Жаҳон | 09:40 / 04.11.2020
12243
2 дақиқада ўқилади

Трамп Флоридада, Байден Калифорнияда ғолиб чиқмоқда. Сўнгги маълумотлар

АҚШ президентлиги сайловларида Дональд Трамп муҳим штатлардан бири Флоридада ғолиб бўлди. Бу штат ҳам ғолибни олдиндан айтиш имконсиз бўлган «тебранувчи» штатлар сирасига киради.

The New York Times нашри маълумотига кўра, бюллетенларнинг 94 фоизи ҳисоблаб чиқилган ҳолатда Трамп овозларнинг 51,2 фоизига эга чиқаётгани маълум бўлган, унинг демократ рақиби Жо Байден учун эса — 47,8 фоиз овоз берилган. Трампни Флоридада Байденга қараганда 400 мингдан ортиқ сайловчи қўллаб-қувватлаган.

CNN телеканалининг қайд этишича, Трампнинг Флоридадаги ғалабаси АҚШ президентлигига номзодларнинг иккисида ҳам ғалаба учун тенг имконият борлигини кўрсатмоқда. Сайловолди сўровлари Байден яққол фаворитлигини кўрсатаётганди.

Флорида штатида 26 делегат мавжудлиги ва у ҳеч бир партиянинг таянч нуқтасига айланмагани бу штатни энг муҳим штатлардан бирига айлантирган. Ушбу штатнинг яна бир хусусияти шундан иборатки, 1964 йилдан буён ушбу штатда ғолиб бўлган номзод президентлик сайловларида ҳам ғалаба қозонган.

Тошкент вақти билан соат 9:00да АҚШ ғарбидаги штатларда сайлов участкалари ёпилди. 

CNN ва Fox News телеканаллари маълумотига кўра, Демократик партия номзоди Жо Байден энг кўп делегатга эга бўлмиш Калифорнияда ғолиб чиқиб, 55 овозга эга бўлиши ойдинлашди. Шунингдек, у Вашингтон ва Орегонда ҳам устун келган, Айдаҳо эса Трампни қўллаган.

Калифорния анъанавий равишда Демократик партияга овоз бериб келади, шу туфайли Америка нашрлари ишонч билан Байден бу штатда ғолиб бўлишини айтишмоқда.

Яна бир «тебранувчи» штат — Оҳайода (18 делегат) — Трамп Байденни 4 фоизлик пункт билан ортда қолдирмоқда. Техасда (38 овоз) у уч пунктлик фарқ билан олдинда, Жоржияда эса (16 овоз) — фарқ 12 пункт.

AP’нинг сўнгги прогнозларига кўра, Байден 205, Трамп эса 112 делегат овозига эгалик қилмоқда. Fox News прогнозларига кўра, Байденда сайловчи делегатларнинг 207 овози бор, Трампда - 148. CNN эса демократлар номзодига 192 овоз, амалдаги президентга 114 овоз бермоқда.

Президентликка сайланиш учун номзод камида 270 овоз олиши керак.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид