Ўзбекистон | 15:12 / 21.10.2020
15604
5 дақиқада ўқилади

Сенаторлар карантинни бузган ҳайдовчилар машиналарининг жарима майдонига қўйилишига рози бўлди

Қонунчиликка киритилаётган бу янгилик «амалиёт ва ҳужжатлар ўртасидаги фарқни бартараф этиш зарурати» билан изоҳланди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун маъқулланди. Унга кўра, карантин қоидаларини бузиб ҳаракатланган автомобилларни жарима майдончаларида ушлаб туриш қонунийлаштирилди.

Сенатнинг Суд ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўлиев шу ва бошқа бир нечта ўзгартишни «қонунчиликни такомиллаштириш, амалиёт ва ҳужжатлар ўртасидаги тафовутни бартараф этиш зарурати» билан изоҳлади.

Қонун билан МЖтКда назарда тутилган эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо қўллаш ваколатлари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан бир қаторда ички ишлар органларига ҳам берилади.

Шунингдек, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ходимлари билан бир вақтда ДЙҲХХ ходимлари ҳам транспорт воситасидан туриб ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш ҳолатлари учун маъмурий жазо қўллаш ваколатига эга бўлади.

«Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан кунлик зарарланишлар сони кўп миқдорда аниқланаётгани тегишли чоралар кўрилишини тақозо этмоқда. Бу эса ўз навбатида миллий қонунчилик базасини такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда.

Маълумки, фуқароларни ҳар қандай тартиб-қоида ҳамда хавф-хатарнинг олдини олишга йўналтирилган комплекс чораларга риоя қилмаслик ёхуд уларни бузганлик учун жавобгарликка тортиш ҳамда уларга жазо белгилаш фақат қонун билан белгиланган нормаларга асосан амалга оширилади.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси, яъни карантин чораларини бузганлик учун кўзда тутилган жавобгарлик меъёрларига мувофиқ, эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузганлик учун 635 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар расмийлаштирилган бўлиб, шундан 74 фоизи ички ишлар, 24 фоизи Миллий гвардия, 2 фоизи эса Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати органлари томонидан аниқланган.

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ички ишлар органлари томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар якуний қарор қабул қилиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига юборилмоқда. Лекин унинг қуйи тизимларида куч ва бошқа воситалари, имкониятлари чеклангани ва бошқа бир қатор омиллар аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлашга тўсқинлик қилинмоқда. Шунинг учун қайд этилган тафовутни бартараф этиш мақсадида мазкур қонун ишлаб чиқилди», – дея Шуҳрат Чўллиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Ишимиз жазолаш ёки жарима ундиришдангина иборат бўлиб қолиши керак эмас»

Ялпи мажлисда Сенат раиси Танзила Норбоева янги қонунга муносабат билдирди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақиқатда бугунги кунда жуда ҳам муҳим. Чунки пандемия шароитида ижтимоий-иқтисодий ҳаёт тарзимизни карантин қоидаларига тўлиқ мослаштиришга мажбур бўляпмиз. Бундан буён коронавирус билан бирга яшашга, ишлашга ўрганишимиз керак. Бу эса қонунчилигимизга тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо этмоқда. Ҳали яна кўплаб қонунларимизга қўшимчалар киритишимиз керак.

Карантин даврида эпедимияга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳолатлари жуда кўпайган. Бу ҳолат ташвишланарли. Боиси бундай ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши, энг аввало, бунга қўл ураётган одамнинг ўзига, қолаверса, унинг атрофидагиларга ҳам зиён келтиради. Шунга кўра эпидемияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, соҳада қатъий интизомни йўлга қўйиш талаб этилмоқда.

Лекин шу билан биргаликда ички ишлар органлари ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимларига битта нарсани алоҳида эслатиб ўтмоқчиман. Жавобгарликка тортишдан асосий мақсад шахсни жазолаш эмас, балки қонунларга риоя қилиш маданиятини шакллантиришдир, шу тамойил доимо устувор бўлиши керак. Ишимиз кимнидир жавобгарликка тортиш, жазолаш ёки жарималарни ундиришдангина иборат бўлиб қолиши керак эмас. Акс ҳолда ҳуқуқбузарлик даражаси ҳам, ҳуқуқбузарликлар сони ҳам асло камаймайди», – деди Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, карантин даврида рухсат этилмаган вақтларда стикерсиз транспорт воситаларидан фойдаланган шахсларга МЖТКнинг 54-моддасига асосан маъмурий жарима қўлланган ҳамда автомобиллар Республика махсус комиссиясининг 4 апрелдаги қарорига асосан истисно тариқасида ЙПХ ходимлари томонидан жарима майдончасида ушлаб турилган эди.

Мавзуга оид