Қурилиш материаллари соҳасида базальт асосидаги янги технологиялар ишлаб чиқилмоқда
24 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, «Ўзстандарт» агентлиги ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси билан биргаликда мазкур уюшма қошида ташкил этилган янги турдаги инновацион қурилиш материаллари технологияларини яратишга қаратилган республика илмий-техникавий кенгаши йиғилиши ўтказилди. Унда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этди.
Мазкур илмий-техникавий кенгаш фаолияти 2019 йилдан бери мунтазам йўлга қўйилган бўлиб, кенгаш таркиби 23 нафар профессор, фан докторлари, фан номзодларидан ташкил топган.
Кенгашга 2019-2020 йилларда 12 та йўналиш бўйича жами 42 та инновацион лойиҳа кўриб чиқиш учун тақдим этилган. Танлов натижаларига кўра, умумий молиявий ҳажми 10,605 млрд. сўмлик клинкерли цемент, азбозуритдан асбест олиш, золобетон, янги боғловчилар олиш технологиясини яратиш каби 8 та инновацион лойиҳа ижобий баҳоланиб, молиялаштиришга тавсия этилди.
Илмий-техникавий кенгашнинг навбатдаги йиғилишида юқори қаватли турар жой бинолари қурилиши учун базальт асосидаги қурилиш материаллари – арматура, иссиқлик сақловчи материаллар ва бошқаларни ишлаб чиқариш технологиясини яратиш лойиҳалари кўриб чиқилди.
Тошкент архитектура-қурилиш институти профессори, т.ф.н. Пўлат Мирзаев ҳамда «Ёшлар инновацион маркази» ДУК доценти, к.ф.н. Маҳамаджон Аҳмадалиев ўз инновацион лойиҳалари тақдимотини ўтказди. Иккала лойиҳада ҳам базальт хом ашёсидан олинадиган қурилиш материаллари тўғрисида сўз борди.
Таъкидлаш жоизки, базальт асосий эффузив тоғ жинси бўлиб, магматик турдаги тоғ жинсларининг энг кўп тарқалгани ҳисобланади. У экологик зарарсиз материаллар сирасига киради, сифатнинг асосий критериялари бўлган оловга бардошлилик ва ёнғинга хавфсизлик, ҳароратга чидамлилик, кислотага чидамлилик, қиздиришда газ ажралмаслиги, паст зичлик, ўзгарувчан ҳароратлар ва иқлим шароитларида узоқ муддат хизмат қилиши билан бошқа минераллардан устунликка эгадир. Бу минерал толанинг афзаллик томони – тоғ жинсидан олинганида.
Илмий-техник кенгаш аъзоларининг якдил фикрига кўра, мазкур лойиҳа муаллифларининг тақдимотларида камчиликлар мавжудлиги қайд этилди. Базальтнинг қурилиш соҳаси учун зарур хусусиятларини яратиш технологиясини ишлаб чиқишга қаратилган мега-лойиҳа тайёрлаш бўйича топшириқ берилди.
Ушбу топшириқни бир ой муддатда амалга ошириш учун Қурилиш материаллари технологияларини яратишга қаратилган республика илмий-техникавий кенгаши аъзолари ва бошқа мутахассислардан тузилган ишчи гуруҳ ташкил этилишига келишилди.
«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси
Матбуот хизмати