Иқтисодиёт | 17:41 / 10.11.2020
21384
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва глобаллашув: протекционизм сиёсати нимаси билан хавфли?

Ўзбекистонда олиб борилаётган жиддий иқтисодий ислоҳотларга қарамасдан, кўплаб маҳаллий корхоналар ҳамон халқаро бозорларда рақобатга кириша олишга қодир эмас.

Фото: Shutterstock

Социолог ва журналист Филипп Гажилипо Ўзбекистон нега протекционизм сиёсатига содиқ қолмаслиги кераклиги, глобаллашувнинг моҳияти нималиги, ўзбек бизнесининг хориждаги рақобатбардошлигига таъсир ўтказиши мумкин бўлган уч омил тўғрисида Испаниянинг IE университети профессори, иқтисодий интеграция соҳаси эксперти Фернандо Кортиняс билан суҳбатлашди.

— Келинг, осонидан бошлайлик. Айтайлик, мен замонавий социология, иқтисодиёт ва сиёсатшунослик фанларидан бехабарман, атрофдагилар бот-бот такрорлайверадиган глобализация нима эканлиги тўғрисида ғира-шира тушунчага эгаман. Сиз мендай инсонга, у нима эканлигини қай тарзда имкон қадар лўнда қилиб тушунтирган бўлардингиз?

— Глобализация — бу жаҳонни ягона бозорга айлантирувчи жараён. Лекин бу очиқ бозор бўлмайди. Биз товар, хизматлар ва ҳоказо нарсаларни айирбошлаймиз, лекин бу доимо эркин тарзда амалга оширилишини билдирмайди.

— Унга эркин бўлиши учун нима халақит қилмоқда? Ахир бизга ўргатишларича, бозор ҳам қарийб физика қонунларидек шартсиз асосда яшайди ҳамда бу қонунлар унга очиқ ва эркин бўлиши учун шароит яратади.

— Минглаб, юзлаб йиллар аввал бир неча асосий цивилизациялар ва мамлакатлар бўлган ва уларнинг ҳар бирида қандайдир ўз манфаатлари бор эди. Қоида тариқасида, бу манфаатлар ўзаро кесишмаган. Эндиликда вазият ўзгарган — таъсир зоналари тўқнашмоқда. Бу эса алоҳида мамлакатлар томонидан иттифоқ ва блоклар ташкил этилишига олиб келмоқда. Масалан, NAFTA. Ундан бошқа ҳам иқтисодий бўлган блоклар бор. Улар қандайдир зона билан чегараланиб қолишни исташмаяпти, бироқ бутун дунёни ўз мақсади сифатида кўришни бошлашади.

Глобал таъсир кучи учун рақобат шундай пайдо бўлади, блоклар ичларидан бирортаси жаҳонда етакчи бўлиб олмаслиги учун бир-бирига тўсиқ яратади. Шу сабабли, глобализация ёрдамида капитал алмашинувининг очиқ жараёнлари юз беради, деб айтиш қийин. Парвозлар, уяли алоқа, поп-маданият. Биз истаган жойимизга парвоз қилишимиз мумкин, исталган одам билан исталган вақтда суҳбатлашишимиз мумкин, шу сабабли биз бирлашгандек кўринамиз, лекин бундай эмас. Бизнинг дунё глобал, лекин бир бутун эмас.

— Бироз локал даражага қайтсак: ҳозир бизда бозоримиз қандай бўлиши кераклиги тўғрисида баҳслар кўп. Маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш учун чегараларни ёпиш керакми ёки бозорни радикал тарзда очиб, ривожланиш учун жаҳон тизимига интеграция бўлиб, шокни бошдан кечириш керакми? Умумий қонуниятлар ва бошқа мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, бизга нимани тавсия этган бўлардингиз?

— Биринчидан, Ўзбекистон бозори мамлакатнинг ўзи сингари етарли тарзда кичик. Шу сабабли Хитой, Ҳиндистон ва Россия каби гигантлар билан солиштирганда Ўзбекистонда муҳим бир ньюанс бор — ҳар қандай нарсани ишлаб чиқаришни миқёслаштириш жуда мураккаб. Иккинчидан, технологик ривожланиш нуқтайи назаридан мамлакат қолоқлар сафида, шу сабабли ёпиқ бўлиш — жуда хавфли. Чунки мамлакат ичида маҳсулотларни рақобатбардош қилувчи устунликлар йўқ.

Бир-иккита мисолларга мурожаат қиламиз: Канада ва АҚШ, Австрия ва Германия. Канадада шартли 30 миллион киши яшайди, АҚШда эса 300 миллиондан зиёд, Австрия ва Германия ўртасида фарқ 8 баробар. Ҳар икки ҳолатда ҳам мамлакатлар катта қўшнисига очилиши зарурлигини тушуниб етишган. Бундай очилишда мамлакат ўзининг қандайдир ўзига хослиги ёки сиёсий мустақиллигини йўқотишини англатмайди. Учинчидан, мамлакат денгизга чиқиш йўлига эга ёки эга эмаслигини ҳам ҳисобга олиш зарур. Агар бўлмаса, бу уни автоматик равишда энг камида уни ўраб турган қўшниларига нисбатан очиқ бўлиши керак бўлган вазиятга қўяди, чунки уларсиз денгизга чиқа олмайди — экспорт ва импорт операциялари бусиз қийин.

Қайтараман, протекционизм сиёсатини қўллаб мустақил равишда ривожланишни фақат кучли ички бозорга эга катта ўйинчилар қўллаши мумкин. Агар мамлакатда бу бўлмаса, протекционизм — ҳеч қаёққа элтмайдиган йўл. Ўзбекистон каби мамлакатлар учун энг мақбул стратегия — йирик қўшнилар билан савдо ҳамкорлигини йўлга қўйиш. Аввалига уларга табиий ресурсларни етказиш мумкин. Бу воқеалар ривожининг энг содда варианти. Сўнгра нафақат ресурслар, ишлаб чиқарувчиларингиз ясаётган, қўлда ясалаётган маҳсулотларни экспорт қилиш мумкин. Бу жуда маваффақиятли стратегия бўлиши мумкин, чунки мамлакатингизда қўл меҳнати жуда кўп давлатлардагидан арзон. Бу эса маҳсулот таннархини арзон қилади. Лекин муҳим ньюанс бор — иш кучининг сифати. Бу нафақат завод ва ҳоказоларнинг ишчиларига тааллуқли. Сизларда чиндан ҳам мураккаб ва инновацион маҳсулот ишлаб чиқариш учун билимли кадрлар етарлими?

— Ундай бўлмаса керак. Бизнинг муаммомиз фақат технологиянинг ривожланмаганлигида эмас — биз нафақат Америка ва Европадан, қўшниларимиздан ҳам ортдамиз — айнан билимли кадрлар ва уларга таълим бериши мумкин бўлган инсонларнинг мутлақо етишмаслигида. Бинобарин, бизнинг заиф ва монополлашган бозоримиз ҳамда унинг ўйинчилари кучли компанияларнинг келишига туриб бера олмаслиги хусусидаги хавотирлар асоссиз эмас. Бу ҳолатда нисбатан инсонпарвар интеграция рецепти қандай?

— Жаҳон иқтисодий тизимига қўшилишда иккита ҳолат бўлади: биринчиси — ҳаммаси босқичма-босқич амалга ошиши, интеграция даври 5–10 йилни олиши, бу даврда қандайдир йўл билан маҳаллий гигантлар мудом янги ўйинчилар пайдо бўлишига кўника бориши керак. Иккинчи ҳолат — агар мамлакат очиладиган бўлса соҳаларни дифференциаллаш жуда муҳим, улардан қай бири кучли ва ташқи компаниялар кела бошлашидан фойда чиқаришини тушуниш керак. Шунда халқаро битимларни тузишда сизда кучлироқ позиция, ҳамкорларингизда эса сиздан ўз манфаати йўлида фойдаланиш учун имконият камроқ бўлади. Ҳамкорлигингиз ҳам сиз томонингиздан ишчи кучи ва хомашё етказиш билан чегараланиб қолмасдан, айнан биргаликда ишлаш бўлади.

Жаҳон трендларидан жуда ортда қолиб кетган соҳаларни эса… «йўқотамиз». Қанчалик қайғули кўринмасин, бир соҳа фойда келтириши учун иккинчи бир соҳани қурбон қилишга тўғри келади. Агар бу икки қоидага риоя қилинса, мамлакат мослашув жараёнини қийналмасдан босиб ўтиш имконига эга бўлади.

Лекин бу ерда сиёсий элементни ёддан чиқармаслик керак: айрим соҳалар ўта рақобатбардош бўлиши мумкин, ғарблик ҳамкорлар билан иқтисодиётга кўп фойда келтирадиган нисбатан тенг иттифоқ ташкил этиш мумкин, лекин бу юз бермаётган бўлса — ҳаммани мавжуд ҳолат қониқтираётган бўлади.

— Кўпинча шундай бўлиб чиқяпти ҳам...Сиёсат мавзусини давом эттирар эканмиз, сўрамоқчиман: ҳозир давлат ва умуман олганда сиёсатнинг у ёки бу компаниянинг мамлакат ичкарисида ва ташқарисидаги бозорда муваффақият қозониши учун роли нечоғлик катта?

— Уларнинг роли ҳамон жуда улкан. Глобал бозорга чиқиш ҳақида гапирар экансиз, рол янада ошади — жаҳон миқёсида мамлакат қайси стратегия бўйича ҳаракатланишини айнан ҳукумат ҳал қилади. Бу ерда мамлакат раҳбариятининг ишида учта асосий омил мавжуд:

1. У барқарорликни кафолатлаши керак. Чунки бизнес учун мамлакат раҳбарияти қабул қиладиган қарорлар олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлиши жуда муҳим.

