Ўзбекистон | 17:28 / 10.11.2020
13080
3 дақиқада ўқилади

Меҳнат муҳожирининг пенсияси миқдори у тўлаган ижтимоий солиққа боғлиқ бўлиши маълум қилинди

Меҳнат муҳожирларига хорижда ишлаган даврини ҳам расмий иш стажига қўшиш имконияти берилмоқда. Улар кўпроқ пенсия олишни истаса, кўпроқ ижтимоий солиқ тўлашлари мумкин.

2021 йилдан бошлаб, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилади ва уларга ўз ихтиёрларига кўра чет элда ишлаган даври учун ҳам пенсия ҳисобланиши мумкин. Пенсия ҳисобланишини истаган меҳнат муҳожирлари ижтимоий солиқ (0,5 БҲМ – 111 500 сўм) тўлаб бориши лозим бўлади.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Аброр Холматовнинг сўзларига кўра, меҳнат муҳожири пенсияга чиққанида у оладиган пенсия миқдори тўлаган ижтимоий солиғи миқдорига боғлиқ.

«Пенсия миқдорини фуқаронинг ўзи белгилайди. Агар фуқарога пенсия кўпроқ керак бўлса, пенсия жамғармасига ихтиёрий тарзда кўпроқ ижтимоий солиқларни тўлаган тақдирда, ушбу фуқаронинг пенсияси миқдори ҳам кўпроқ бўлади. Ижтимоий солиқнинг энг кам миқдори белгилаб қўйилган, лекин энг юқори миқдори белгиланмаган. Мисол учун, фуқаро 10 миллион сўм ижтимоий солиқ тўлайдиган бўлса, шу суммадан келиб чиқиб пенсия миқдори белгиланади.

Республика бўйича 3,6 миллиондан ортиқ фуқаро пенсия олади ва 3,6 миллиондан ортиқ пенсия миқдорлари мавжуд. Ҳар бир фуқарога индивидуал ёндашилади: бу фуқаро ҳозир бунча ижтимоий солиқ тўласа, пенсияси қанча бўлади, деган саволга ҳеч қайси мутахассис жавоб бера олмайди, сабаби биринчи навбатда фуқаронинг иш стажи ҳисобланади, ундан келиб чиққан ҳолда тўлаган ижтимоий солиқлари ҳисоб-китоб қилинади», – деди Аброр Холматов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Аброр Холматов

Ўзбекистонда ёшга доир пенсия фуқаронинг ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи миқдорида белгиланади. Аммо бу миқдор ёшга доир энг кам пенсия миқдори (ҳозирда 513 350 сўм)дан кам бўлмаслиги керак.

«Мисол учун, бир фуқаро чет элда, дейлик Россияда ишлаб келди. У (эркак) 25 йиллик иш стажига эга, яъни ижтимоий суғурталанган иш стажи бор. Бундан ташқари, чет элда ишлаган 5 йиллик иш стажи ҳам бор. Пенсия жамғармасига тўланадиган ихтиёрий ижтимоий тўлов суммасининг юқори поғонаси белгиланмаган, минимуми белгиланган. Ками билан бунча тўлайсан, кўпи билан хоҳлаганингча тўлагин, деб қўйганмиз.

Фуқаронинг ўзи учун пенсия кўпроқ керакми? Марҳамат, пулингиз борми, 111 минг сўм эмас, 1 млн сўм тўланг. Албатта, 1 млн сўм тўлаган (чет элда ишлаб келган) фуқаронинг пенсияси билан 111 минг сўм тўлаган фуқаронинг пенсияси фарқли бўлади», – дея тушунтирди Холматов 9 ноябрь кунги матбуот анжуманида.

Мавзуга оид