Жаҳон | 23:32 / 21.10.2020
13904
2 дақиқада ўқилади

Турк ҳарбийлари Тоғли Қорабоғга жўнатилиши мумкинлиги айтилди

Туркия вице-президенти Фуат Октай Анқара Озарбойжон илтимоси билан Тоғли Қорабоғга ўз ҳарбийларини жўнатишини истисно қилмаслигини айтди.

Фото: Reuters

“Биринчи кунданоқ президентимиз ўз позициясини билдирди. Туркия бунда иккиланиб ўтирмайди, президентимиз эса умуман иккиланмайди”, деб жавоб берган Октай тегишли саволга. 

Аввалроқ Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Қалин Тоғли Қорабоғда қандай шарт билан тинчлик ўрнатилишини айтган. Унинг таъкидлашича, Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги вазиятни ўнглашни истамаяпти.

Қалиннинг таъкидлашича, Тоғли Қорабоғ оккупация қилиниши тўхтагандан кейингина минтақада тинчлик ўрнатилади.

“Урушни ким истаётгани тушунарли. Бу Туркия ва Озарбойжоннинг ҳақлигини тасдиқлади. Қорабоғ оккупациядан озод бўлсагина, Жанубий Кавказга тинчлик ва барқарорлик келади”, деб ёзган Қалин.

Бу орада Арманистон президенти Армен Саркисян Туркия раҳбариятини Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни тўхтатишда жонбозлик кўрсатишга чақирган. Бундан ташқари, Саркисян Туркияни минтақадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишдан воз кечишга чақирган. Унинг таъкидлашича, шундан кейин ихтилоф томонлари ярашувга эришиб, тинч ечимни топиш учун музокаралар столи атрофига ўтиради.

Мавзуга оид