2. Ҳамкорлик форматларининг кўплаб вариантлари ичидан ҳукумат ички бозорга қадам қўяётган мамлакат ёки компаниялар билан мамлакат ривожланиши учун энг оптимал бўлган битимларни танлай билиши лозим. Яъни ўз ишлаб чиқарувчисини қўллаб-қувватлаш, унинг кучли ва ожиз томонларини билиш.

3. Мамлакатдан арзон ишчи кучи ва хомашё манбаси сифатида фойдаланишдек негатив сценарий рўй бермаслиги учун аҳолининг билим даражаси юқори бўлиши учун катта эътибор бериш ва доимо кўмак кўрсатиши жуда муҳим. Мисол тариқасида Эстонияни олиш мумкин. Унинг бозори катта эмас, аҳолиси ҳам кам, хомашёси қарийб йўқ, лекин аҳолиси жуда билимли ва шунинг учун Эстония глобал миқёсда жуда рақобатбардош. Биринчи навбатда IT-хизматлар соҳасида, чунки у ерда юқори малакали дастурчилар жуда кўп. Уларнинг пайдо бўлишига эса таълим даражасининг жуда юқорилиги сабаб бўлган.

Албатта, бу нарсалар кўп вақтни олади, ҳеч ким бир даражадан иккинчисига сакраб ўтиш ҳақида гапирмаяпти. Аввалига бор нарсадан фойдаланиш керак, бунда Испания ва Доминикана тажрибасидан фойдаланса бўлади. Улар иқлими яхши эканлигини тушуниб, туризмни ривожлантиришга пул тикишган. Шундан сўнг таълим ва бошқа соҳаларга инвестиция кирита бошлашди. Қозоғистон ҳам шундай — ҳозир улар нефть қазиб олиб, унинг фойдасидан қандайдир қисмини тўплашмоқда ва ундан кейинчалик аҳоли учун инвестиция сифатида фойдаланиш мумкин.

Айнан шунинг учун давлат ўзи максимал даражада рақобатбардош бўлган асосий секторларни аниқлаштириб олиши керак. Шундан сўнг шу соҳалар, компаниялар, жумладан монополияларни ҳам қўллаб-қувватлаб, улар ички бозорда рақобатдан қўрқмасдан жаҳон бозорига чиқишлари учун субсидиялар бериши лозим. Жанубий Корея ва Японияда кучли компаниялар Honda, Toyota ва Hyundai’ни танлаб, уларни фаол қўллаб-қувватлаб глобал бозорга очилганда шундай йўл тутишган.

— Суҳбатимизга якун ясасак: глобализациянинг катта ўйинидаги кичик мамлакатнинг омадли қартаси — ўзининг уникаллиги ва устун тарафларини назарда тутадиган, жаҳон трендлари ва бозор чақириқларини пухта ўрганган ҳолда аҳолининг билим даражасини ошириш ва босқичма-босқич интеграцияни қамраб оладиган мамлакат даражасидаги мақсадли ёндашув бўлиб чиқмоқда. Шундагина мамлакат аслида эришмаслиги ҳам мумкин бўлган фаровонликка эришади. Бу эса бир қараганда парадоксдек кўринади, глобаллашув қарамликни кучайтирар экан, лекин бу қарамлик муваффақиятга эришиш имкониятларини оширади. Агар аввал мамлакатлар қўшнилар билан минимум даражада алоқа қилиб, маҳаллий даражада кун кечириб ривожланган бўлса, ҳозир доимо формада бўлиш, мажбурий-ихтиёрий равишда жаҳон пойгасида иштирок этишга тўғри келмоқда. Агар бу муваффақиятли тарзда амалга оширилса, Финландия ва Сингапур каби кескин ўзиш ва мисли кўрилмаган натижаларга эришиш мумкин.

— Сиз ҳақсиз. Бу глобал ўйин учун, жумладан, ҳамкорларни қандай қилиб тўғри танлаш ҳам бош масала бўлиб турибди. Интеграция шарофати билан ҳаттоки алоҳида ресурсларга эга бўлмаган кичик давлатлар ҳам «керакли қарта»ни суғуриб олиб, ундан тўғри фойдаланиб, жуда муваффақиятли бўлиши ва янги даражага чиқиш имкониятига эга бўлишади. Бу маънода Ўзбекистоннинг олдида мураккаб танлов турибди. Чунки тарихий хотира бор, постсовет блок, Россия билан алоқалар мавжуд, катта авлод айнан мана шу йўналишда ҳаракат қилишни кўпроқ истайди. Лекин қудратли Хитой ҳам борки, унинг ўзи минтақага секин-аста кириб келмоқда. Эҳтимол, янги авлод Россиядан кўра Хитойга яқинроқ бўлишни истаб қолиши ҳам мумкин.

Мавзуга оид