Жаҳон | 08:30 / 10.11.2020
40865
5 дақиқада ўқилади

Қорабоғдаги урушни тўхтатиш тўғрисида баёнот имзоланди, Ереванда тартибсизликлар бошланди

Арманистон, Озарбойжон ва Россия раҳбарлари Тоғли Қорабоғда уруш тугаганлигини эълон қилишди. Ереван тан олинмаган республиканинг бир қисмини, шунингдек, бир нечта туманларни Бокуга беришга рози бўлди. Арманистон пойтахтида норозилик намойишлари ва тартибсизликлар бошланди.

Фото: AP

Арманистон, Озарбойжон ва Россия Тоғли Қорабоғда тинчлик ўрнатиш тўғрисида битим имзолади. Унда Россия тинчликпарвар кучларини киритиш ва Тоғли Қорабоғ ҳудудининг бир қисми, шу жумладан Шуша шаҳрини Озарбойжонга бериш кўзда тутилган.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев тунда халққа мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, тинчликпарвар кучлар нафақат Россиядан, балки Туркиядан ҳам бўлади. Эълон қилинган келишув матнида Туркия ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Битимнинг имзоланиши Арманистонда норозиликларга сабаб бўлди. Тинчлик ҳақидаги келишувга қарши бўлганлар мамлакат ҳукумат биносини эгаллаб олди. Арманистон парламенти спикери намойишлар пайтида калтакланди.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян тўғридан тўғри эфирда бундан бошқа иложи йўқлигини маълум қилди. У Еревандаги тартибсизликлар иштирокчиларини жавобгарликка тортишга ваъда берди.

Нима содир бўлди

10 ноябрга ўтар кечаси Арманистон, Озарбойжон ва Россия раҳбарлари Тоғли Қорабоғда уруш тугаганлигини эълон қилишди. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларида томонлар имзолаган битимнинг 9та банди матни пайдо бўлди. 

Битим нимани англатади 

Келишувнинг биринчи бандида 10 ноябрь куни ярим тундан бошлаб Тоғли Қорабоғ можароси зонасида тўлиқ сулҳ ва барча жанговар ҳаракатлар тўхтатилиши айтилган. Озарбойжон ва Арманистон эгаллаб турган позициясида тўхтайди. 

Иккинчи ва олтинчи бандларда Келбажар тумани, Ағдам тумани ва Озарбойжоннинг Газах туманида Арманистон томони эгаллаб турган ҳудудлар, шунингдек, Лочин тумани, тегишлича, 2020 йил 15 ноябрь, 20 ноябрь ва 1 декабргача Озарбойжонга қайтарилиши кераклиги айтилган. Арманистон Тоғли Қорабоғ билан алоқани таъминлайдиган 5 километр кенгликдаги Лочин йўлагини олади. Шунингдек, ушбу йўлак «Шуша шаҳрига таъсир қилмайди» деб таъкидланган. 

Учинчи, тўртинчи ва бешинчи бандлар - Россиянинг 1960 нафар қуролли тинчликпарвар кучлари, 90та зирҳли транспортёр, 380та автомобиль ва махсус техникани ўзаро алоқа линияси бўйлаб киритиш тўғрисида келишув. 

Тинчликпарварларнинг қолиш муддати кейинги 5 йиллик муддатларга автоматик узайтириш билан 5 йилни ташкил этади. Томонлар тегишли муддат тугашидан 6 ой олдин ушбу қоидани қўллашни бекор қилиш ҳақида эълон қилиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, сулҳ режимини кузатиш учун тинчликни сақлаш маркази ташкил этилади. 

Келишув жамоатчиликка эълон қилингандан сўнг, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев бу Россия-Туркия қўшма тинчликпарварлик миссияси бўлишини айтди, аммо битим матнида Туркиянинг иштироки ҳақида сўз юритилмаган.

Еттинчи банд қочқинларга тааллуқлидир - улар Тоғли Қорабоғ ҳудудига ва унга қўшни ҳудудларга БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссари бошқармаси назорати остида қайтиб келишади. Саккизинчи бандда «ҳарбий асирлар, ҳибсга олинган бошқа шахслар ва ҳалок бўлганлар жасадлари алмашинуви» мавжуд. 

Тўққизинчи бандда «минтақадаги барча иқтисодий ва транспорт алоқалари» йўлга қўйилиши керак. Арманистон Озарбойжон ва Нахичеван анклави ўртасида транспорт алоқаларини таъминлаш мажбуриятини олади. Транспорт қатнови устидан назоратни Россия чегарачилари амалга ошириши керак. Бундан ташқари, томонларнинг келишувига биноан, Нахичеванни Озарбойжон ғарбий минтақалари билан боғлайдиган янги транспорт коммуникациялари қурилиши таъминланади. 

Шу тариқа, Ереван Озарбойжонга бир нечта туманларни ва Тоғли Қорабоғнинг бир қисми, шу жумладан унинг маданий пойтахти Шуша шаҳрини беришга рози бўлди. Қарорни уч киши қабул қилди: Никол Пашинян, Арманистон Бош штаби бошлиғи Оник Гаспарян ва Тоғли Қорабоғ президенти Арайик Арутюнян.

Ереван аҳолиси воқеани қандай қабул қилди

Келишув матни ижтимоий тармоқларда эълон қилиниши билан бир вақтда Никол Пашинян Facebook’да пост қолдирди. « Мен бу қарорни ҳарбий вазиятни чуқур таҳлил қилиб ва ундан яхши хабардор бўлган одамларнинг баҳолашларига кўра қабул қилдим. Шунингдек, қарорим ҳозир пайдо бўлган вазиятда бу мавжуд энг яхши ечим эканлигига асосланган. Буларнинг барчаси ҳақида яқин кунларда батафсил гапириб бераман», деб ёзган у. 

Келишув матни ва Пашиняннинг сўзлари Ереванда норозилик намойишлари келтириб чиқарди. Бир неча юзлаб намойишчилар ҳукумат биноси яқинидаги марказий майдонга йиғилди. Маҳаллий вақт билан тунги соат 2:30лар атрофида бир гуруҳ фуқаролар ҳукумат биносига бостириб кириб, мажлислар залини эгаллаб олди. Тахминан соат 3:30да Никол Пашинян Facebook’да жонли эфирга чиқди. У бошқа иложи йўқлигини ва ҳозирча Озарбойжон билан тинчлик битими имзоланишига нима сабаб бўлганини очиқлай олмаслигини айтди.

Мавзуга оид