб ўтилган.

Баҳрайн подшоҳи Ҳамад бин Исо ал-Халифа “халқлари кўплаб ихтилофлар ва курашдан азият чеккан” минтақада турли маданият ва динлар орасида тоқатлилик, тинч-тотувлик ва ҳамфикрлик қадриятлари мустаҳкамланиши муҳимлигига ишонишини айтган.

АҚШ делегациясига бошчилик қилган АҚШ молия вазири Стивен Мнучин келишувни “минтақадаги барқарорлик, барча аҳоли ва давлатларнинг равнақи” учун қўйилган муҳим қадам деб атаган.

Келишув имзолангандан кейин Исроил ташқи ишлар вазирлиги ходими Баҳрайн томонига Манамада Исроил элчихонаси очиш илтимоси билдирилган мактубни топширган.

Баҳрайн ва Исроил 15 сентябрда муносабатларни яхшилаш ҳақидаги келишувни имзолаганди. Келишувни имзолаш маросими АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида Оқ уйда бўлиб ўтганди.

Мавзуга оид