Жамият | 16:29 / 19.10.2020
56305
5 дақиқада ўқилади

«У ёққа кетаётганимда дунё бошқача эди...» – Аъзамхон Баҳромовнинг хотираларини хотирлаб

Ҳеч бир амалдор ёки таниқли инсонни яхши танимаймиз. «Бу одам яхши» деб қўйсак, бунинг тескарисини исботлагувчилар чиқади. «Ёмон» десангиз ҳам шу ҳолат.

Ҳамманинг ўз ҳақиқати бор, деганлари шудир балки…

Ҳозир ҳоким ҳақида гапирмоқчиман. Энди у собиқ… Эрталаб вафот этгани ҳақида ўқидим.

Аъзамхон Баҳромов Самарқанд вилоятида ҳоким бўлган. Бир неча йилга қамалган. Турли миш-мишлар, гап-сўзлар юрардики, у киши ҳеч қачон «чиқмайди». Йўқ, чиқди. Бир муддат Қўшработда ва сўнгги вақтларда Каттақўрғон туманида ишлаётганди.

Шу одам ҳақида икки оғиз. Фикрим Аъзамхон Баҳромов ҳақида бироз илиқ туюлса, иккиланманг. Чой ичадиган даражада танишлигим йўқ. Ҳатто у кишининг ҳозир ҳам нима сабабдан, қандай хасталик билан вафот этганини билмайман.

2007 йилнинг куз ойлари, Баҳромов вилоятда ҳоким эди. Акамда диний илм бор, ўша пайтларда ҳам мадрасада ўқирди, ҳам Самарқанддаги бир мажмуада қоровуллик қиларди. Ярим тунда қадамжо дарвозаси қаттиқ тақиллайди. Акам чиқиб қараса, тўрт-беш чоғли одам. Қолганлари олдиндагисига ҳурмат кўрсатиб турибди.

Акамнинг ҳолати ҳокимни қаноатлантирмайди. Бошяланг, пайпоқсиз калишда ва мулозаматни билмайдиган одам кимга ҳам ёқарди.

Мажмуа ичига киргач, ҳоким ён-атрофга қарайди. Кимдир тиловат қилиши керак. «Ўқишни биласанми?» сўрайди акамдан. Акам қироат қилади. Баҳромовнинг қиёфаси ўзгариб бораверади ва тиловат қилаётган йигитчага яқинроқ сурилиб келаверади. Мажмуани тарк этаркан, қоровулни «сиз»лашга ўтганди. «Илм эгаларини, айниқса, мадрасада таҳсил олаётганларни қўллашимиз, ҳурмат қилишимиз керак, ишхонамга ўтинг», деб чиқиб кетади.

Шу жойга келганда, акаси ҳокимнинг ёнига борган эканда кейинчалик деб ўйламанг, акам Баҳромовни кейин қайтиб кўрмаган ҳам.

Ўйлаяпман, ҳоким ярим тунда диний мажмуага нега боради? Нега тиловат эшитгиси келади? 

Иккинчи воқеа. Ўтган йили Каттақўрғон туманида пресс-тур ўтказилди.

Тўлиқ тафсилотини гапириб ўтирмайман. Мулоқот давомида Баҳромов Эркин Воҳидов ижодига мансуб шеърдан ўқиди. Ёддан. Ва бир гапни айтди: «Ўлим билан юзлашган одамман. Ўламан, деб ўйловдим. Аммо тақдир экан, Аллоҳ яна менга имконият берди, раҳбар бўлдим. Энди бошқача яшаб бўлмайди. Умримнинг сўнгигача яхшилик қилиб яшашга, ёрдам сўраб келган, муҳтож инсонларга кўмак бериб яшашга аҳд қилдим» деди у.

Яхши одам экан, деб қўйдим.

Ўтган ойда ҳам хизмат сафари билан Каттақўрғонда бўлдим. Ҳоким қандайдир «очилгиси» келди. Дилдан, самимий, узоқ гапирди.

Қисқача шу ҳақда.

«Жаслиқда «ўтирдим». У ердагиларнинг ҳаммасини гапира олмайман. Аммо бир неча марта ўлим билан юзлашдим. Дунёдан бутунлай узилиб қолдим. Китоб ўқидим, ҳадислар мутолаа қилдим. Диний билимга ҳам озми-кўп эга бўлдим. Тафаккур қилдим, ҳаётимни таҳлил қилдим, хатоларимни ўйладим. Булар учун ҳеч кимни айбламайман, тақдир», деди ҳоким.

Ҳақиқатан ҳам қарийб икки соатлик суҳбат давомида ҳеч кимни айбламади, нолимади.

«Кутмагандим, Аллоҳга шукр, озодликка чиқдим. Тошкент аэропортига тушдим. Атрофга қарайман, дунё бошқача, ўзгариб кетган. Мен у ёққа кетаётганимда, мана бунақа матоҳлар анқонинг уруғи эди. Аэропортда ҳамманинг қўлида телефон, одамлар одамларга қарамайди, юзига тикилмайди. Ҳамма ўзи билан ўзи, телефон билан овора...

Баъзан ёнимга шундай муаммолар билан келишадики, эшитиб яшагинг келмай қолади. Астағфируллоҳ, боласини кўчага ташлаб кетишяпти, сотишяпти. Мулк талашишларники, гапирмайман. Жуда ўзгариб кетди дунё, қўрқиб кетаман», деган эди Баҳромов.

«Биласизми, бу иллатларнинг замири нимада?» сўради у киши.

Жавобни ҳам ҳокимнинг ўзидан эшитгим келди, елка қисдим.

«Диний билимнинг йўқлигидан...» деди Аъзамхон Баҳромов.

Билганимиз шуки, ОАВ вакили сифатида Каттақўрғондан келадиган муаммоли мурожаатлар камайганини сездик. Ҳудуд йўллари равонлашгани, истиқболли лойиҳалар амалга оширилгани, ишбилармон-у тадбиркорларни туманга тортгани яққол кўринди. Ҳоким сифатида қандай ишлаётганини бир муддат олдин давлат раҳбари ҳам эътироф этди. Президент бошқа ҳудудлар раҳбарларини Каттақўрғонга бориб, Баҳромов тажрибасини ўрганиб келишга чақирди. «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирлади.

Мен бу одамнинг мана шу қиёфасини кўрганман. У ҳам замонавий, ҳам миллий қадриятларни қадрлайдиган, иймонли, тафаккурли ҳоким эди.

Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид