«Ипак йўли» туризм халқаро университетининг бутунлай янгиланган смарт кампуси очилди
Самарқанд куни арафасида шаҳардаги «Ипак йўли» туризм халқаро университетининг янги биноси – «smart-kampus» фойдаланишга топширилди.
2018 йил президент қарори билан ташкил этилган, Марказий Осиёда туризм соҳасидаги биринчи ва ягона университет янги биносининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, меҳмонлар, ўқитувчилар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни очиб берган Азиз Абдуҳакимов рамзий калитни жамоатчиликка тақдим этиб, мазкур олийгоҳ очилиши дунё олий ўқув юртлари тарихида ўзига хос уникал ҳодиса эканини таъкидлади.
Рамзий лентани кесишда университет ректори Абдуҳакимов, вилоят ҳокими Турдимов ҳамда «Нуроний» жамғармаси вилоят кенгаши раиси Ҳасан Нормуродов иштирок этишди.
Шундан сўнг меҳмонларга бино, ўқув хоналари, ўқув ишлаб чиқариш комплекси, унинг таркибидаги меҳмонхона, бар-ресторан, ошхона, спорт зал, чўмилиш ҳавзаси кабилар намойиш этилди.
Меҳмонлар йўқлама журнали кабиларнинг ўрнини босувчи янги технологиялар билан танишди. Яъни талабаларнинг дарсда қатнашиши юз танувчи камералар воситасида назорат қилинади.
Университетнинг бошқаларидан фарқли жиҳати ундаги очиқлик. Бино панжара ёки девор билан ўралмаган. Кембриж каби нуфузли хорижий олийгоҳлар сингари талабалар ҳордиқ чиқарадиган ажиб ўтлоқзорига ҳам эга.
Университетнинг спорт зали ва сузиш саройи ҳам энг сўнгги анжомлар ва технологиялар билан жиҳозланган.
Тадбирда Абдуҳакимов ва Турдимов университет ҳовлисига эсдалик дарахти экишди.
Университет маъмурияти маълумотига кўра, мазкур олийгоҳни мамлакат ҳамда қўшни давлатлар олий ўқув юртлари билан қиёслаб бўлмайди. Чунки профессор-ўқитувчилар таркибининг 70 фоизини чет элнинг етакчи олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва битирувчилари ташкил этади.
Университетда юқори малакали ўқитувчилар ва эдвайзерлар ишлайди. Энг илғор мутахассислар талабаларга аниқ ва самарали йўлланмалар бериб, ўзларининг кенг ва чуқур билимларини баҳам кўришади.
Бундан ташқари кадрлар тайёрлашда юқори самарадорликка эришиш мақсадида университет малака ва тажриба ошириш учун талабаларга дунёнинг нуфузли университетларига бориш имкониятини тақдим этади.
Бундан бир неча кун олдин университетда янги қабул қилинган талабалар учун Orientation Week тадбирлари якунланганди. Ушбу таништирув ҳафталиги давомида университет ходимлари ва ўқитувчилари, шунингдек, юқори курс талабалари янги сафдошларини кутиб олди.
Ноанъанавий ўтган таништирув ҳафталигида талабаларнинг ота-оналари ҳам таклиф этилиб, фарзандлари ҳаётининг энг муҳим, қувончли дамларига профессор-ўқитувчилар, юқори курс талабалари, шунингдек, хорижлик фахрий меҳмонлар ҳам шерик бўлишганди.
Академик машғулотлардан мақсад – талабаларни янги ўқув йилига интенсив тайёргарлик ва таълим тажрибасини ўз ичига олган «Ипак йўли» туризм халқаро университетининг фанлараро ва мураккаб ўқув жараёни билан таништиришдир. Дастурнинг мақсади – талабаларга халқаро университетнинг истиқболли ва уникал интеллектуал таълим маданиятини кўриш имкониятини намоён этиш.
Ўқишга кирган янги талабалар юртимиздаги энг замонавий университетлардан бирига ана шу тарзда тез ва осон мослашиб олишлари кўзда тутилган.
«Ипак йўли» туризм халқаро университети жамоатчилик билан алоқалар PR бўлими
Мавзуга оид
13:24 / 21.09.2021
Нобел мукофоти совриндори Азиз Санжар Ипак йўли халқаро туризм университетига келди
16:00 / 18.07.2021
Талаба бўлишга ностандарт ечим! «Ипак йўли» туризм халқаро университети сизга олтинчи танловни тақдим этди
11:20 / 17.05.2021
Ҳарвард ва Оксфорд битирувчиси «Ипак йўли» туризм университети проректори этиб тайинланди
19:00 / 21.12.2020